26.07.2014

ТАРИХИЙ ХОТИРА

мустақилликни қадрлашга ўргатади

Кекса бир отахоннинг ўн йилча илгари айтганлари ҳанузгача мени ҳаяжонга солади: — Мустақиллик эълон қилинганида ҳўнграб йиғлаганман... — деганди у. — Эски тузум даврида ўз тилимизда ариза ёзсак, қабул қилинмаган кунларни кўрдик. Аризани бошқа тилда имло хато билан ёзганим учун қаттиқ дакки ҳам эшитганман. Ҳурриятнинг биринчи кунларида аризани илк марта она тилимда ёздим. Ўшанда қувончдан кўз ёшимни тўхтатолмаганман.

Истиқлол узоқ вақт топталган халқ тилини ўзига қайтарди. Чунки тил бор экан, миллат бор. «Агар сенинг она тилинг эртага ўлади, дейишса, мен бугун ўлишга тайёрман» деган эди машҳур шоирлардан бири.

Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги муносабати билан ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши Зангиота туманида «Мус­тақиллик юртимиз обод­лиги, турмушимиз фаровонлиги, халқимиз бахту саодатининг кафолатидир» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ҳам мустақиллик моҳияти, унинг инсонлар тақдирида тутган ўрни хусусида сўз борди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят партия кенгаши ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, сиёсатшунос олимлар иштирок этди.

Очиқ-ойдин мулоқот қизигандан қизиди. Мустақиллик ва унинг неъматлари ҳақида ҳаётий мисоллар, таниқли инсонларнинг сўзларини барча жон қулоғи билан тинглади, шунингдек, бу мавзуда ўз фикр-мулоҳазаларини билдираман, деб сўз олган иштирокчилар ҳам кўп бўлди.

— Оилада бир кунгина нон тугаб қолса, хонадон эгасининг тинчи, ҳаловати йўқолади, фарзандларига ризқ топиш учун жонини жабборга беради, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. — Мустақилликнинг даст­лабки кунлари ҳам шундай эди. Ун ва нон тақчиллиги кўпчиликни умидсизликка солиб қўйган, айрим мамлакатлар Ўзбекистоннинг оёққа туриб кетишига шубҳа билан қарар эди. Президентимизнинг қатъий талаб ва ташаббуси билан ғалла мустақиллигига эришдик. Бугун ўзбек деҳқони 8 миллион 50 минг тонналик хирмонга ўз меҳнати ва иродаси билан эга бўлди. Энди мустақилликнинг дастлабки йиллари билан бугунги кунимизни ўзингиз таққослаб кўраверинг. Бу ғалаба ҳар қанча фахр-ифтихорга муносиб.

Тадбир давомида шоир ўз шеърида, санъаткор қўшиқларида истиқлолни тараннум этди. Айниқса, таниқли спорт шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевнинг мустақиллик йилларида спорт соҳасида эришган ютуқларимиз ҳақидаги фикрлари кўпчиликни тўлқинлантириб юборди.

— Собиқ тузум даврида Ўзбекистон деганда кўпчилик кўз ўнгига адоқсиз пахта далалари келарди, — деди у. — Бугун бу юртни юқоридан кузатинг: дарахтлар, осмонўпар бинолар, равон йўллар ва албатта, ям-яшил стадионлар, спорт майдонларини кўрасиз. Яқинда футбол бўйича жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Унда ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов муҳим баҳс­ларни моҳирона бош­қарди. Уни кутиб олиш маросимида бир вақтлар стадиондан туриб футбол шарҳлаганим ёдимга тушди. Битта учрашувни шарҳлаш учун 10-15 кунлаб тайёргарлик кўрардик. Учрашув бошланишига 15 дақиқа қолганида ўйинни ўз она тилимизда эмас, ўзга тилда бошқа киши шарҳлаши ҳақида буйруқ келарди. Хўрлигим келиб, майдондан чиқиб кетган пайтларим кўп бўлган. Майли, бу хотиралар ҳозир ўсиб келаётган авлод учун бир эртак каби бўлиб қолаверсин. Фақат ундан тўғри хулоса чиқариб, мустақиллигимизни асраб-авайлаб яшашимиз керак.

— Учрашув орқали кўпчилик ёшларда мустақилликкача бўлган давр ҳақида тасаввур пайдо бўлди, — дейди Зангиота туманидаги 51-мактаб ўқитувчиси, ЎзХДП аъзоси Наргиза Халилова. — Бу эса бугунги ютуқларга қанчалик машаққат билан эришилганини англатади, мустақилликни қадрлашга ўргатади. ЎзХДП томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар одамлар, айниқса, ёшлар мустақиллик моҳиятини чуқурроқ тушунишига хизмат қилади.

Тадбирда сўз олганлар мус­тақиллик йилларида одамларнинг дунёқараши, тафаккурида юз берган ўзгаришлар, жаҳон ҳамжамиятида тенглар ичида тенг бўлиб, ҳар бир соҳада эришаётган ютуқларимиз хусусида кўп-кўп фикр билдиришди.

Бундай учрашувлар баланд­парвоз гаплар билан эмас, одамларнинг қалби ва онгига етиб борадиган халқчил ва таъсирчан усулда ўтказилиши керак. Ушбу давра суҳбатида ана шундай йўл танлангани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.