05.08.2014

ПАСТДАРҒОМДА ЎЗГАРИШЛАР КАТТА

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида бири-биридан ортиқ ўзгаришлар, янгиланишлар бўлганини ҳеч ким инкор этолмайди. Ким бунга озгина шубҳа қилаётган бўлса, Самарқандга келсин, Пастдар­ғом туманида бўлсин, ҳаммасини ўз кўзи билан кўради, тан беради.

Ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатидан нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам етакчи туманлардан бири бўлган Пастдарғом мус­тақиллик йилларида мисли кўрилмаган даражада чирой очди. Қайси соҳани олманг, катта-катта ютуқлар, ўзгаришларни кўрасиз. Мисол тариқасида қишлоқларда аҳоли учун намунавий лойиҳа асосида уй-жой қуриш ишларига эътибор қаратайлик. Кейинги йиллар мобайнида 400 та ана шундай уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса яна 130 та хонадон намунавий лойиҳадаги замонавий уй-жойларга кўчиб ўтади.  

— Истиқлол йилларида туманимиз маркази — Жума шаҳри қиёфаси бутунлай ўзгарди, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман кенгаши раиси Ҳусниддин Шарипов. – Кўримсиз ҳолга келиб қолган маданий-маиший, таълим ва тиббиёт бинолари ўрнида замонавий иншоотлар қад ростлади. Ўтган уч-тўрт йилда шаҳар туманнинг инвестиция дастурига киритилиб, бош лойиҳа асосида батамом қайта реконструкция қилинди. Жумладан, Самарқанд кўчасидаги 1300 метрлик йўл энига 24 метр­га кенгайтирилди. Ҳамид Олимжон ва Султон Ўрдашев номли кўчаларда ҳам шундай ишлар амалга оширилди. «Ёшлик» истироҳат боғи тўлиқ қайта қурилиб, унда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Барча қулайликларга эга муҳташам «Ёшлар маркази» биноси қад ростлади. Эндиликда бу ерда туман ёшлари учун ҳунар ва тил ўрганиш, спорт билан шуғулланиш имконияти юзага келди. Мусиқали ва рангли фавворалар барпо этилди. Бундай ишларнинг амалга оширилишида тумандаги ХДП аъзоларининг муносиб ҳиссаси борлиги биз учун ғоят қувончлидир.

Равон кўчалар, улар атрофидаги кўркам маъмурий, маданий-маиший хизмат бинолари, шифохона, савдо мажмуалари шаҳар кўркига кўрк қўшди. Қайта қурилган «Пахтакор» стадиони, амалий ва тасвирий санъат лицейи, 32-болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш авлоднинг соғлом, маънан етук камол топишига хизмат қилмоқда. Бир эмас, тўртта бозор аҳоли учун қулай жойда барпо этилди. Дастлаб озиқ-овқат, буюм, мол бозорлари янгидан қурилди. Жорий йилдан эса улар ёнида қурилиш моллари савдо мажмуаси ҳам иш бошлади.

Бешқаҳрамон, Торариқ, Санчиқул, Сарибош, Анҳор қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ичимлик суви иншоотлари фойдаланишга топширилди. Тумандаги 1-мактабда спорт зали барпо этилди, 70, 92, 112-умумтаълим мактаблари, туман тиббиёт бирлашмаси, бир қанча қишлоқ врачлик пунктларида катта ҳажмдаги реконструкция, капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шаҳарда болалар сув спорти ҳавзаси қурилиши бошлаб юборилгани ҳам қувончли воқеадир.

Кейинги йилларда Пастдар­ғомда саноат ривожланди, қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан ютуқларга эришилди. Айни пайтда туманда 893 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 472 та аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Ўтган йилнинг ўзида 6110 та янги иш ўрни яратилди. 2014 йилнинг дастлабки олти ойида саноатни ривожлантириш ҳудудий дастури доирасида қиймати 4 миллиард 844 миллион сўмга тенг 7 та лойиҳа амалга оширилди.

Бугунги кунда фермер хўжаликларидан ташқари мингдан кўпроқ кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Улар саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, транспорт, алоқа, қурилиш ва бошқа соҳаларда иш олиб бораяпти. Бундай ижобий ҳолат, шубҳасиз, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига, аҳоли даромадининг кўпайишига замин яратмоқда. Хориж сармоясини жалб этаётганлар, экспорт­га чиқаётган тадбиркорлар сони ҳам йил сайин ошиб бора­япти.

2013-2015 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дас­турига асосан 18 та лойиҳа бўйича 13,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя ўзлаштирилиши режалаштирилган эди. Мавжуд имкониятлар ҳисобга олиниб, ушбу лойиҳаларга қўшимча равишда 2013-2016 йилларга мўлжалланган яна 21 та лойиҳа қўшимча равишда ишлаб чиқилди. Ана шу лойиҳалар қиймати 8,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, янгидан барпо этиладиган 21 та корхонада саноат ва қурилиш моллари ишлаб чиқаришга замин яратилади.

Бу маълумотлар Пастдар­ғомдаги ўзгаришлардан бир шингил, холос. Энг муҳими, ўзгаришларни нафақат бун­ёдкорлик ишларида, аввало, одамлар қалбида англайсиз. Ҳа, бугун туман аҳли Ватан манфаати, эл-юрт фаровонлиги билан боғлиқ орзу-ниятлар билан тўлиб яшамоқда, меҳнат қилмоқда. Бундай туйғулар, ҳаракатлар натижалари эса амалдаги ишларда яққол намоён бўлиб турибди.

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.