22.07.2014

ДЕПУТАТ САЙЛОВЧИ БИЛАН

доимий мулоқотда бўлиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташаббуси билан «Депутатлар сайловчилар билан олиб борадиган ишларнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакиллари, экспертлар иштирок этди.

Давра суҳбатида Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларидаги фаолиятини янада яхшилаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Иштирокчилар Қонунчилик палатаси ва сиёсий партиялар фракциялари томонидан депутатларнинг сайловчилар билан доимий равишда алоқа боғлаб туришига қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидладилар. Жумладан, 2010-2014 йилларда депутатларнинг тажрибаси, шунинг­дек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 30 дан зиёд семинар ва давра суҳбатлари ўтказилган. Бу эса парламент аъзоларига сайлов округларида тизимли фаолият юритиш, парламент назоратини амалга ошириш, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш бўйича илғор усулларни жорий қилиш имконини берди.

Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари сайлов округларига чиқишидан олдин манзилли режалар тузиб олиши, учрашувларни самарали ўтказиш юзасидан ташкилий чоралар кўрилиши амалиётга кирди. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувлари натижалари фракция йиғилишларида муҳокама қилиниб, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаяпти.

— Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилда жойларда мингдан ортиқ учрашув ўтказди, — деди парламент қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуманноб ­Раҳимов. Уларда 120 мингдан ортиқ сайловчи қатнашди. Учрашувларда берилган саволлар, асосан, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг моҳияти ҳамда аҳамияти, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг долзарб масалалари, депутатларнинг Қонунчилик палатасидаги фаолиятига тааллуқли бўлди. Бу аҳоли ва депутатлар ўртасидаги муносабатларнинг тобора яқинлашиб бораётганидан дарак беради.

Мавзуни муҳокама қилиш давомида ривожланган демократик давлатларда депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш тажрибаси таҳлил қилинди. Эксперт ва олимларнинг мавзу бўйича таклифлари эшитилди. Тадбир якунида депутатларнинг сайловчилар билан олиб борадиган ишларини ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш зарур, деган хулосага келинди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.