31.07.2014

ИНСОН ДУНЁГА БИР МАРТА КЕЛАДИ

Ўз қадр-қимматини билиб, муносиб яшаш муқаддас бурчдир

Бугунги кунда одам савдоси дунё халқларини жиддий ташвишга солаётган кескин ижтимоий-сиёсий муаммолардан биридир. Зеро, у ҳудуд ва чегара танламайди. БМТ маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 3 миллионга яқин киши одам савдоси жинояти қурбонига айланмоқда. Ачинарлиси, жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Айрим кишиларнинг ишонувчанлиги, етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги бу жиноят қурбонлари сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда «Камолот» ЁИҲ ҳамкорлигида «Одам савдосига қарши курашишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги иштироки» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда одам савдосига қарши курашиш борасида юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг ижросини таъминлаш ишларида партиянинг муносиб иштирок этиши борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Рустам КОМИЛОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Одам савдоси нафақат бир киши, бир оила, балки бутун бир жамият ҳаётига катта ижтимоий хавф туғдирадиган жиноятдир. Унга қарши самарали кураш олиб боришда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6 та асосий халқаро шартнома иштирокчисидир. Мамлакатимизда бу борада мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари аҳоли, айниқса, ёшларни инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига хавф солаётган бу каби иллатлардан огоҳ этадиган тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб келмоқда.

Жорий йилнинг шу даврига қадар мазкур масалаларда 50 га яқин давра суҳбати уюштирилди, уларда 4 минг нафардан зиёд аҳоли вакили, асосан ёшлар иштирок этди. Партия тизимида мунтазам ўтказиб келинаётган «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида ҳам маҳаллаларда истиқомат қилувчи фуқаролар, хотин-қизлар ҳамда ёшлар ўртасида «Одам савдосининг замонавий шакллари ва оқибатлари» мавзусида давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, «Биз одам савдоси ва турли диний экстремистик оқимларга қаршимиз» номли акцияларда ёшлар фаол иштирок этди.

Таҳлиллар натижалари кўрсатаяптики, одам савдосидан асосан мустақил фикри шаклланмаган ёшлар азият чекмоқда. Шунинг учун бу масалада тегишли чора-тадбирлар кў­риш, таклифлар тайёрлаш бизнинг устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади.

Элмира БОСИТХОНОВА, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси:

— Мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг миллий тизими яратилган, қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Президентимизнинг «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, Вазирлар Маҳкамасининг «Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация Марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, одам савдосига оид Конвенцияга Ўзбекистоннинг қўшилиши, шу билан бирга мамлакатимиз парламенти томонидан бошқа қўшимча ҳужжатлар имзолангани, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилингани, энг муҳими, 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида илк бор одам савдоси жинояти учун жиноий жавобгарлик белгилангани, қолаверса, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун бу йўлдаги фаолиятимизнинг янада самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида одам савдосининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосини бир қанча омиллар келтириб чиқаради. Оилавий муҳитнинг носоғломлиги, ҳуқуқий билим етарли эмаслиги, ирода бўшлиги, ўта соддалик, мўмай пул топишга ўчлик каби сабаблар билан одамлар алданиб қолмоқда.

Жойларда учраб турган шу каби камчиликларни бартараф этиш, одам савдоси жиноятларини содир этишга шароит яратадиган омилларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар қўмитаси кўплаб давра суҳбатлари, семинарлар, савол-жавоб кечалари, учрашувлар ўтказаяпти. Ўтган олти ой давомида одам савдосидан жабр­ланган бир гуруҳ хотин-қизга психологик, тиббий, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ва маслаҳатлар берилди, ижтимоий ёрдам кўрсатилди, касб-ҳунар ўргатилди, бандлиги таъминланди. Аммо бу ишлар етарли эмас. Айниқса, бу борадаги тарғибот-ташвиқотни янада кенг кўламда олиб боришимиз талаб этилади.

Бахтиёр ИБРОҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бош­­­­­қармаси прокурори:

— Одам савдоси бир ёки икки шахс томонидан эмас, балки уюшган гуруҳлар томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта мамлакат ҳудудида содир этилади. Шу сабабли ҳам бу глобал аҳамиятга эга муаммодир. Демак, унга қарши курашиш ҳам битта ёки иккита идоранинг иши эмас. Бу жиноятга қарши тизимли иш олиб бориш, энг аввало, фуқароларнинг ўзи огоҳ бўлиши, одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёрдам бериши зарур.

Хорижда ишлашнинг қонуний асослари ҳамда одам савдосига қарши курашнинг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш мақсадида «Одам савдоси — давр муаммоси» тарғибот лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгиланган эди. Шу мақсадда 13 нафар масъул ходимдан иборат Ишчи гуруҳи тасдиқланди. Республика бўйича жами 305 та тар­ғиботчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга 3000 нафарга яқин масъул шахс жалб этилди.

Бундан ташқари, одам савдосидан огоҳ этувчи «Огоҳ бўлинг, қулликка рози бўл­манг!» каби мавзуларда тарқатма материаллар, кўргазмали тарғибот воситалари тайёрлаш ва тарқатиш, мавзуга оид баннерлар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, бу саъй-ҳаракатлар ўзининг юқори натижасини бериши учун албатта бутун жамият, давлат идоралари бир бўлиб, бу жиноятга қарши курашни изчил олиб бориши зарур.

Аҳмаджон ҲОКИМБОЕВ, ЎзХДП Бўстонлиқ туман кенгаши раиси ўринбосари:

— ЎзХДП ташкилотлари ҳам мазкур иллатнинг сабаблари ва оқибатларини аҳоли ўртасида кенг тушунтиришга қаратилган тадбирларни изчил ўтказиб келмоқда. Бунда, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг хабардорлик даражасини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз бу борада кўпроқ маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ишлашга ҳаракат қилаяпмиз. Юртимизда ишлайман деганга иш етарли. Фақат ҳалол меҳнат, сабр-қаноат кишига бахт келтириши мумкинлигини тарғиб қилаяпмиз. Ҳудудлардаги партия ташкилотлари, депутатлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борса, кўп фалокатларнинг олди олинади.

Шоҳида ХАЙРУЛЛАЕВА,

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги «Шараф» маҳалла фуқаролар йиғини котибаси, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг Сайловолди дас­турида ёшлар жамиятда ўз ўрнини топиши борасида қатор вазифаларни белгилаган. Зеро, ёшлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар яратиб бериш ва улар бандлигини таъминлаш турли иллатларнинг олдини олишда муҳим воситалардандир.

Тадбирда, шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Авезов, «Камолот» ЁИҲ Марказий кенгаши бўлим мудири Илёс Раҳимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конференция якунида одам савдосига қарши курашишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорликдаги фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди. Инсон ҳаётга бир марта келади. Ўз қадр-қимматини билиб, муносиб яшаш муқаддас бурчдир. Одам савдоси нафақат олий ҳуқуқларни поймол этади, балки инсоннинг ғурури, ор-номусига дахл қилади. Буни тушунган одам ҳеч қачон унинг тузоғига илиниб қолмайди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.