26.07.2014

ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

унга қандай зарурат бор?

Куни-кеча парламент қуйи палатасида санитария-эпидемиология масалаларига оид янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳар бир одам қулай атроф-муҳит шароитларига эга бўлишга ҳақли. 1992 йилда қабул қилинган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қо­нунининг 4-моддасида шундай деб кафолатланган. Мазкур қонунга мувофиқ мамлакатимизда санитария-эпидемия масалаларида хотиржамлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқларини рўёбга чиқариш бўйича муҳим ишлар амалга ошириб келинмоқда. Лекин жорий йил 24 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган санитария-эпидемиология масалаларига оид янги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Ушбу қонун лойиҳасида «Давлат санитария назорати тўғ­рисида»ги қонунни ўз кучини йўқотган, деб топиш ҳақидаги масала ҳам бор. Нега бундай бўлаяпти?..

«Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонун бўла туриб, бу борада янги қонун қабул қилишга қандай зарурат туғилди? Бунинг асосий сабаблари нималардан иборат?

 Бу саволларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов қуйидагича жавоб берди:

— «Соғлом бола йили» Давлат дастурида мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлод вояга етиши учун шароит яратиш бош мақсад қилиб қўйилган. Ҳозир атроф-муҳит тез ўзгараяпти, касалликларнинг тури кўпайиб бораяпти. Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш кенгайгани сари маҳсулотлар ва хизматларнинг инсон учун хавфсизлигини таъминлаш, бу борада ҳуқуқий муносабатларни изчил тартибга солиш, ким нима учун жавобгарлигини аниқ белгилаб қўйиш зарурати юзага келди. «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонунда бу масалалар тўлиқ қамраб олинмаган.

Янги қонун лойиҳасидаги муҳим жиҳатлардан бири аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлашда нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона-ташкилотлар, хусусий тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар иштирок этади. Шунинг учун уларнинг ваколатлари ва мажбуриятлари белгилаб берилаяпти. Чунки санитария-эпидемиологик хотиржамлик давлат назорати билангина таъминланиши қийин. Бу бутун жамият олдидаги масъулиятли вазифа ҳисобланади. Мазкур жараёнда ҳар кимнинг ўз ўрни, иштироки ва ҳиссаси бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Қонун лойиҳаси мамлакатимизда санитария-эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш, аҳоли саломатлигини асраш ва турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилишини кафолатлайди.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, қонун ло­йиҳаси аҳолининг санитария-эпидемиология масалаларида осойишталигини таъминлаш тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматларга кенг имконият беради.

Қонун лойиҳасида меҳнат шароитларига қўйиладиган санитария-эпидемиологик талабларни аниқлаштириш назарда тутилмоқда. Унга кўра, иш берувчилар ишлаб чиқариш жароҳатларининг ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида ходимларга хавф­сиз меҳнат шароити яратиб бериши, санитария-эпидемиология талабларига риоя этиши шарт­лиги белгилаб қўйилаяпти. Бу ҳозирда хусусий секторда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзХДП фракцияси шуларни ҳисобга олиб, Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Энди масъул қўмита фракциялар ва депутатларнинг таклиф-мулоҳазалари асосида уни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлайди.

Қонун лойиҳаси бўйича депутатлар қандай фикр ва таклифлар беради?.. Бу ҳақда жамоатчиликни албатта хабардор этиб боришга ҳаракат қиламиз.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.