02.08.2014

ФИНЛЯНДИЯ: АҲОЛИ САЙЛОВЛАРДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАДИ

чунки унинг натижаси мамлакатнинг эртанги куни қандай бўлишини ҳал қилади

Шимолий Европада жойлашган Финляндия Республикасида дастлабки сиёсий партиялар XVII асрнинг охирларида шаклланган. Бугунги кунда эса мамлакатда кўппартиявийлик тизими амал қилиб, 15 га яқин сиёсий партия фаолият кўрсатади. Эдускунте, яъни Финляндия парламенти 1905 йилда ташкил топган. У бир палатали бўлиб, 200 нафар депутатдан иборат.

Финляндия парламенти давлат кенгашини тузиш, мамлакат бюджетини қабул қилиш ҳамда ташқи сиёсатни олиб боришда муҳим роль ўйнайди. Депутатлар эса шахсан ўзи ёки партия номидан қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга.

Финляндия парламентига сўнгги сайловлар 2011 йилда ўтказилган эди. Унга кўра, олтита сиёсий партия парламентда депутатлик ўринларига эга бўлди. Ушбу мамлакатда яққол етакчи партияни ажратиб кўрсатиш қийин. Шу боис кўпинча партиялар парламентда коалиция тузишга мажбур бўлишади.

Мамлакат қонунчилигида сиёсий партиялар фаолияти учун кенг имконият берилган. Сиёсий партия сифатида рўйхатдан ўтиш учун тегишли устав, кафолатланган ташкилий тузилма ҳамда фуқароларнинг беш минг овози йиғилиши кифоя қилади. Агар бирон-бир сиёсий партия кетма-кет иккита сайловда парламентда бирорта ўринга эга бўлолмаса, у ҳолда қайта рўйхатдан ўтиши зарур. Яна бир қизиқ ҳолат шундаки, 2012 йил 29 мартда Финляндия қонунчилигига киритилган ўзгартишга кўра, мамлакатда яшаётган хорижликлар ҳам партия тузиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мамлакатдаги етакчи сиёсий кучлардан бири Финляндия Социал-демократик пар­тиясидир. У 1899 йилда ташкил этилган бўлиб, бой тарихга эга. Мамлакат ривожланиши ҳамда бугунги тараққиётга эришишида партиянинг катта ҳиссаси бор. Парламентга бўлган сўнгги сайловда мазкур партия 42 депутатлик мандатини қўлга киритиб, иккинчи натижани қайд этди.

Социал-демократларга 2008-2014 йилларда етакчилик қилган Ютта Урпилайнен партия тарихидаги биринчи аёл раҳбар эди. Унинг фаолияти давомида партия ҳаё­тида катта ўзгаришлар юз бермади. Партиянинг 2014 йил 9 майда ўтказилган нав­батдаги съездида Антти ­Ринне янги етакчи этиб сайланди. Кўплаб сиёсий таҳлилчилар бу партия фаолиятида янги даврнинг бошланиши, дея эътироф этишмоқда. ­Антти Ринненинг айтишича, партия унинг етакчилигида иқтисодий ислоҳотлар ҳамда бандлик масаласига жиддий эътибор қаратади.

Финляндия коалицион партияси эса парламентда 44 ўринни, яъни энг кўп жойни қўлга киритди. Бу партия асосан консерватизм ғоялари учун курашади. Ушбу партияга 2014 йил июнидан бошлаб Александр Стубб етакчилик қилмоқда. Ҳозирда партиянинг 41 минг нафардан ортиқ аъзоси мавжуд.

Сўнгги сайловда энг кўп депутатлик ўрнини қўлга киритган сиёсий кучлардан яна бири — Ҳақиқий финлар партиясидир. Парламентда 39 ўринга эга бўлган бу партия 1995 йилда ташкил этилган. У асосан миллий манфаатлар, қадриятлар учун кураш олиб боради.

Финляндия сиёсий майдонида мазкур партия асосан меҳнаткашлар манфаати, ижтимоий тенглик тамойиллари учун курашади. Сайловолди кампанияси даврида барча инсонлар учун тенг ҳаёт даражасини таъминлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш ғояларини илгари сурди.

Шунингдек, партия сиёсатида пенсия ва стипендиялар миқдорини ошириш, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари бериш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масаласига кенг эътибор қаратилган.

Партияга 1997 йилдан бери Тимо Сойни етакчилик қилиб келмоқда. У 2006 йилда ўтказилган президентлик сайловида ўз номзодини қўйган эди. Бироқ сайловларнинг биринчи туридаёқ мағлубиятини тан олишига тўғри келди. Шундай бўлса-да, унинг мамлакат сиёсий майдонидаги обрўси юқори.

Финляндия парламент республикаси бўлгани учун ҳам ушбу давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётида парламентдан муносиб ўрин олган сиёсий партиялар ҳал қилувчи овозга эга. Уларнинг фаолияти кўп жиҳатдан давлатнинг ривожланиш стратегияси, аҳо­лининг турмуш даражаси, иқтисодий тараққиётни белгилаб беради. Шу боис Финляндия аҳолиси партиялар ҳаёти, сиёсий жараёнлар, айниқса, сайловларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилади.

Нурали ПИРИМҚУЛОВ



DB query error.
Please try later.