22.07.2014

«БИР МУАММО БЎЙИЧА МУРОЖААТИМ БОР ЭДИ...»

фуқаро шундай деб катта ишонч билан ҳузурингизга келди...

Қамаши  туманида истиқомат қилувчи Севара Аҳмедова хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини тамомлаган.  Ўтган йили ЎзХДП томонидан ўтказилган тадбирларнинг бирида иштирок этиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишда партия ташкилотларининг вазифалари, бу борада олиб борилаётган ишлар ҳамда депутат ваколати ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлган эди...

Коллежни тамомлагач, у ўз мутахассислиги бўйича иш топишга бироз қийналди. Орадан кўп ўтмай, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Рашид Маҳамадиевга ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат унинг мутахассислиги билан танишиб, шунга мос бўш иш ўринларини ўрганди, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига мурожаат қилди ва масалани ижобий ҳал қилишга эришди, Севара Аҳмедова мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Энг муҳими эса электорат вакилининг мурожаати эътиборсиз қолмаганидадир.

Бугун партия ташкилотлари ва гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқиши давр талабига айланган. Бунинг учун, албатта, аҳолидан тушган мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор қаратиш зарур. Бу орқали нафақат фуқароларни ўйлантираётган масалалар бартараф этилади, балки жойларда учраётган камчиликлар аниқланади, уларни таҳлил этиш, ҳал қилиш бўйича ҳаётий таклифлар ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди. 

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов мазкур мавзу атрофида мулоҳаза юритиб, мурожаатлар билан ишлашда депутатлар фаоллигини ошириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Мурожаатлар билан ишлашда бизда яхши тажриба бор

Аҳоли орасида учраётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқий ва бош­қа маслаҳат кўмаги кўрсатиш, электорат ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда партия кенгашлари қошида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга партия бошланғич ташкилотлари, вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашлари, партия гуруҳлари эътибори кучайгани электорат ишончини қозонишнинг асосий омилларидан бирига айланди.

Фуқаролардан тушган  мурожаатларнинг катта қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари масъулиятини ошириш билан боғлиқ бўлмоқда. Шунингдек, электорат вакиллари муайян масалада ҳуқуқий маслаҳат ва кўмакка эҳтиёж сезади. Шу боис мурожаатларни ҳал этишга малакали ҳуқуқшунослар ҳам жалб этилмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти таҳлили мазкур вазифалар имкон қадар самарали бажариб келинаётганини кўрсатмоқда. Масалан, жорий йилнинг шу кунига қадар вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 308 та мурожаат тушган. Уларни ижобий ҳал этиш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатлари мутасадди корхона ва ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқишди.

Фуқаро бизга ишониб, қабулхонага келади. Шу боис мурожаатлар билан ишлаш, уларни ижобий ҳал этишга жиддий эътибор билан қараймиз. Аслида ҳам ҳар бир партия ташкилоти унга ишонган, қўллаб-қувватлаган кишилар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишни нафақат ўз вазифаси, балки ўз ташвиши, деб билиши керак.

Айтиш ўринлики, аҳоли мурожаатларини ҳал этишда депутатлик сўрови ҳамда ижтимоий шериклик муносабатлари қўл келаяпти. Кўтарилаётган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилаётгани Жамоатчилик қабулхоналарига ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Мурожаатларни ҳал этишда депутатлар фаоллиги ошиб бормоқда

Мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўрганиш ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ҳал этишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар фаол иштирок этмоқда. Чунки аҳоли мурожаатлари билан ишлашда депутат ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Айтайлик, мурожаат келиб тушди. Партия фаоллари уни атрофлича ўрганади, ҳафтанинг белгиланган кунида депутатлар иштирокида масала муҳокама қилинади. Агар зарур бўлса, малакали ҳуқуқшунос ва турли соҳа мутахассислари жалб қилинади. Айрим ҳолларда мурожаат ортидан фаоллар депутатлар билан жойларга чиқиб, ҳудудларда учраётган муайян муаммони бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикрини пухта ўрганади. Бу тажриба фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

 Масала чуқур ўрганилгач, шу асосда таклиф тайёрланади. Таклиф партия фаоллари билан бирга яна бир бор муҳокама қилиниб маъқуллангач, тегишли идора ва ташкилотларга хат тайёрланади. Катта ижтимоий аҳамиятга эга, тез-тез учраётган масалалар эса депутатларимиз орқали маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига киритилади.  Кўтарилган масаланинг ечими депутат ва бевосита қабулхона учун масъул шахс эътиборида туради.

Демак, мурожаатлар билан ишлашда партия ташкилотлари ва гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорлик яхши самара бермоқда.

Ҳамма жойда ҳам иш бир хил эмас...

Мурожаатлар билан ишлашда қатор камчиликларимиз ҳам бор. Масалан, айрим депутатларимиз аҳоли мурожаатларига етарли эътибор кўрсатмайди, уларни ҳал этишга келганда сусткашлик қилади. Туман ва шаҳар партия кенгашларимизнинг айримларида қабул тартиб асосида йўлга қўйилмаган. Мурожаатларни ҳал этишда депутатлар ва партия ташкилотларининг биргаликда ишлаш кўникмаси талаб даражасида эмас. Ижтимоий шериклик имкониятларидан ҳам етарли фойдаланилмаяпти...

Хўш, муаммо нимада? Аввало, бу ҳолат туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари ва депутатларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги оқибатида вужудга келган, дейиш мумкин.

Муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларим бор

Яқинда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида бўлиб ўтган машғулотларда «Партия дастурий мақсадларини амалга оширишда Жамоатчилик қабулхоналари ва партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини кучайтириш» мавзуси муҳокама этилди. Унда иштирок этганлар Жамоатчилик қабулхоналари ишини янада фаоллаштиришга қаратилган амалий таклифлар билдиришди. Биз ана шундай семинарларни барча ҳудудларда ташкил этишимиз керак. Унда партия ташкилотлари ва депутатларнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти таҳлил этилиб, камчиликлар очиқ айтилса, фаолларнинг масъулияти яна кучаяди, деб ўйлайман.

Шунингдек, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада жонлантириш, жойларда кўчма қабулхоналар ташкил этиш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда партия гуруҳларининг фаоллиги ва  талабчанлиги ошиши талаб этилади. Бунинг учун депутатга тушган мурожаатдан партия ташкилотининг ҳам хабардорлигини ошириш, уни ҳал этишда улар бир ёқадан бош чиқариши керак. Партия кенгашлари раислари «бу мурожаат депутатга тушган, уни ҳал этишга ўзи масъул», деган фикрдан воз кечиши керак.

Шунингдек, депутатлик сўрови имкониятидан фойдаланиш, кўтарилаётган масалани ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш чораларини кўришимиз лозим. Депутатлик сўровига беписанд қараганларга ўз таъсир кучимизни кўрсатмасак, сўзимиз ерда қолади, одамлар ишончини оқлай олмаймиз.

Бундан ташқари, электоратимиз вакиллари қўяётган муаммоларни алоҳида-алоҳида ечиб беришдан кўра, уларни таҳлил этиб, умумлаштириб, маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига киритиб бориш амалиётини ривожлантиришимиз зарур, деб ўйлайман.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.