31.07.2014

CЕВСАНГИЗ, АВВАЛ ШУ ВАТАННИ СЕВИНГ...

Кимлардир кафтида гул ушлаб юрар,

Кимлардир қўлида палахмон тоши.

Чайқалиб турганда дунё гулдираб,

Юртнинг пойидадир йигитнинг боши.

Севсангиз, аввал шу Ватанни севинг,

Сўнг шаҳло кўзу гулбаданни севинг!..

Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида бўлиб ўтган Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика кўрик-танловининг вазирлик миқёсидаги якуний бос­қичида ИИВ Ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган ва 1-ўринга лойиқ кўрилган қўшиқ ана шундай сатр­лар билан бошланади.

Танловда Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Қурбонов анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов Ватанни севиш, асраб-авайлаш, мустақилликни қадрлаш ҳисси билан йўғрилган, мазмунан теран қўшиқлар яратишни қўллаб-қувватлаш, уларни халқимизнинг маънавий мулкига айлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини таъкидлади.

— Танловда 30 нафардан ортиқ ички ишлар ходими қатнашди, — дейди Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси ўринбосари Ҳабибулла Раҳимов. — Ҳақиқатан ҳам улар орасида қўшиқ айтадиган, куй басталайдиган, шеър ёзадиган истеъдодлар борлиги кишини қувонтиради. Ҳакамлар ҳайъати уларни баҳолашда шеър матнига, қўшиқнинг куйи ва ижрочилик маҳоратига эътибор қаратди.

Байрамона дастур ҳар йилгидан ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Залда йиғилганлар хонандаларнинг она-юртимизни тараннум этувчи куй-қўшиқларига жўр бўлди.

— Танлов иштирокчилари аслида санъаткор бўлмаса-да, Ватан ҳақидаги қўшиқларни чин дилдан ижро этишга ҳаракат қилди, — дейди Ички ишлар вазирлиги Ашула ва рақс ансамблининг бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев. — Улар Истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, тўкин ва фаровон ҳаёт, тинч­лигимизни куйлашди. Уларнинг орасидан энг сараларини танлаб, мустақиллик байрами концерт дас­турларига тақдим этишни режалаштирганмиз.

Дилтортар қўшиқлари билан кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган ИИВ Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг қувончи ва ҳаяжони эса чексиз.

— Ватан ҳақида қўшиқ куйлашнинг масъулияти катта, — дейди гуруҳ ижрочиси Умиджон Қаноатов. — Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф шеъри билан айтиладиган ушбу тарона устида узоқ вақт ишладик. Танловда ғолиб бўлганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Келгусида бундан-да гўзал қўшиқлар яратишга ҳаракат қиламиз...

Шуни таъкидлаш керакки, ушбу танлов натижасида Ватанни мадҳ этувчи ўнлаб янги қўшиқлар дунёга келди. Энг муҳими, бу каби мусиқий асарлар эшитувчи қалбида ватанпарварлик туйғуларини кучайтиради, Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этишга чорлайди. Бундай қўшиқлар, айниқса, ички ишлар ходимларини янада дадил ва жасур, ўз касбига садоқатли бўлишга ундайди.

 Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.