22.07.2014

МУСТАҚИЛЛИК МОҲИЯТИ

аввало, одамлар ҳаётидаги ўзгаришларда ёрқин намоён бўлмоқда

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб жойларда ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимиз эришган улкан ютуқлар, тўкин ва фаровон ҳаётимиз мустақиллик туфайли экани, ўз меҳнатимиз билан уни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда партиямиз аъзолари, етакчилари, депутатлар фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланмоқда.

Партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари иштирокида Оққўрғон туманида ўтказилган семинарда ҳам ана шу масалалар хусусида сўз борди.

Оққўрғон тумани Тошкент вилоятидаги жадал ривожланаётган ҳудуд ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, чорвачилик билан бир қаторда ишлаб чиқариш ҳамда саноатнинг тараққий этиши туман иқтисодиётини ривожлантириб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиши, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига асос бўлмоқда.

Бугунги кунда туманда 74 корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жорий йилда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 43860,6 миллион сўмдан зиёд бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,5 фоизни ташкил этади. Барча сарфланган маблағлар эвазига аҳоли учун 5,7 километр ичимлик суви тармоқлари, қишлоқ врачлик пункти, 22 савдо, 50 ўринли 2 умумий овқатланиш, 24 маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева иштирок этиб, мустақиллик бу, аввало, ҳуқуқ эканини эътироф этди.

— Биринчидан, истиқлол туфайли Ўзбекистон дунёда тенг ҳуқуқли давлат сифатида тан олинди. Иккинчидан, фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари кафолатланди. Шу боис мус­тақилликнинг тарихий аҳамиятини ҳар биримиз чуқур англашимиз, айниқса, ёшларимиз онгига уни сингдиришимиз зарур, — деди у.

Сўнгги йилларида туманда 5 та касб-ҳунар коллежи, 50 та умумтаълим мактаби замон талаблари асосида капитал таъмирланиб, катта қисми қайтадан қурилди. 25-сон мусиқа ва санъат мактаби янги усулда қуриб битказилди. Шунингдек, 184 та спорт иншооти, 2 та стадион ҳамда 19 та спорт клуби ёшлар спорт билан шуғулланиши учун шай ҳолатга келтирилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги муҳим йўналишлардан бири — соғлиқни сақлаш тизими ҳам ислоҳ этилди. 187 ўринли шифохона, ҳудудий поликлиника, 9 та қишлоқ врачлик пункти тубдан қайта таъмирланди. Бундан кўзланган бош мақсад, аввало, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғ­лом ва баркамол авлодни шакл­лантиришга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромованинг таъкидлашича, биргина ғалла мустақиллигига эришишимиз энг катта ютуқларимиздан ҳисобланади. Чунки, истиқлолнинг илк даврида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, нон билан таъминлашда катта қийинчиликлар юзага келганди. Бугун эса ўзимизни тўлиқ таъминлаб, ғаллани четга экспорт ҳам қилаяпмиз.

Бу йил ҳар қачонгидан юксак хирмон яратилди. Жумладан, Оққўрғон тумани ҳам вилоятда биринчилардан бўлиб, шартнома режасини бажарди. Бугун жойлардаги тадбирларда мустақиллик моҳияти ҳақида сўз борар экан, биз айнан ғалла мус­тақиллиги нима экани ва бунга қандай эришганимизни ёшларга тушунтириб беришимиз лозим.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ботир Шерказиев мавзу юзасидан ўз фикрини билдирар экан, ҳар биримиз бирор тўй бошлашдан аввал қариндош-уруғ, яқинларимиз билан маслаҳатлашамиз, — деди. — Тўй чиройли, мазмунли ўтиши учун кенгашамиз. Мустақиллик куни эса шу юртда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг байрамидир. Шундай экан, ҳар бир маҳаллада, қишлоқда бу кунга муносиб тайёргарлик кўришимиз, ким эдигу, ким бўлдик, деган ҳаётий ҳақиқатни одамлар онгига синг­диришимиз керак.

Бугунги кунда Оққўрғон туманида партиямизнинг минг нафардан ортиқ аъзоси бор. Ана шу жараёнларда уларнинг фаол иштирокини таъминлашимиз зарур.

— Бугун мустақиллик аҳамиятини одамлар ҳаётидаги ўзгаришларда кўраяпмиз, — дейди меҳнат фахрийси, ЎзХДП фаоли Фароғат Сайфинова. Яқин ўтмишдаги ҳаёт билан бугунгисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Нафақат шаҳарларимиз, балки қишлоқларимиз қиёфасига қарайлик. Тарихий ўзгаришлардан қалбимиз яйрайди.

Масалан, бугун туманимиздаги исталган маҳалла ёки қишлоққа боринг, ҳар қадамда янгиликни кўрасиз, хушхабар эшитасиз. Ким тўй қилаяпти, кимдир машина сотиб олган, бош­қа биров уй қураяпти... Буларнинг барчасига, аввало, юртимиздаги тинчлик туфайли эришилмоқда.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Сайдивали Аҳмедов, Зиёвиддин ­Мансуров, ЎзХДП Оққўрғон туман кенгаши раиси Гулнора ­Абдуназимова ва бошқалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.