24.07.2014

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

бошқа давлат органларидан мустақил равишда иш юритади. Бу кафолат янада мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида кун тартибидаги масала эълон қилинди. «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидан белгиланган маърузачи батафсил ахборот берди. Кейин депутатлар бирин-кетин фракция раҳбаридан сўз сўрай бошлади...

Ҳар бир сўзга чиқувчи қонун ташаббускорлари (Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари)га миннатдорлик билдириб, қонун лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Кўпнинг фикри бир жойдан чиқди. Бу муҳокамага қўйилган қонун лойиҳасининг аҳамияти нақадар юқори эканини англатади.

Ўтган ҳафта мазкур қонун ло­йиҳасини ЎзХДП фракцияси дастлабки тарзда кўриб чиққан, депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган, бу ҳақда газетамизда атрофлича маълумот берилган эди. Шу ўринда қонун лойиҳаси тўғрисида яна бир бор тўхталиб ўтишни жоиз, деб билдик.

Хабарингиз бор, яқинда Президентимиз ташаббуси билан Конс­титуциямизнинг бир нечта моддасига, хусусан, 117-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ташкил этилиши ва унинг фаолият тамойиллари Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди. Депутатлар муҳокама қилган қонун лойиҳаси ана шу конституциявий қоидани амалга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Алишер Тиллабоевнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасида учта асосий қоида назарда тутилаяпти. Булар  Марказий сайлов комиссияси ваколатларини янада кенгайтириш, унинг фаолиятини молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш масалалари билан боғлиқдир.

Қонун лойиҳаси «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутади.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, Марказий сайлов комиссияси мустақил иш юритиши, унинг фаолиятига давлат ҳокимияти бошқа органларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги янада мустаҳкамланмоқда.

Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари (мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик) белгиланиб, уларнинг мазмун-моҳияти очиб берилаяпти. Мустақиллик принципига асосан Марказий сайлов комиссияси ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ёки мансабдор шахслардан мустақил равишда фаолият юритади. Унинг фаолиятига аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка олиб келади.

Ошкоралик принципига асосан Марказий сайлов комиссияси мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, яъни уларда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин. Бу масалалар сайлов жараёнлари одилона бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Ташаббускорлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилиги ўрганилиб, қиёсий таҳлил қилинганини айтишди. Маълум бўлишича, ўрганилган аксарият давлатларнинг қонунчилигида сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик қатъий ва аниқ белгилаб қўйилган.

Бизнинг амалдаги қонун ҳужжатларимизда сайлов ёки референдумни ташкил этиш, ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик (Жиноят кодексининг 146-моддаси), ишончли вакилнинг сайлов ҳуқуқи ёки ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қилганлик (Жиноят кодексининг 147-моддаси) учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Аммо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайлов қонунларини айрим бузиш ҳоллари учун жавобгарликни белгиловчи меъёрлар йўқ. Шунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни белгилаш таклиф этилаяпти.

Маълумки, сайлов жараёнига ҳар хил ҳолатда, турли ҳаракатлар билан тўсқинлик қилиш ҳоллари учраши мумкин. Қонунда бундай ҳаракатлар, яъни ҳуқуқбузарликларнинг тавсифи аниқ келтирилиши зарур. Акс ҳолда, уларни ҳуқуқий жиҳатдан аниқ баҳолаш имкони бўлмайди.

Қонун лойиҳасида бу масалаларга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, унда Марказий сайлов комиссиясининг ва қуйи турувчи сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, уларнинг қарорларини ижро этмаганлик, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш каби ҳаракатлар қонунни бузиш ҳисобланиши белгиланмоқда.

Депутатлар, мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларига таяниб шундай хулоса қилиш мумкин. Бугун дунёда одамлар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини муқаддас ҳуқуқ сифатида идрок этаяпти. Шунинг учун ҳар бир давлат қонунчиликни такомиллаштириб боришга, сайловчиларнинг ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратаяпти. Мақсад – фуқаролар овози ва танловини ҳурмат қилиш, ҳисобга олиш ҳамда тўлиқ рўёбга чиқаришдан иборат.

Қонун лойиҳаси бугун Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.