Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
22.07.2014

ИНСОН ҚАДРИ БАРЧА НАРСАДАН УСТУН

Бу эзгу тамойил мамлакатимизда чин маънода миллий қадриятга айлангани тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар мисолида ҳам эътироф этилмоқда.

Мустақиллик йилларида юртимизда соғлиқни сақлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар қадрини билиш, англаш учун, аввало, бугун дунёнинг қатор мамлакатларида тиббий хизмат қандай аҳволда эканига эътибор қаратиш керак бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар йили дунё бўйича 5 ёшгача бўлган 6,6 миллион бола ҳаётдан кўз юмаяпти. Ҳар куни деярли 800 аёл ҳомиладорлик пайтида ёки фарзанд дунёга келтираётиб ёруғ оламни эрта тарк этяпти.

ХХI асрда замонавий медицина изчил тараққий этаётган, соҳада жаҳоншумул кашфиётлар, тадқиқотлар, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай хасталикка чора топилаётган бир пайтда оналар ва болалар ўлимининг юқори кўрсаткичлар билан сақланиб қолаётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга соляпти.

Чунки бундай ҳолат қандайдир оғир ёки юқумли касалликлар туфайли эмас, балки, энг аввало, кўплаб мам­лакатларда оддий ва самарали тиббий-профилактик чоралар кўрилмаслиги оқи­батида содир бўляпти.

ЖССТнинг соғлом оила, она ва бола масалалари бўйича бош директор ёр­дамчиси Флавия Бустрео бу борада шундай баёнот билан чиққан эди:

 «Ҳар йили 15 миллион бола — тахминан ҳар ўнинчи гўдак вақтидан илгари туғилмоқда. Бунинг натижасида йилига 1 миллиондан кўпроқ чақалоқ ўлими кузатиляпти. Аслида бу болаларни махсус парваришлаш, арзон вакцина ва дори-дармонлар орқали ҳаётга қайтариш, асраб қолиш мумкин эди. Бироқ баъзи давлатларда болаларни улар саломатлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган комплекс тиббий ёрдам билан таъминлаш у ёқда турсин, ҳатто энг оддий санитария чоралари ҳам қўлланилмаяпти».

Вашингтон университетида олиб борилган тадқиқотларга кўра, 2008 йилда жаҳонда энг кўп оналар ўлими 6 мамлакат — Нигерия, Покистон, Афғонистон, Эфиопия ва Конгода қайд этилган. Айниқса, кейинги йилларда бу борада Сомали ва Чад давлатларида аҳвол ғоят ачинарли тус олмоқда. Ҳозир мазкур ҳудудлардаги туғуруқхоналарда ҳар 15-18 аёлдан бири вафот этяпти.

Жанубий Америка континентида жойлашган мамлакатлар, масалан, Парагвай, Боливия, Гайяна, Гаити, ­Никарагуа, Гондурас ва ­Суринамда ҳар 100 минг аёлдан 100 ва ундан кўпроқ оналар ўлими кузатилмоқда.

— Она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг ҳал қилувчи омили бу — кучли соғ­лиқни сақлаш тизими, даволаш муассасаларини зарур мутахассислар, ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминлаш ҳисобланади, — дейди ЖССТ Репродуктив саломатлик ва илмий тадқиқотлар бўлими директори Марлин Теммерман. Бир қатор Осиё ва Африка давлатларида малакали кадрлар танқислиги жуда катта муаммога айланган. Масалан, Африка қитъасидаги 11 мамлакатда тиббиёт мутахассислари тайёрлайдиган бирорта ҳам ўқув муассасаси йўқ, 24 давлатда эса фақат 1 шундай ўқув юрти мавжуд. Статистик маълумотлар оналар ва гўдаклар ўлими айнан олий маълумотли акушер-гинекологлар етишмаслиги туфайли юз бераётганини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари, айниқса, жануби-шарқий Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, айниқса, қишлоқ жойларда сифатли, арзон ва барча фойдаланиши мумкин бўлган тиббий хизматни жорий этиш, болаларни вакцинация қилиш долзарб масалага айланмоқда.

Масалан, Африка қитъасининг айрим давлатларида аҳолининг ўртача умр кўриши 55 ёшдан ошмаяпти. Болалар ўлими юқорилигича қолмоқда. Ҳаёт даражаси паст ҳудудларда эса кекса ёшли одамларни учратиш мушкул. Чунки қишлоқларда медицина тушунчасининг ўзи йўқ. Биргина Уганда мамлакатида истиқомат қиладиган 34 миллиондан зиёд аҳолининг атиги 13 фоизи шаҳарларда яшаши инобатга олинса, вазият нақадар жиддий экани маълум бўлади.

Асосий госпитал ва клиникаларнинг аксарияти пойтахт­ларда жойлашган. Бошқа шаҳарларда эса даволаш муассасалари жуда кам. Борларида ҳам тиббий хизмат нархлари ҳаддан ташқари қиммат бўлгани учун уларга оддий одамлар мурожаат қилолмайди.

Жанубий Америкадаги ривожланган давлатлардан бири — 6,6 миллион аҳолига эга Парагвайда ҳам мамлакат аҳолисининг катта қисми, айниқса, йирик чорвачилик ҳудудларида яшайдиган қишлоқ одамлари нафақат малакали медицина хизмати, балки шошилинч тез тиббий ёрдам етишмаслигидан азият чекяпти.

Нисбатан замонавий шифохона мамлакат пойтахти Асунсонда барпо этилган. Бошқа катта шаҳарлардаги давлат шифохоналарида эса доимий равишда медикаментлар — вакциналар, тиббий жиҳозлар ҳамда кадрлар танқислиги кузатилмоқда. Ўзига тўқ аҳоли шахсий шифокорлар хизматидан фойдаланади, бироқ улар барча парагвайликларнинг 20 фоизини ташкил этади холос.

Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида вазият бундан ҳам оғирроқ. Халқаро экс­перт­лар жаҳон ҳамжамияти эътиборини минтақадаги баъзи давлатларнинг қишлоқ ҳудудларида тиббий муассасалар деярли йўқ эканига қаратишмоқда. Бу — миллионлаб одамлар медицина хизматидан маҳрум дегани.

Масалан, Комбоджа қироллигида одамлар энг оддий, примитив касалликларга шифо топиш учун ҳам пойтахт — Пномпень боришига тўғри келмоқда.

Дунёнинг турли ҳудудларида соғлиқни сақлаш тизими ана шундай ачинарли аҳволда қолаётган бир пайтда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида жуда катта ютуқларга эришилгани Жаҳон соғ­лиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофига сазовор бўляпти.

Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини, хусусан, қишлоқ жойларида яшайдиган одамларни сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, соҳада малакали ҳамда ихтисослаштирилган кадрлар тайёрлаш, бир сўз билан айтганда, замонавий медицинанинг энг юқори талаблари ва халқаро стандартларга жавоб берадиган умуммиллий тизимини шакллантириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.

Энг аввало, ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари ва уларнинг жойлардаги бўлинмалари, тез тиббий ёрдам хизматларидан иборат аҳолига бепул, юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш борасида янги ва ноёб ягона тизим яратилди.

Кўплаб давлатларда қишлоқларда яшаётган миллионлаб инсонлар энг оддий тиббий хизматга ҳам муҳтож бўлиб турганда юртимизда барча замонавий асбоб-ускуналар ҳамда энг сўнгги диагностик техникалар билан жиҳозланган уч мингдан зиёд қишлоқ врачлик пунктлари ташкил этилди.

Шунингдек, бугун Ўзбекис­тоннинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият юритяпти, қишлоқ жойлардаги ҳомиладор аёллар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан зарур поливитаминлар билан таъминланяпти. Икки ёшгача бўл­ган болалар бепул эмлаб борилиши натижасида баъзи давлатларда болалар саломатлигига ҳо­зир ҳам жиддий хавф солаётган дифтерия, қоқ­шол, полиомиелит каби ка­салликларга бутунлай бар­ҳам берилди.

Кейинги 20 йил мобайнида юртимизда оналар ва болалар ўлимининг уч баро­бар­дан кўпроқ камайгани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонда бу борада амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар самараси сифатида юксак баҳоланмоқда.

— Халқаро статистика шуни кўрсатмоқдаки, — деган эди ЖССТ бош директори Маргарет Чен Тошкентда «Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: «Соғлом она — соғлом бола» мавзусида ўтказилган халқаро симпозиумдаги нутқида. — Оналар, гўдаклар ва болалар ўлимининг олдини олиш осон иш эмас. Буни кўп йиллик халқаро тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Ўзбекистонда эса ҳатто глобал инқирозлар даврида ҳам аҳолининг саломатлик кўр­саткичлари муттасил ошиб, умр кўриш давомийлиги юксалмоқда. Ўзбекистон бу борада ўз ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланса арзийди.

Бу ҳақда сўз кетганда, 2012 йилда Ватанимиз «Save the Children» («Болаларни асрайлик») халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида болалар саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуси билан тиббиётнинг ўн йўналиши — хирургия, урология, кардиология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, педиатрия, терапия, дермотология ҳамда пульмонология соҳаларида Республика илмий-амалий тиббиёт марказларининг ташкил этилиши нафақат юртимиз, балки жаҳон медицинасида ҳам ноёб тажриба сифатида тан олинаётир.

Бугун мазкур муассасаларда энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Уларнинг аксарияти юқори технологик, яъни эндоскопик (беморга тиғ тегизилмасдан қилинадиган замонавий жарроҳлик усули) амалиётлар сирасига киради. Соҳа мутахассисларининг маълум қилишича, олинган натижалар энг тараққий этган Европа клиникалари кўрсаткичидан қолишмаяпти. Авваллари айрим юртдошларимиз операция қилдириш учун хорижга боришарди, бугун эса чет эллик беморлар даволаниш умидида Ўзбекистонга кела бошлади.

Юртимизда дунё тиббиётини ташвишга солаётган яна бир муаммо — малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласи ҳам самарали ҳал этилмоқда. Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Урганч ва Нукус каби шаҳарларда тиббиёт олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур муассасалар «Sharite» (Германия), Гарвард (АҚШ), Манчестер (Буюк Британия), Вена (Австрия) университетлари клиникалари каби етакчи хорижий тиббиёт марказлари билан изчил ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

Соғлиқни сақлаш тизимига киритилаётган сармоя бу, энг аввало, инсон капитали учун, унинг тараққиёти учун йўналтирилган сармоядир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, соҳа ривожи учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда. Агар 2012 йилда шу мақсадлар учун 2,8 триллион сўм маблағ жалб этилган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 3,4 триллион сўмни ташкил этди.

Умуман, юртимизда Давлат бюджетидан соҳага сарфланаётган харажатлар улуши 15,7 фоизга етди. Агар жаҳоннинг бир қатор ривожланаётган мамлакатларида бу кўрсаткич ўртача 3,5 фоиздан оширилмаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистонда инсон саломатлигини асраш ҳақида нечоғлик катта ғамхўрлик кўрсатилаётгани янада яққолроқ намоён бўлади.

Мустақиллик йилларида шакллантирилган соғлиқни сақлаш тизимининг миллий модели қанчалик тўғри ва самарали эканлиги 1991 йилдан буён ўтган даврда аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, аёлларнинг умр кўриши эса 75 ёшга узайганида ҳам ўз исботини топмоқда.

Соғлиқни сақлаш борасида Ўзбекистон танлаган йўл бугун дунёнинг кўплаб давлатларига намуна сифатида кўрсатиляпти. Ватанимизда инсон қадри барча нарсадан устун деган тамойил том маънода миллий қадриятга айлангани тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар мисолида ҳам эътироф этиляпти.

 

Дилшод НАРЗУЛЛАЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.