Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.08.2014

ЖИЗЗАХ МИЗ: ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОНЛИК САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

Ҳаётда шундай воқеалар бўладики, уларнинг аҳамияти, моҳияти вақт ўтиши билан тобора ёрқинроқ, теранроқ намоён бўлаверади. Президентимизнинг фармони билан қурилиши бошланган «Жиззах» махсус индус­триал зонаси том маънода вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш сари қўйилган муҳим қадам бўлди.

— Фармонга мувофиқ «Жиззах» махсус индустриал зонаси Жиззах шаҳрининг саноат ҳудудида 364 гектар ҳамда унинг филиали сифатида қўшни Сирдарё вилоятида 108 гектар майдонни ўз ичига олган, — дейди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Жиззах вилоят ҳудудий бош­қармаси бошлиғи Алишер Қодиров.

— Мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит, махсус индустриал зона иштирокчилари учун берилаётган кенг қамровли имтиёз ва афзалликлар биринчи галда хорижлик сармоядорларни қизиқтириши табиий. Буни ўтган йилнинг 2-4 июль кунлари мамлакатимиз пойтахтида «Жиззах» махсус индустриал зона — хитойлик компаниялар учун қулай инвестицион имконият» мавзусида ўтказилган бизнес-форум ҳамда 27-29 ноябрь кунлари ўтказилган яна бир анжуман натижаларидан ҳам билиш мумкин. Уларда енгил саноат, автомобиль саноати, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш назарда тутилган бир қатор келишув битимлари имзоланди. Айни кунларда ушбу лойиҳаларнинг рўёби юзасидан амалий ишларга киришилган ва булар яқин йиллар ичида вилоятнинг саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий салоҳияти юксалишида намоён бўлади.

Бугунгача махсус индустриал зона таркибига кирувчи корхоналардан биттаси ишга туширилди. Яна битта лойиҳа бўйича ишлар охирлаб қолди. Импорт ўрнини босувчи ва экспорт­га йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган корхонада 100 та иш ўрни яратилди.

— Жорий йил охирига қадар инвесторларимизнинг саъй-ҳаракатлари ва бизнинг кўмагимиз билан умумий қиймати 37 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 10 та истиқболли лойиҳанинг 2 тасида ишлар якунига етади, — дейди «Жиззах» махсус индустриал зона дирекцияси» давлат унитар корхонаси директори Алижон АБДУЛЛАЕВ. — Натижада яна 120 та қўшимча иш ўрни пайдо бўлади. Демак, шаҳримиз ёшларидан шунчаси яхши даромадли барқарор иш билан таъминланади.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 1 июлдаги «2013-2015 йилларда «Жиззах» махсус индустриал зонасининг транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бос­қичма-босқич амалга оширил­япти. Мазкур қарор доирасида 2013-2015 йилларда 29,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳозиргача ҳудуднинг 12 ва 4 километр узунликдаги ички автомобиль йўллари реконструкция қи­линди, бир километр узунликда янги йўл қурилди. Шу билан бирга, МИЗ ҳудудидаги корхоналар тасарруфидаги ички темир йўл шохобчалари мукаммал таъмирдан чиқарилди, 50 метрлик масофада янги рельслар ётқизилди. Ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 3 километр узунликда янги сув қувурлари ўрнатиш, 2 та артезиан қудуқлари қазиш ва 1 тасини қайта таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилган. МИЗ ҳудудидан ўтувчи «Қўр­ғонтепа» каналини тозалаш ҳамда таъмирлаш якунланяпти. Янги корхоналарда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш учун «Саноат-1» нимстанциясида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Яқинда Хитойда чоп этилган нуфузли «Жэньминг Жибао» газетасида «Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар чуқурлашмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада қайд этилишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламдаги имтиёзлар, афзаллик ва кафолатлар тизими яратилган. Буни Хитойнинг етакчи фирма ва компаниялари вакилларининг «Жиззах» махсус индустриал зонасига уюштирган сафари доирасида ушбу ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти, ишбилармонлар учун яратилган имкониятлар, инфратузилмадаги қулайликлар, хом ашё базаси ҳақидаги эътирофларидан ҳам билса бўлади. Улар ҳудудда кимё саноати, қурилиш материаллари ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, электротехника, озиқ-овқат ва енгил саноат, чарм, пойабзал, фармацевтика каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Хитойдаги марказий нашрлардан бирининг бундай эътирофи ҳаммага, ҳар доим ҳам айтилавермаслиги ҳақида ўйлайдиган бўлсак, МИЗнинг аҳамияти, ҳудудни ривожлантиришдаги ўрнини янада равшанроқ англагандай бўламиз.

Бундан бор-йўғи икки-уч йил олдин бу ҳудуд кимсасиз ва файзсиз эди. «Жиззах» МИЗ ҳудудига бугун борган киши кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларининг гувоҳига айланади.

Махсус индустриал зона билан боғлиқ ишлар узоқни кўзлаб қилинмоқда. Бу ишлар ниҳоясига етгач вилоятнинг саноат салоҳияти сезиларли даражада ошади, иқтисодиётда кескин ижобий ўзгаришлар кузатилади. Кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Бу, ўз нав­батида, одамларнинг ҳаёт тарзи, турмушидаги ўзгаришларда ўз ифодасини топади.

Шу кунларда вилоят маркази — Жиззах шаҳрида бўла-ётган янгилик ва янгиланишлар, қурилишлару ободончилик ишлари унинг эртаси янада обод ва файзли бўлишидан далолат беряпти. Шаҳар чинакам кўркам қиёфа касб этмоқда. Марказий кўчалар кенгайтирилиб, замонавий иншоотлар ва шинам турар-жой бинолари қад ростлаяпти. «Кўк бозор», «Эски шаҳар буюм ва деҳқон», «Кимёгар» эҳтиёт қисм­лар бозорлари бутунлай янгича, замонавий шаҳарсозлик кўринишига эга бўлаётир. Айни пайтда Алишер Навоий кўчаси бўйлаб беш ярим гектарга яқин майдонни эгаллаган замонавий спорт мажмуаси қуриляпти. Жаҳон андозаларига мос мазкур мажмуа ҳудудидан ўн минг ўринли стадион, бассейн, теннис корти, бошқа ёрдамчи бинолар жой олади. Мажмуа атрофида каштан, эман, япон сафораси каби ҳудуднинг табиий-иқлим шароитига мос манзарали дарахт­лар экилган замонавий хиёбон ва аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари, гулзорлар, фавворалар барпо этилади.

— Вилоятимизда бўлаётган бундай эзгу ишлар, қувончли ўзгаришлар, барчамизни ғу­рур­лантирмоқда, — дейди ЎзХДП фаоли, меҳнат фахрийси Маматқул ИНОМОВ. — Эртанги кунга ишончимизни ошир­моқда, олижаноб мақсадлар билан ёниб яшашга ундамоқда. Бир ҳақиқат ҳаммага беш қўлдек аён. Бугунги Жиззах кечаги Жиззах эмас. Кеча каттароқ бир йўл ёки бино қуриш учун қанчалаб елиб-югуришга, кимларгадир ялиниб-ёлворишга тўғри келар эди. Бугун ҳуқуқ ўзимизда, маблағ ўзимизда, қарорни ҳам ўзимиз чиқарамиз. Буларнинг барчаси Мустақиллик берган имкониятлар, албатта...

Партиямиз фаолининг бу фикрлари бутун вилоят аҳлининг дил сўзлари ифодаси десак, ҳеч ҳам муболаға бўл­майди.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.