02.08.2014

САЙЛОВЧИ ИШОНЧИНИ ҚОЗОНИШ АМАЛИЙ ИШЛАРИМИЗГА БОҒЛИҚ

Сиёсий партиянинг жамиятдаги нуфузи ва роли унинг аҳоли манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётгани, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганига қараб белгиланади.

Шу маънода Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу масала хусусида сўз кетганда, аввало, бошланғич партия ташкилотларининг ўрнини алоҳида таъкидлаш керак, деб ўйлайман. Чунки улар аҳоли билан доимий алоқада, уларнинг фикр-мулоҳазалари, ташвишларидан хабардор бўлади. Шу боис қуйи бўғинда салоҳиятли, изланувчан, сиёсий-ҳуқуқий билими юқори етакчилар сафини кўпайтириш, уларнинг тажрибасини мунтазам ошириб бориш лозим.

Бу йўналишдаги яна бир муҳим жиҳат партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури ижроси ҳисобланади. Барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмалари дастурда кўзда тутилган вазифаларни тўлақонли бажаришга ҳаракат қилмоқда.

Хусусан, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш мақсадида ўтган йили 15 та масалани сессиялар муҳокамасига олиб чиқди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан 2, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари ташаббуси билан эса 13 масала сессияларда кўрилди. Жорий йилда мазкур сессия қарорлари ижроси партия гуруҳлари томонидан доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.

2014 йилнинг ўтган даври мобайнида эса халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 15 дан ортиқ масала таҳлилий ўрганилди. Шундан 15 таси тегишли доимий комиссиялар мажлисларида, 2 таси халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида муҳокама этилган.

Партия гуруҳлари томонидан ўрганилаётган ҳар бир масала ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, кам даромадли, ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини ташкил этиш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Партия ташкилотлари ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирда ёшлар банд­лиги билан боғлиқ масалалар кенг ­муҳокама этилмоқда. Мисол учун, ­Музработ туман ҳамда Термиз шаҳар партия кенгашлари томонидан ўтказилган форумларда касб-ҳунар коллежларининг кўплаб битирувчилари ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди. Бизнес лойиҳалари истиқболли деб топилган битирувчиларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг устувор йўналишлари ижроси юзасидан партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари режа асосида иш олиб бормоқда. Чекка ҳудудларда аҳолининг тиббий мадания­тини ошириш, оилада соғ­лом турмуш тарзини шакллантириш, болаларни спортга жалб этиш масалаларида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни амалий ишлар билан белгиланади. Бугунги одамлар кечаги одамлар эмас. Баландпарвоз гаплар билан ишонч қозониб бўлмайди. Бошқача айтганда, сайловчилар ишончини қозониш, уларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш кўп жиҳатдан ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал қилиш, электорат манфаатларини таъминлаш йўлида аниқ натижага эришишга боғлиқ.

Муҳаббат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.