05.08.2014

ЯШНАГАН ЮРТ, ҲАЁТИДАН РОЗИ ОДАМЛАР

Зиёвиддин МАНСУРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ­депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорда мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш устувор йўналиш сифатида алоҳида қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам мамлакатимиз собиқ иттифоқнинг энг қолоқ ўлкасидан бугунги кунга келиб ҳар томонлама ривожланаётган замонавий мамлакатга айланди. Энг қувонарлиси, бу ютуқлар хал­қаро рейтинг агентликлари, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам тан олинмоқда.

Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти буюртмасига асосан тайёрланган «Бахт маърузаси»даги қуйидаги далилнинг ўзиёқ юқоридаги фикрга яққол исбот бўлса ажабмас. Унда дунё­нинг 156 та давлатидаги ислоҳотлар ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тақсимоти, умр кўриш давомийлиги, қарорлар қабул қилишда эркинликнинг қадрланиши, қўшни мамлакатларга ўзаро ёрдам бериш муҳитининг қарор топганлиги сингари 6 та муҳим йўналишда баҳоланган. Мазкур кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон дунёдаги юзга яқин давлатдан энг юқори ўринларда қайд этилган. Бу эътироф ҳаммамизни мамнун қилади, албатта.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози қатор етакчи давлатларни ўз домига тортиб, унинг поёни ҳали бери кўринмай турган бир пайтда мустақил Ўзбекистонимиз камдан-кам давлатлар қаторида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш кўрсаткичи бўйича 8 фоиздан кам бўлмаган натижага эришмоқда. 2013 йил якунлари бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8, қишлоқ хўжалиги 6,8, чакана савдо айланмаси 14,8 фоиз ўсишига эришилди.

Собиқ шўролар тузуми бутун умри давомида қишлоқни шаҳарга тенглаштирамиз, деб, қишлоқни вайрон қилиб, унинг аҳлини томорқасидан, ҳатто боғ-роғларидан жудо қилиб, каталак уйларга тиқишдан бошқага ярамади.

Мана энди эса Истиқлол шарофати билан шаҳар ва қишлоқларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ замонавий қишлоқлар қад ростлаб, шаҳарликлар ҳам қишлоқларимизда ­бунёд этилаётган намунавий лойи­ҳалар асосидаги уйларда яшашни орзу қилмоқда. Шаҳарларимиздаги ландшафт архитектураси, қишлоқларимиздаги шаҳарсозлик меъморий қиёфалари хорижлик сайёҳларни ҳам ром этаётгани бугунги кунда равшан ҳақиқат.

Бугун, айниқса, кўпни кўрган, оқ-қорани таниган нуронийлар тинч ва осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимиз ҳақида шукроналик билан тўлқинланиб гапиришмоқда.

— Учта тузумни кўрдим, — деганди сайловчилар билан бўлган учрашувларнинг бирида тўрақўр­ғонлик 106 ёшни қоралаган мўйсафид отахон. — Подшо замонида умрим қўш-омоч ортида, собиқ шўролар замонида кетмон ортида ўтди. Азондан хуфтонгача дала кезиб, на бирим икки бўлди, на ёқам, на косам оқарди. Мана, мустақиллик даври келди-ю, кўксимга шабада тегиб, қилган меҳнатларим қадр топди. Ота-онам учун армон бўлиб қолган ҳаж зиёратига бориш насиб этди. Президентимиз мени «Шуҳрат» медали билан тақдирлади. Буларнинг барчаси учун, албатта, шукрона айтаман. Умримдан, ҳаётимдан розиман...

— Қишлоғимизда 25 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди Тўрақўрғон тумани Бураматут қишлоғида яшовчи кўп­ни кўрган отахон Абдуназар Деҳқонов.­ — Аммо бизда биронта ишсиз кишининг ўзи йўқ. Қимирлаган одам борки, фойдали меҳнат билан банд. Айниқса, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун биз каби қишлоқ аҳолисининг оғирини енгил қилишда катта имкониятлар яратди. Томорқа хўжалиги, ўз томорқасидан фойдаланиш бобида қишлоғимиз аҳли «устаси фаранг» бўлиб кетди. Мана шу «Тошкент» гилосининг ўзидан қишлоғимиздаги аксарият хонадонларнинг олди 30 миллион, орти 5 миллион сўмдан даромад қиляпти. Шу боис ҳам бирон кишининг томор­қаси бўш турмайди. Қишлоғимиздаги замонавий уйлар, деярли ҳар бир хонадонга қурилган ҳашаматли дарвозалардан кириб чиқаётган ўзимизнинг автомобиллар, ўтказилаётган тўйлар — ҳамма-ҳаммаси мустақиллигимиз самараси.

Ўзбекистонимиз собиқ тузум даврида энг оқсаган юртдан мус­тақилликнинг қисқа даври мобайнида гуллаб-яшнаган мамлакатга айлангани, буни хал­қаро экспертлар ҳам эътироф этаётгани ҳар биримизни қувонтиради, ғурурлантиради ва албатта, янги марраларга ил­ҳомлантиради.

Хўш, биздан нима талаб қилинади? Аввало, ана шундай осо­йишта ва фаровон кунларнинг қадрига етиб, эртанги кунимизнинг бугунгидан-да яхши бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Шунда обод кунларимиз бизни янада улуғ мақсадларга чорлайверади.



DB query error.
Please try later.