02.08.2014

ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ

аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига боғлиқ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ватанимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган маърифий тадбир ўтказди. Унда мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни хусусида фикр алмашилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбе­кис­тон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан давлат ва жамият бош­қарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш, соғ­лом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди. Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг бу борада олиб бораётган тарғибот ишлари ҳақида сўз юритди.

Гулшан АСАДОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Юртбошимизнинг «Аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ролини кўтариш давлатчилигимизнинг устувор ва асосий йўналишларидан биридир» деган даъватининг ўзи юртимизда аёлларга ғамхўрликнинг юксак ифодасидир. Мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар уларнинг жамиятдаги фаоллиги оши­шига хизмат қилмоқда. Партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти ҳам хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сураяпти. Мисол учун, «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги мавжуд корхона ва ташкилотларнинг касаначилик меҳнатини ташкил этишдаги имконият ва эҳтиёжи ўрганилиб, маҳаллаларда иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг 300 нафаридан ортиғини иш билан таъминлашга ва имтиёзли кредитлар олиб беришга эришилди.

«Соғлом бола — соғ­лом оилада камол топади» лойиҳаси доирасида республикамиз бўйича 300 дан ортиқ амалий тадбир ташкил этилиб, маҳаллий ва ҳудудий партия кенгашлари депутатларини жалб қилган ҳолда хотин-қизлар, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ўрганиш юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Эътиборли жиҳати шундаки, лойиҳа доирасида жойларда хотин-қизларга оид муаммолар партия гуруҳлари билан биргаликда ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли ташкилотларга 31 та депутатлик сўрови юборилди, 16 та масала депутатлик гуруҳлари, 7 та масала доимий комиссия ва 5 та масала сессияларда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулнора МАЪРУФОВА, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари:

— Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар этиб турадиган аёл зотига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Ватанимизнинг энг олий ва шарафли мукофоти — «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига 13 нафар аёл муяссар бўлганидан ҳам кўришимиз мумкин. Дарҳақиқат, опа-сингилларимиз ана шундай юксак мукофотларга муносиб меҳнат қилишмоқда. Айрим мисолларга эътибор қаратайлик. Мустақиллик йилларида хотин-қизларимиз томонидан 478 та докторлик, 4 мингга яқин номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди, 7 нафар академик аёл турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 10 июндаги Фармони асосида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти ва унинг соҳибалари, уларнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари алоҳида эътирофга лойиқ. Дарҳақиқат, бугунги кунда 196 нафар истеъдодли қиз аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларидаги ютуқлари учун ана шу юксак мукофот билан тақдирланди.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оилада, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб туради. Бу юксак ишончни оқлаш биз, аёлларнинг асосий вазифамиз ва бурчимиз бўлиб қолади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Комила Каромова, ­Ҳафиза Каримова ва Зиёвуддин Мансуровлар хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари, қонунларимиз мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳа­қида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Мус­тақиллик йилларида имзоланган 200 дан ортиқ конвенция ва битимларнинг аксарияти хотин-қизлар, болалар, ёшлар манфаатига қаратилганини алоҳида таъкидлашди. Ўзбекис­тон тарихи Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова тарихда номи қолган ўзбек аёллари ҳақида гапирди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг Тошкент шаҳар ва унинг таркибидаги туман кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, «Фаол аёллар» қаноти етакчилари, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари иштирок эт­ди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.