26.07.2014

ВАТАННИ ШАРАФЛАШ САОДАТИ

2014 йилнинг 12 июнь — 13 июль кунлари Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов иштирок этиб, ­Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга, халқимизнинг куч-қудрати ва салоҳиятини намоён этишга муносиб ҳисса қўшди.

Нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган ҳамюртларимиз эл-юртимиз ардоғида бўлиб, улар муносиб рағбатлантирилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.

Пойтахтимиздаги «Олимпия шон-шуҳрати» музейида 25 июль куни халқаро тоифадаги ҳакамни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда ФИФА рефериси Равшан Эрматовга Ватанимизнинг юксак мукофоти — «Эл-юрт ҳурмати» ордени ҳамда Президентимиз совғаси — «Malibu» автомобили тантанали равишда топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало инсон манфаатлари, халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёбига хизмат қилмоқда. ­Айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ўзининг юксак самараларини бераётир.

Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган ­Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, ­Беруний, Ибн Сино, Амир ­Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси тикланди, улар бугунги кунда авлодларнинг тафаккурида, онгу шуурида, хислатларию фазилатларида намоён бўлмоқда.

Соҳибқирон Амир Темур салтанатида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган «Куч — адолатдадир» шиорининг ҳаётимиздан чуқур жой олгани, ҳар қандай шароитда адолат, ҳалоллик, ватанпарварлик, олижаноблик ва бағрикенглик билан иш тутиш ўзбек ўғлони ­Равшан Эрматов сиймосида бутун дунёга яна бир бор намоён бўлди.

— Камтарона меҳнатларимни Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаган Президентимизга чексиз миннатдорлик изҳор этаман. Бундай эътибор ва ғамхўрлик келгусида янада юксак марралар сари рағбатлантиради, — дейди ­Равшан Эрматов. Жаҳон чемпионатида биз не-не улуғ алломаю мутафаккирларга бешик бўлган буюк юрт фарзандлари эканимизни, биз ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва кам бўлмаслигимизни исботлашни мақсад қилгандик ва бу эзгу мақсадимизга етишганимиздан хурсандмиз. Учрашувларни хатосиз бошқаришимизда халқимиз, миллионлаб ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ишончини оқлаш масъулияти бизга катта куч-ғайрат бағишлади.

Бразилияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатини миллиардлаб мухлислар томоша қилди. Улар орасида сайёрамизнинг барча минтақалари вакиллари бор. Улар мусобақани «Ўзбекистонлик ҳакам ­Равшан Эрматов бошқаради», деган сўзларни турли тилларда эшитди. Демак, улар яна бир карра Ўзбекистон, ўзбек халқи ҳақида маълумотга эга бўлди. Иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат ҳамда бошқа соҳаларда дунёга донг таратаётган жонажон Ватанимиз спортнинг энг оммавий тури бўлган футбол соҳасида ҳам жаҳон узра шуҳрат қозонди. Зеро, футбол ўйнаш қанчалар оғир, машаққатли бўлса, унга ҳакамлик қилиш, боз устига жаҳон чемпионати ўйинларига ҳакамлик қилиш, дунёнинг манаман деган жамоаларининг футболчиларини бошқариш, уларнинг ҳар бир ҳаракатига вақтида, бехато, адолатли баҳо бериш — қарор чиқариш шунчалар қийин ва масъулиятлидир. Ана шундай ўта оғир масъулиятни ўзбек ўғлони шараф билан бажаргани ҳаммамизнинг қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради.

Энди айтинг, агар юртимиз мустақил бўлмаганида, Президентимиз томонидан спортга, спортчиларга шунчалар эътибор қаратилмаганида бундай ютуқлар бўлармиди?! Тасаввур ҳам қилиб бўлмасди! Бир пайтлар бизга менсимай, паст назар билан қараганлар энди «Ўзбекистон ҳакамлар мактабидан ўрганиш керак», деб ёзмоқда. Демак, тан олишга, эътироф этишга мажбур бўлмоқда. Демак, ҳақиқат, адолат қарор топмоқда. Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта.

Р.Эрматов футбол бўйича деярли барча нуфузли мусобақаларни — 2007 ва 2009 йилларда ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчиликлари, 2008 ва 2011 йилларда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари финали, 2010 йилги жаҳон чемпионати, 2011 йилги Осиё кубоги финали, 2012 йили ХХХ ёзги Олимпия ўйинларининг футбол учрашувлари, 2013 йилда эса Бразилияда ўтган конфедерациялар кубоги баҳсларини бошқарган.

Унинг 2010 йили Жанубий ­Африка Республикаси ва жорий йилда Бразилияда ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатларида кетма-кет иштирок этиши ўзбек футболининг, бутун Ўзбекистон спортининг улкан ютуғи бўлди. 2010 йилги мундиалнинг очилиш маросими ва яна тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёнинг манаман деган давлатларига Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён эта олди.

Президентимиз Ислом ­Каримовнинг 2010 йил 20 июлдаги Фармонига мувофиқ ўзбек футболининг шуҳратини жаҳонга танитиш, халқаро майдонда унинг нуфузини юксалтиришда ибрат ва намуна кўрсатгани, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Равшан Эрматов «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

Р.Эрматов Осиёнинг «Энг яхши ҳакам» номинациясида кетма-кет тўрт маротаба ғолиб бўлган қитъамиздаги биринчи ва ҳозирча ягона футбол ҳакамидир. Халқаро футбол уюшмалари федерацияси уни 2011 йилда жаҳоннинг энг яхши ҳаками, деб эътироф этди. Мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни одилона ва юқори савияда бошқариб келаётган ҳамюртимиз 2013 йил якунлари бўйича ҳам дунёнинг энг кучли ҳакамлари рейтингининг юқори поғоналаридан жой олди.

Тадбирда ўзбек ҳакамининг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги ва Президентимиз Ислом Каримов томонидан спортни, хусусан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси экани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ёшларимизнинг ўз ақл-заковати, истеъдодини тўла намоён этиши, маҳоратини муттасил ошириб бориши, юксак маънавиятли, баркамол инсонлар сифатида камолга етиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Бунинг самарасида юртимизнинг барча ҳудудларида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, миллионлар ўйини — футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бераётир. Президентимизнинг 2006 йил 1 майдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва 2011 йил 19 январдаги «2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ўзбек футболи тараққиётини янги босқичга кўтарди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар футболи тубдан ислоҳ қилинди. Футбол бўйича болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослашган мактаб-интернатлари ва футбол академиялари фаолият кўрсатмоқда, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий футбол стадионлари барпо этилмоқда, мавжудлари қайта реконструкция қилинмоқда, халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилишга қодир футболчиларни тарбиялаш, малакали мураббий ва ҳакамлар тайёрлашни янада кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай эътибор ва ғам­хўрлик самарасида ўзбек футболи катта ютуқларга эришди. Ўтган йиллар давомида ёш футболчиларимиз Мексика, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон каби давлатларда ўтказилган жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этди, Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг «Fair Play» (ҳалол ўйин) соврини билан тақдирланди.

ФИФА рефериси Равшан ­Эрматовнинг кетма-кет иккита жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилгани ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.

Бразилия майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионатида Европадан тўққизта, Жанубий Америкадан бешта, Осиёдан тўртта, Африка ва Шимолий Америкадан учтадан, Океания минтақасидан битта ҳакамлар бри­гадаси иштирок этди. Равшан ­Эрматов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Болтиқбўйи мамлакатлари вакиллари орасида ушбу жаҳон чемпионатига жалб этилган ягона бош ҳакам бўлди.

Нуфузли мусобақада Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси жами тўртта учрашувни — гуруҳ босқичида Швейцария — Эквадор, АҚШ — Германия ва Мексика — Хорватия, чорак финалда Голландия — Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги учрашувларни юқори савияда бошқарди. Р.Эрматов ҳакамлик фаолияти давомида жаҳон чемпионатлари финал бос­қичида энг кўп — 9 учрашув бошқариб, дунё рекордини ўрнатди.

— Халқаро майдонларда ­Ватан шарафини ҳимоя қилиш, унинг обрўсини юксалтириш катта бахт, — дейди Равшан ­Эрматов. — Футбол оламининг энг нуфузли мусобақаси — жаҳон чемпионатида Ўзбекистон номидан қатнашганимиздан фахрланамиз. Халқаро майдондаги бундай муваффақиятимиз за­мирида Президентимиз ­Ислом Каримов раҳнамолигида спортни, жумладан, футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик мужассамдир.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Абдужаббор ­Абдувоҳидов, Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, оғир атлетика бўйича жаҳон чемпиони Руслан Нуруддинов ва бошқалар мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва ёшларни ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаш борасида кўрса­таётган улкан эътибори учун ­Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик изҳор этди.

Тадбирда Ўзбекистон Рес­публикасининг Бош вазири ­Ш.Мирзиёев сўзга чиқди.

Байрам АЙТМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.