24.07.2014

ПОРА БЕРИШ ЁКИ ВОСИТАЧИЛИК ҚИЛИШ

пора олиш билан тенг жиноятдир

Ҳаётда жиноятнинг турлари, сабаблари кўп. Қонунчиликда уларнинг ҳар бирига яраша жазо белгиланган. Мамлакатимизда жиноий жазоларни либераллаштиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Билиб-билмай жиноят содир этганлар ёки айрим турдаги жиноятларга жазо белгилашда қонунларимизда кечиримлилик, бағрикенглик каби миллий қадриятларимиз ўз ифодасини топган. Аммо жиноятларнинг шундай турлари борки, уларни кечириб бўлмайди, аксинча, уларга қатъий жазо талаб этилади.

Хусусан, пора олди-берди жинояти давлат ва жамият ривожи ҳамда барқарорлигига хавфли таъсир этувчи иллат ҳисобланади. Порахўрлик тараққиётга тўсиқ бўлади, одамларнинг эртанги кунга ишончини йўқотади. Жамиятда ишчанлик, яратувчанлик, бунёдкорлик ҳаракатларига путур етказади. Президентимиз жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури коррупция ва порахўрлик эканини, у бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор иқтисодиёти асосларини ҳам барбод этиши мумкинлигини таъкидлаган.

Жорий йил 15 майдан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига айрим ўзгартишлар киритилди. Унга асосан энди нафақат пора олиш, балки пора бериш ёки пора олиш-беришда воситачилик қилишга ҳам жиноий хатти-ҳаракат сифатида жиноий жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилди.

Маълумки, мамлакатимизда порахўрликка қарши курашишнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга мунтазам равишда эътибор қаратиб келинмоқда. Жиноят кодексига (211, 212-моддаларга) киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар эса бу борадаги ислоҳотларнинг изчил давоми бўлди.

Қонун қабул қилинишидан олдинги амалиётда мансабдор шахсларнинг пора олиш ҳолатларига кўпроқ эътибор қаратилган эди. Пора олишга қизиқтирувчи ҳолатлар, жумладан, воситачилик қилувчи ҳамда пора берувчиларнинг хатти-ҳаракатлари лозим даражада ўрганилмаган ва уларга етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаган эди. Бу эса ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар, деган одиллик принципини бироз шубҳа остига қўйган. Шунинг учун бу тоифадаги ҳаракатлар бўйича жиноий жавобгарликни кучайтиришга зарурат бор эди.

Таҳлиллар кўрсатдики, мансаб лавозимини суистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар, хусусан, порахўрлик жиноятлари маълум ҳолатларда пора берувчи ёки воситачилик қилувчи шахсларнинг фаоллиги оқибатида содир этилади.

Кўпгина ривожланган мамлакатлар, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Швейцария, Корея каби давлатларнинг жиноят қонунчилигида пора олиш, пора бериш ёки унга воситачилик қилиш жиноий ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилик даражаси тенг деб топилган ва бу жиноятлар учун бир хил жавобгарлик белгиланган.

Бизнинг мамлакатимизда эса Жиноят кодексига юқоридаги ўзгартиш киритилгунга қадар шахс пора берса ёки воситачилик қилса-ю кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, жавобгарликдан озод қилинган. Лекин ўз ихтиёри билан арз қилишнинг муддати аниқ белгиланмаган эди. Бу тартиб эса амалда пора бериш ва унга воситачилик қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этишга шароит яратарди.

Тасаввур қилинг, бир киши тендер савдосида ютиб чиқиш учун мансабдор шахсга ўз фаоллиги билан пора беради ёки бу ишда воситачилик қилади. Кейинчалик инсофга келиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз ихтиёри билан арз қилиб, содир этган жинояти учун чин кўнгилдан пушаймон эканини, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини айтиб, жавобгарликдан қутилиб қолади. Бироқ жиноий ҳаракат содир этиш орқали эришган моддий манфаатидан воз кечмайди. Устига-устак содир этилган жиноятнинг тенг иштирокчиларидан бири жазоланмай қолади ва бу каби хатти-ҳаракатини у яна давом эттираверади. Бу, табиийки, адолат тамойилига мувофиқ эмасди.

Шулардан келиб чиқиб, Жиноят кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди. Эндиликда башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади. Бу қоида пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берганда ҳам қўлланилади.

Ушбу муддат ўтиб кетганидан кейин эса пора берган шахс ҳам, воситачилик қилган шахс ҳам пора олган шахс билан тенг­ма-тенг жавобгарликка тортилади. Чунки пора бериш ёки унга воситачилик қилишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси пора олишнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан кам эмас. Шунинг учун ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддаларида ушбу жиноятлар учун белгиланган санкциялар тенглаштирилди. Яъни, бундан кейин пора бериш ёки воситачилик қилиш пора олиш жинояти билан бир хил баҳоланади ва жазога тортилади.

Бу тамойил инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини ишонч­ли ҳимоялашда, одамларда қонунга ҳурмат руҳини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунчиликка киритилган мазкур янги меъёрлар жамиятда порахўрликка қарши курашиш бўйича ўзига хос механизм яратмоқда. Биз депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда Жиноят кодексига киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти тўғрисида жамоатчилик ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур, деб ҳисоблайман.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.