24.07.2014

ЮРТИМИЗ ТИНЧ, ЭЛИМИЗ ОБОД, РИЗҚИМИЗ БУТУН

Ризқ-насиба деганда, кўз олдимизга энг биринчи бўлиб, дастурхонимиз кўрки — нон келади. Тандирдан эндигина узилиб, дастурхонга тортилган нон... Қанчалар тотли, қанчалар ёқимли, беминнат — ўзимизнинг нон...

Ҳа, бугун бозорларимизни неъ­матлар султони бўлмиш — ­«обинон», «ширмоннон», «кулчанон», «жиззали», «гўштли», «чакчакли», «ошқовоқли», «пиёзли», «қатлама», «патир» сингари хилма-хил нонлар безаб, ҳаётимиз тўкинлигини кўз-кўз қилмоқда. Жорий йилда юртимиз ғаллакорлари 8 миллион 50 минг тонналик улкан хирмонни яратгани диёримиз янада бой, дастурхонлар тўкин бўлишидан дарак бермоқда.

Аслида, ғалланинг мўл-кўллиги, ризқимиз бутунлиги, элимиз обод­лиги — ҳамма-ҳаммаси хонадонларимиздаги файз ва барака, мамлакатдаги тинчлик-осойишталик шарофатидандир. Бундай юртда ризқ зиё­да, маъмурчилик авжида бўлади. Бироқ бу кунларга етиб келиш осон бўлмаганини ҳар биримиз чуқур анг­лашимиз керак, албатта.

Мамлакатимиз Президенти ғаллакорларимизга йўллаган табригида бу ҳақда шундай деди: «Бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик». Дарҳақиқат, юртимизда мавжуд мана шундай танг ҳолатда халқимизни ғалла билан тўлиқ таъминлаш масаласи кун тартибига қатъий этиб қўйилди. Дон мустақиллигига эришиш ҳаёт-мамот масаласига айланди. Чунки ўз халқини нон билан таъминлай олмаган давлатни чин маънода мустақил деб ҳисоблаш мумкин эмасди.

Ғалла мустақиллиги йўлидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилди. Хусусан, пахта якка ҳокимлигидан воз кечилиб, экин майдонларининг таркиби тубдан ўзгартирилди, дон, полиз, сабзавот майдонлари кенгайтирилди. Биргина 1991-2001 йиллардаги экин майдони пахтадан бўшаган жами ерларнинг 1022 минг гектари дон экинларини етиштиришга ажратилди ва бу тенденция йил сайин ўсди. Шунга мутаносиб равишда бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги ҳам ортиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан «Уруғчилик тўғрисида»ги ва «Селекция ютуқлари тўғрисида»ги иккита қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекис­тон Республикаси Ҳукуматининг уруғчилик соҳасидаги сиёсати тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши бу борада муҳим меъёрий-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Шунингдек, келгусида селекция ва уруғчилик ишларини ривожлантириш, ўз-ўзини уруғ билан таъминлаш, четдан уруғ келтиришни камайтириш ҳамда ғал­лачиликнинг илмий базасини мустаҳкамлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 25 августдаги 413-сонли қарорига асосан, Андижон вилоя­тида Суғориладиган ерларда дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот ­инс­титути ташкил этил­ди.

— Мен бу жараёнларнинг бевосита қатнашчисиман, — дейди ушбу соҳага кўп йиллик меҳнати сингган, «Шуҳрат» медали соҳиби, ­меҳнат фахрийси Қаҳрамон Йўлдошев. — Бу ютуқларга эришиш ўз-ўзидан бўлган эмас. Муваффақиятимиздаги асосий омиллардан бири, шубҳасиз, бу экилаётган нав­ларнинг янгиланиши эди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим, сув шароитига мос маҳаллий навларни яратишга катта эътибор қаратилди. Эскириб, ўз муддатини ўтаган навлар ўрнига, республикамизнинг тупроқ-иқлим шароитида синаб кўрилган «Краснодар-99», «Таня», «Нота», «Память», «Кума», «Восторг», «Гром» ва «Грация» навлари олиб келиниб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Бу навлар барча минтақаларда ўзининг сер­ҳосиллиги, совуққа ва ҳар хил касалликларга чидамлилигини кўрсатди. Агар 1991 йилда республика бўйича 221 минг гектар майдонда бошоқли дон етиштирилган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич 5,2 бараварга орт­ди. Натижада суғориладиган ерларда ўртача ҳосилдорлик жорий йилда 55 центнерни ташкил этиб, 1991 йилга нисбатан 38 центнерга кўпайди.

Республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини ички имкониятлар ҳисобига қондириш, энг асосийси, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар натижасида ғалла мустақиллигига эришилди. Бу ютуқлар ортида, содда қилиб айтганда, биз ўзимизнинг нонимизга эга бўлдик, биз энди ҳеч кимга қарам эмасмиз, деган улуғ ва қудратли ҳақиқатнинг ифодаси яширин эди.

— Экилаётган уруғларнинг сифати 1991 йилга нисбатан 3 баробарга яхшиланди, 1-2 синф давлат стандарти талабларига жавоб берадиган уруғликнинг салмоғи 100 фоизни ташкил этди, — дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқотлар институти директори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Равшан ­Сиддиқов. — Мазкур институт ва унинг жойлардаги филиаллари ҳамда бош­қа дахл­дор илмий муассасалар томонидан ўтган давр мобайнида буғдойнинг 32, арпанинг 14 та маҳаллий нави яратилиб, қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилди. Ҳозирда буғдойнинг 28 та маҳаллий янги нави давлат нав синовидан ўтмоқда.

Юртбошимизнинг ўша пайтлардаги, «Ҳар бир вилоятда, туманда, қолаверса ҳар битта хўжаликда ўзининг тупроқ-иқлим шароитида синалган нав экилиши керак. Навни нотўғри танлаган деҳқоннинг меҳнати самарали бўлмайди. Икки-уч нав устида доимо ишлаб туриш керак. Навни нотўғри танлаш ўз илдизига ўзи болта уриш билан баробардир, унда деҳқон қанча меҳнат қилса ҳам самараси бўлмайди», деган сўзларининг нақадар ҳаётийлиги мана вақтлар ўтиб, бугун кундалик турмушимизда тўлақонли исботини топди.

Шундай қилиб, бир вақтлар доннинг бор-йўғи икки ҳафталик захираси қолган, таҳлика ичида яшаган мамлакатдан, ҳозирда 8 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирган ва ички истеъмолидан ортиғини четга экспорт қилаётган давлатга айландик.

— Мустақиллик йилларида Ўзбекистон аҳолиси 10 миллион кишига кўпайганига қарамай, озиқ-овқат хавф­сизлигини барқарор таъминлашга катта эътибор қаратиб келинаётгани натижасида асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳажми муттасил ошириб борилди, жумладан, 2013 йилда 1991 йилга нисбатан, ғалла етиштириш 8,6 маротабага ортди, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий тадқиқотлар ва прог­нозлаштириш институти бош илмий ходими, иқтисод фанлари доктори Чори Муродов. — Бу ўз навбатида ушбу даврда аҳоли жон бошига буғдой ишлаб чиқариш 91,5 килограммдан 258,1 килограммга кўпайишига асос бўлди. Бу ютуқлар қишлоқ хўжалиги тармоқларини изчил ривожлантириш, Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ғаллакорларига йўллаган табригида қайд этилганидек, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, селекция ишларини тўғри йўлга қўйиш, ғалла нав­ларини танлашда ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитини, сув билан таъминланиш даражасини инобатга олган ҳолда жойлаштирилгани ҳисобига эришилди. Бундай тараққиёт ўз навбатида, ҳудудий ихтисослашув ва ғалла маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлашга олиб келди. Қолаверса, ғалла маҳсулотларини қайта ишлаш мақсадида мамлакатимизга янгидан-янги технологиялар келтирилди, инвестициялар киритилди, имкониятлар захираси пухта ўрганилди.

Юқорида келтирилган рақамлар юртдошларимиз турмуш фаровонлиги юксалишида қанчалик улкан аҳамиятга эга эканини анг­лаш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас. Фақат чуқурроқ ўйлаш, фикрлаш керак, холос.

Маълумки, бугунги тезкор тараққиёт ишлаб чиқарилаётган нон ва нон маҳсулотлари турларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни қуриб ишга тушириш, самарали инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни долзарб этиб қўйди.

— Сўнгги беш йилда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янги қувватларни қуриб ишга тушириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси томонидан жами 145260,5 млн. сўмлик 168 та инвестиция лойиҳа амалга оширилди, — дейди «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Узоқов. Шундай самарали лойиҳалардан бири, бу «Германиянинг «Wachtel» компанияси технологияси асосида замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган қолипли нон ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш» деб номланган инвестиция лойиҳасидир. Мазкур компаниянинг 64 та замонавий тежамкор технологик линиялари келтирилиб, тизим корхоналаридаги мавжуд нон цехларини модернизация ва техник қайта жиҳозлаш ва янги нон цехларини қуриб ишга тушириш мақсадида юртимиз туман ва қишлоқ жойларидаги намунавий уйлар олдига ўрнатилди ва ишга туширилди. Натижада нон маҳсулотлари сифати яхшиланди, нон ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари кўпайди, электр энергия ва газ сарфи камайди ҳамда аҳолига узлуксиз нон ва нон маҳсулотлари етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу жараёнда мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди...

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ғаллакорларига йўллаган табригидаги яна бир фикрга эътиборимизни қаратайлик: «Ўтган давр мобайнида ўлкамизда ғалла етиштиришнинг умумий ҳажми 940 минг тоннадан 8 миллион тоннага етгани, ўртача ҳосилдорлик гектарига 17 центнердан 55 центнерга ўсгани бизнинг бу соҳада илгари фараз қилиш ҳам қийин бўлган, қандай улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганимиздан далолат беради.»

«Улкан тараққиёт йўли». Бу йўл катта синовлар, курашлар, ташаббуслар йўли бўлди. Ўзбекистонимизнинг иқтисодий юксалиш йиллари бўлди, халқимиз ризқини бутун қилган, қаддини тиклаган йиллар бўлди.

 

Обиддин МАХМУДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.