31.07.2014

МИКРОМОЛИЯВИЙ ХИЗМАТЛАР

аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд, кам даромадли қатлами манфаатларига хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимиз учун фаровон турмуш тарзини таъминлаш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш орқали тараққий топган мамлакатлар қаторидан ўрин олишдан иборат. Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма уч йилида ана шу эзгу мақсад йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Йилдан-йилга ялпи ички маҳсулот ҳажмининг сезиларли суръатларда ўсиб бораётгани, давлат бюджети даромадлари харажатлардан ошириб ижро қилинаётгани, ижтимоий соҳани молиялаштиришга устуворлик берилаётгани, иқтисодиёт, унинг тармоқлари ва реал секторнинг изчил ривожланиб бораётганини хорижий мамлакатлар экспертлари ҳам эътироф этмоқда.

Мустақиллик йилларида, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ибратли тажриба сифатида баҳоланмоқда. Дар­ҳақиқат, бу борада амалга оширилаётган ишлар миллий анъаналаримиз ва умуминсоний қадриятларга асосланиб олиб борилмоқда. Қонунчилик асослари ҳам мустаҳкамланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2006 йилда қабул қилинган «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни аҳолининг ўз мустақил ишини йўлга қўймоқчи бўлган қатламининг молиявий маблағлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди.

Мазкур қонун Ўзбекистон ХДП электорати манфаатларига ҳар томонлама жавоб берувчи ҳу­қуқий ҳужжатлардан ҳисобланади. Чунки микромолиявий хизматлар замирида ижтимоий ҳимоя тамойили мужассам. Жаҳон амалиётида ҳам микромолиялаш, микрокредит орқали аксарият ҳолларда кам таъминланган, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд кишиларга банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш орқали уларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Партиямиз электорати вакиллари, хусусан, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бу қонун яратган ҳуқуқий асослардан фойдаланиб, ўз ишини йўлга қўйиб, бар­қарор даромад манбаига эга бўлаётгани қонуннинг ижтимоий аҳамияти нақадар катта эканини кўрсатиб турибди. Натижада аҳолининг ижтимоий фаоллиги куча­йиб, ўз ишини очишга интилиши йилдан-йилга ошиб бориши микромолиявий хизматлар кўр­сатишни янада юқори босқичга кўтаришни талаб этади. Бу, ўз навбатида, банклар ушбу соҳага йўналтираётган кредитлар салмоғини йилдан-йилга кўпайтиришини тақозо қилади.

Кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 1,3 баробарга кўпайиб, 2014 йилнинг 1 июль ҳолатига 4,8 трлн.сўмдан ортди. Шу жумладан, микрокредитлар ҳажми 1 трлн.сўмдан ошиб, бу кўрсаткич ҳам 2013 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 баробарга ўсди. Тижорат банклари томонидан хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кредитлар миқдори 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 1,6 баробардан кўп бўлиб, 2014 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига 521 млрд. сўмни ташкил этди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес режалари ва иқтисодий ташаббусларини молиявий жиҳатдан қўл­лаб-қувватлаш масалаларига кат­та эътибор берилиб, уларга ажратилган микрокредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга ўсиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 76,8 млрд. сўмни ҳосил қилди.

Шу жиҳатдан таъкидлаш керакки, микромолиявий хизматдан фойдаланувчилар нафақат ўз бизнесини ривожлантириш истагида бўлганлар, балки уй-томорқа хўжалиги, касаначилик ёки ҳунарманд­чиликни йўлга қў­йиш учун молиявий маблағга эҳтиёж сезган кам таъминланган аҳоли қатлами, ёшлар, хотин-қизлар экани қайд этилмоқда. Кредитнинг ижтимоий қатламлар манфаатини қўллаб-қувватлашга қаратилиши унинг ижтимоий функцияси, ижтимоий аҳамияти ошганлигидан дарак беради. Бу эса Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларида ўз ифодасини топган бозор муносабатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини янада ривожлантиришга оид партия позицияси амалга ошишига замин яратади.

Бугунги кунда юксак ривожланган банк-молия тизимига эга бўлган ва аҳолисини микрокредитларга муҳтож эмас, деб ўз иқтисодий сиёсатини юритиб келган Европа Иттифоқи давлатлари жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирини чеклаш мақсадида энди ўз аҳолисига микрокредитлар бериш тизимини кенг жорий қилмоқда. Ўзбекистонда эса 85 та филиали, 175 та мини-банки, шохобчаларига эга бўлган махсус «Микрокредитбанк» бир неча йилдан бери самарали фаолият кўрсатмоқда.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 12-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун микромолиялаш тизимини янада такомиллаштиришга замин яратади. Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан мижознинг кредит олиш учун берган буюртмасини кўриб чиқиш муддати ва жараёнларини соддалаштириш ҳам­да аҳолининг кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга оид вазифалар кўзда тутилган эди. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг кредит олиш учун банкка берган буюрт­масини қисқа муддатлар ичида кўриб чиқиб, унга кредитлар ажратиш жараёнларини тезлаштириш мақсадида мижознинг кредит олишга доир аризасини банк томонидан кўриб чиқиш муддати амалдаги ўн иш кунидан уч иш кунига қисқартирилмоқда.

Микромолиявий хизматлар тизимининг такомиллашуви, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, Ўзбекистон ХДП электорати бўлган кам даромадли, оилавий тадбиркорлик фаолияти ёки ўз ишини бошлашга хоҳиши бўлган, лекин молиявий ресурслари етарли бўлмаган аҳоли қатламининг молиявий маблағларга бўлган эҳтиёжини тезкор қондиришга қаратилган. Иккинчидан, кредит олиш учун берилган буюртмани қисқа муддатда кўриб чиқиб, уни кредит билан таъминлаш фуқароларимизда иқтисодий ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш ва уларнинг ўз ишига қизиқиши ортишига олиб келади. Учинчидан, аҳолини микромолиявий ресурслар билан қисқа муддатда қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари янада кенгаяди. Шунингдек, кредит буюртмасини кўриб чиқиш муддатининг қисқартирилиши электорат вакилларининг қимматли вақтини тежайди ҳамда аҳолига тез ва соддалаштирилган тизимда микромолиявий хизматлар кўрсатиш одамлар турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Қонунга киритилаётган мазкур ўзгартиш партиямиз электорати бўлган кам таминланган аҳоли, аёллар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг микромолиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришга, уларнинг даромадлари ҳамда турмуш фаровонлиги ошишига ва албатта, иқтисодиётимизнинг бар­қарор юксалишига ҳисса қўшади.

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.



DB query error.
Please try later.