24.07.2014

ҲИСОБОТ ДАВРИДАГИ ФАОЛИЯТ

қониқарли деб топилди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Беруний туман ташкилотининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди. Унда конференция делегатлари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутатлари, Қорақалпоғистон республика партия кенгаши масъул ходимлари, партия фаоллари иштирок этди.

Конференцияда туман партия ташкилотининг ўтган беш йилдаги фаолияти, электорат манфаати ҳимояси бўйича қилинган ишлар таҳлил этилди, олдинда турган энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

— Ўтган давр мобайнида партиямизнинг Сайловолди  дастуридан келиб чиққан ҳолда электорат манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишларни амалга оширдик, — деди ЎзХДП Беруний туман кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. — Туманимизда партиямизнинг 51 та бошланғич ташкилоти бўлиб, уларга 2600 нафардан ортиқ аъзо бирлашган. Туман партия кенгаши ташаббуси билан ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижросига бағишланган қатор амалий ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Жамоатчилик қабулхонасига ҳисобот даврида 300 га яқин мурожаат тушган бўлиб, уларнинг 90 фоизи тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари ёрдамида ижобий ҳал этилди.

Электорат манфаатини қўллаб-қувватлашда халқ депутатлари туман Кенгашига партиямиздан сайланган депутатларнинг ҳиссаси катта бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мисол учун, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ташаббуси билан Навоий, Амир Темур номли, «Гулистон» маҳаллаларида истиқомат қиладиган аҳолининг табиий газ билан таъминланиши яхшиланди. Бундан ташқари, кўпгина ижтимоий масалалар депутатларимиз иштирокида ҳал этилмоқда.

— Ҳақиқатан ҳам электорат манфаатини ҳимоя қилишда партиянинг асосий кучи унинг депутатларидир, — деди туман тиббиёт бирлашмаси шифокори, халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутати Халилла Эсполаев. — Депутатлар салоҳиятли, ташаббускор, фаол бўлса, партиянинг Дастурини амалга ошира олади. Айни пайтда халқ депутатлари туман Кенгашида ЎзХДПдан сайланган 18 нафар депутат фаолият олиб боради. Ўтган давр мобайнида биз партия гуруҳи йиғилишларида электоратимиз манфаати билан бевосита боғлиқ, катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 27 та масалани кўриб чиқдик. 10 та масала гуруҳимиз ташаббуси билан доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. 6 та масала эса халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиялари кун тартибига олиб чиқилди. Мисол учун, ўтган йили партия гуруҳи ташаббуси билан туман Кенгаши сессияси муҳокамасига «Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларининг ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига қамраб олиниши, шунингдек, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларнинг ишга жойлашиши тўғрисида»ги масалани киритдик. Унда уч томонлама шартномаларнинг расмийлаштирилиши, корхона ва ташкилотлар томонидан шартномалар ижроси бўйича йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилинди, уларни бартараф этиш йўллари муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

— Бошланғич ташкилотимизда 28 нафар аъзо бор, — деди «Ёғгор» ҳиссадорлик жамияти бошланғич партия ташкилоти етакчиси Ҳамид Нурмаханов. — Биз ёш аъзоларни сафимизга жалб этишга кўпроқ эътибор қаратаяпмиз. Чунки партиянинг негизини бошланғич ташкилотлар ташкил этар экан, улар фаолиятини кучайтирмасдан туриб, партия ўзи кўзлаган мақсадга асло эриша олмайди. Биз биргина ўтган икки йил давомида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида 10 га яқин амалий семинар ўтказдик. Бундай ўқувлар аъзолар орасидан етакчилар, депутатлар, сиёсатчилар етишиб чиқишига хизмат қилади, албатта. Мен бундан буён ҳам БПТ фаолиятини муттасил кучайтириб бориш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолиши зарур, деб ҳисоблайман.

Конференцияда яна кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди ва уларнинг барчаси ҳисобга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Туман партия ташкилотининг ўтган даврдаги фаолияти қониқарли, деб топилди.

 

Гулнара КАЛИМБЕТОВА,

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши жамоатчилик ва

ОАВ билан ишлаш сектори мудири.



DB query error.
Please try later.