31.07.2014

НАМАНГАН — СПОРТ ШАҲРИ, ЧЕМПИОНЛАР ШАҲРИ

Ҳар гулнинг ўз номи бор, ҳар гўшанинг ўз гулзори. Аммо Наманганни бежизга «Гуллар шаҳри» деб аташмаган. Гул —гўзаллик, гул — покизалик, ободлик ва меҳр-муҳаббат рамзидир. Ҳар йили энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик куни арафасида Наманганда «Гул байрами» ўтказиш анъанага айланган. Бундай ўзига хос анъана мустақиллик йилларида батамом ўзгарди, янгича мазмун билан сайқалланди. Бир яхшилик шарофати ўн ҳикматга зийнатдир, деганларидек, истиқлолнинг ҳаётбахш насимлари Ўзбекистон аталмиш чаманзорнинг «Гуллар шаҳри»га янги сифат, янги мақом берди.

Бугун Наманган нафақат гуллар шаҳри, балки спорт шаҳри, спорт мусобақалари шаҳри сифатида эътироф этилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта.

Бундан йигирма уч йил олдин Намангандаги катта-ю кичик спорт иншоотлари бармоқ билан санарли даражада эди. Уларнинг ҳам аксарияти номига спорт зали ёки стадион ҳисобланарди, бирортаси халқаро талабларга жавоб бермасди. Халқаро турнирлар нари турсин, республика миқёсида ҳам тузукроқ мусобақа ўтказилмасди.

Мустақиллик йилларида барча соҳалар қатори спортда ҳам беқиёс юксалишларга эришилди. Юз йилда қилинмаган ишлар амалга оширилди. Истиқлолнинг дастлабки ўн йилида, аниқроғи 1991-2000 йиллар оралиғида вилоятда 12 та ўйингоҳ, 100 дан ортиқ футбол майдони барпо этилгани бунинг яққол тасдиғидир. Хусусан, Наманган туманининг Тошбулоқ шаҳарчасидаги 15000 ўринли, Тўра­қўрғондаги 5000 ўринли, Янгиқўрғондаги марказий «Пахтакор» ўйингоҳлари ва ўнлаб оддий футбол майдонлари спортни ривожлантиришга, соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Вилоят ҳудудида шу кеча-кундузда 24 та ўйингоҳ, 769 та спорт зали, 19 та сузиш ҳавзаси, 568 баскетбол, 766 та волейбол, 368 та қўл тўпи, 600 дан ошиқ кичик футбол майдонлари, 102 та теннис корти, велотрек, ипподром, 41 та сунъий қопламали футбол майдонлари мунтазам ишлаб турибди. Мавжуд 8529 та спорт секциясининг 6719 таси қишлоқ жойларидадир. Маълумотларда қайд этилишича, қишлоқ жойларидаги спорт секцияси ва бўлимларида шуғулланаётганларнинг 64991 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Вилоятдаги жами 43 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, «Дўстлик» теннис мажмуи, «Паҳлавон», «Динамо», «Алпомиш», «Соғлом авлод», «Ёшлик», «Баркамол авлод» спорт мажмуалари, «Дельфин» сузиш ҳавзаси каби замонавий спорт иншоотларини келиб кўринг ёки кўз ўнгингизга келтиринг, ўшанда Наманган чиндан ҳам спорт шаҳри эканига иқрор бўласиз. Шу ўринда ўйлаб кўрайлик, Ўзбекистонимиз мустақил бўлмаганида бу иншоотларни қуришга ким рухсат берарди, ким маблағ берарди?..

Президентимизнинг Наманганга ҳар бир ташрифи вилоятда катта бунёдкорлик ишлари бошланишига асос бўлди. Наманган шаҳри ва вилоятни ҳар томонлама ривожлантиришнинг аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Айниқса, Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий ин­фратузилмасини ривожлантириш тўғрисидаги қарори билан вилоят марказида катта ҳажмда ободончилик ишлари амалга оширилди. «Наманган халқаро аэропорти», «Фарғона ҳалқа йўли»нинг шаҳар марказидаги қисми, «Яшил деҳқон бозори», вилоят Ёшлар маркази, Бобур шоҳ кўчасида қад тиклаган ўзига хос меъморий уйғунликдаги манзаралар таровати Наманганни чин маънода водий гавҳарига айлантирди.

Вилоятнинг шаҳар ва туман ҳудудларида намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар, кўркам ва обод гўшалар барпо этиш яна давом эттирилмоқда. Энг улуғ ва энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги нишонланадиган умумхалқ байрамига тўёна сифатида ўнлаб янги гузарлар, тиббиёт ва таълим муассасалари, ихчам ва замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш объектлари, санъат кошоналарини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, спорт иншоотларини кўпайтириш, қишлоқ жойларида ҳам турли спорт клублари, замонавий мини ўйингоҳлар барпо этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда шахмат бўйича Осиё чемпионати ва жаҳон чемпионатига, футбол бўйича Осиё чемпионати ва кубоги саралаш мусобақаларига, теннис бўйича анъанавий «Вилоят ҳокимининг сов­рини учун» 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги, «Буюк ипак йўли», «Саттелит», «Фьючерс» каби катталар ўртасидаги халқаро турнирларига, қўйингчи, спортнинг дзю-до, бокс, каратэ, чим устида хоккей, қўл тўпи, акробатика, сув полоси, аёллар футболи, велоспорт турларидан ўтказилган халқаро мусобақаларга Наманган мезбонлик қилди.

Спорт моддий-техника базаси мустаҳкамланаётгани, ёшлар ўртасида оммавийлашиб бораётгани туфайли наманганлик йигит-қизлар халқаро мусобақаларда катта ғалабаларни қўлга киритишмоқда.

Стол тенниси бўйича Севара Қодированинг 1999 йилда Швецияда ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида эришган ғалабаси, ёзги биатлон бўйича Европа очиқ чемпионатида Муҳаббат Кандакованинг зафар қучиши, от спорти бўйича Умид Комилов, Сергей Шмелёв, дзю-до бўйича спорт устаси Аюб Камалов, боксчи Тўлашбой Дониёров каби спортчилар Осиё ва Жаҳон чемпионатларида ғолиб ва сов­риндорлар сафидан ўрин олиб келаётгани Наманганда спортни ривожлантиришга берилаётган эътиборнинг натижасидир. Шахматчи Ольга Соннинг 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлгани, Темур Сулеймановнинг халқаро бокс мусобақаларидаги ғалабалари Наманган чин маънода спорт шаҳрига айланиб бораётганини тасдиқлайди. Шахмат бўйича Халқаро гросс­мейстер Саи­дали Йўлдошев Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида, каратэчи Бобур Юнусов Венг­рияда ўтган Жаҳон кубоги мусобақаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга эришдилар.

— Вилоятимизда 30 дан ортиқ спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар ташкил этилган, — дейди вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон Мирзабоев. — Федерация ва ассоциациялар томонидан ташкил этилаётган мусобақалар спортнинг аҳоли ўртасида янада оммалашувига асос бўлмоқда. Ўтган йили вилоят бўйича 358 та спорт мусобақалари ўтказилган бўлиб, уларда 444 568 нафар спортчи иштирок этди.

Бугун энг чекка туманларда ҳам спорт мактаблари барпо этилмоқда, турли мусобақаларни ўтказиш анъанага айланмоқда.

Янгиқўрғон туманининг Поромон қишлоғи вилоят марказидан 100 километр олисда, Қирғизистон билан чегарадош Ўнғор тоғи ўнгирида жойлашган. Қишлоқда ўтказиладиган «Миллий халқ ўйинлари» спорт фестивали миллатлараро дўстлик ва биродарликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

— Меҳнат фаолиятимни 1980 йилдан бошлаганман, — дейди қишлоқдаги 31-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби катта мураббийи, ЎзХДП аъзоси Каримжон Абдураҳмонов. — Мустақиллик боис қишлоқ муаллимларига ҳам эътибор кучайди. Ҳар йили 5-6 нафар шогирдим турли нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлмоқда. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекис­тон чемпиони. 2005 йилда «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирлангандим. 2013 йили Президентимиз Фармони билан «Эл-юрт ҳурмати» орденига муносиб топилдим. Албатта, бу сийловлар кучимга-куч қўшмоқда. «Соғлом бола йили»нинг ўтган даврида яна тўрт шогирдим Ўзбекистон чемпиони бўлди. Уларни рағбатлантириб боришда партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти доим ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Дарҳақиқат, «Истиқбол» ёшлар қаноти ва «Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан маҳаллаларда «Биз спортни севамиз» шиори остида оилавий мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Камолот» ЁИҲ вилоят бўлимлари, хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда уюштирилаётган бу мусобақалар ёшлар, айниқса, хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Она тили ва адабиёти фани ўқитувчисиман. Фар­зандларимни тўғри тарбиялашни ташкил этишда спортга таяндим. Катта қизим Садоқат Тошкент Давлат Жаҳон тиллари университетида таҳсил олади, стол теннисидан маҳоратли спортчи. Кичик қизим Музайя­на ўн карра Ўзбекистон чемпиони, 8 марта халқаро турнирлар ғолиби. Ўтган йили эришган муваффақиятлари туфайли Наманган Давлат университетининг Жисмоний тарбия ва спорт факультетига имтиёзли равишда қабул қилинди.

 Соғлом бола йили Наманган спорт ҳаётида унутилмас воқеаларга бой бўлмоқда. Улардан бири «Баркамол авлод» спорт ўйинлари республика босқичи Наманганда ўтказилгани бўлди. Мазкур спорт байрамига ҳозирлик жараёнида Наманган яна обод бўлди, яна кўркамлашди, спорт саройлари таъмирланди, янгилари барпо этилди. 22 минг ўринли «Навбаҳор» марказий ўйингоҳи жаҳон андозаларига тўла мос келадиган даражага келтирилди. Бир пайтнинг ўзида спортнинг 14 тури бўйича мусобақалар ўтказиш шароитига эга «Баркамол авлод» спорт мажмуаси кўрган кўзни қувонтиради.

Уйчи туманининг Жийдакапа қишлоғида, Чортоқ туманининг аҳоли дам олиш ва маданият марказида, Косонсойда, Янгиқўрғонда, Поп туманининг олис Чоркесар қишлоғида, қўйингки, энг чекка қишлоқларда ҳам спортга эътибор тубдан юксалган, — дейди ЎзХДП фаоли, фахрий педагог Хосият Маматова. Президентимиз ёшлар ўртасида спортни кенг оммалаштиришга бунчалик катта эътибор қаратаётгани бежиз эмас, албатта. Спорт — тинчлик, спорт — дўстлик, спорт — соғлиқ, бир сўз билан айтганда, комиллик калитидир.

Машҳур футболчи Одил Аҳмедов билан ҳамқишлоқ эканини фахр билан тилга оларкан, ЎзХДП фаоли, меҳнат фахрийси Абдуғаффор Холмирзаев шундай деди:

— Бизнинг ёшлигимиз қандай ўтганини ҳозирги ёшларга яратилган шароитлар билан қиёсласак, тўғриси, «эссиз болалигим, ёшлигим», деб хўрлиги келади кишининг. Қора меҳнатдан бошимиз чиқмаган. Спорт билан шуғулланишга ҳеч қандай шароит бўлмаган. Копток ўйнайдиган, кураш тушадиган майдон қақроқ ер бўлган...

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти сов­риндори Шоҳиста Рашидова эса спортга бўлган меҳр-муҳаббатини шеър қилиб айтади:

Сен бор жойда соғлик бор, олам жаҳон шодлик бор, жаранглаган ёшлик бор, спорт!

Бу туйғу бугун ҳар бир наманганлик йигит-қиз қалбида жўш урмоқда. Одамлар ҳам спортнинг сеҳри, куч-қудрати, фарзандлари ва ўзлари тақдиридаги ўрнини тобора чуқурроқ ҳис этишмоқда. Бу — ҳаётдаги ўзгаришларнинг одамлар онги-тафаккуридаги акс-садосидир.

 Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.