19.07.2014

БИЗГА ҚАНДАЙ ЕТАКЧИЛАР КЕРАК?

ЎзХДП Қарши шаҳар кенгашининг ҳисобот-сайлов конференциясида фаоллар ўтган даврда амалга оширилган ишларни чуқур таҳлил қилди, аниқ мисолларга таяниб фикр юритишди. Масалан, икки йил бурун шаҳардаги «Шайхали» маҳалласи вакиллари ҳудудда оилавий поликлиника барпо этиш масаласида Жамоатчилик қабулхонасига келишган эди.

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят  Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Бобоназар Қулмуродов мурожаатни атрофлича ўрганди. Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Комила ­Каромовага мурожаат қилди. ­Масала Соғлиқни сақлаш вазирлиги даражасига олиб чиқилди.

— Шаҳарда 6 та оилавий поликлиника аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда, — дейди ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Рашид ­Муртазаев. — Бироқ истиқболни ўйламасак бўл­майди. Айни пайт­да Президентимизнинг Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарори асосида катта бунёдкорлик ишлари кетмоқда. Келгусида 11 қишлоқ шаҳарга қўшилади. Бугунги кунда Шайхали маҳалласида 17 минг аҳоли бўлса, кўп ўтмай 50-60 минг кишига етади. Шунинг учун бу маҳаллада 7-оилавий поликлиника ташкил этиш зарурати туғилмоқда.

Умуман, ҳисобот даврида ­Жамоатчилик қабулхонасига 300га яқин мурожаат тушган бўлса, шундан 70 фоизи ижобий ҳал қилинди. Одамлар ўз­ларини ташвишга солаётган айрим муаммо ва қийинчиликларни бартараф этишда ёр­дам сўраб келади. Агар бефарқлик қилсак, партиямизга нисбатан одамларнинг ишончи сусаяди.

Шаҳримизда капитал қурилишлар ривожланиб бормоқда. Ўз навбатида фаолларимиз, депутатларимиз тараққиёт режаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга интилмоқда. Айни пайтда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳида 16 нафар депутатимиз фаолият олиб бормоқда. Партия Дастуридан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалаларни доимий комиссиялар йиғилишлари, сессияларга олиб чиқишмоқда. Мисол учун, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун ижросини икки ой давомида ўргандик. Чунки шаҳарда 62 маҳалла бўлиб, уларда 248 минг аҳоли яшайди. Таҳлил натижаларига кўра, ҳар куни ўртача 350-370 тоннагача чиқинди тўпланади. Уларни ташиб чиқиш, зарарсизлантириш борасидаги айрим муаммолар ўрганилиб, шаҳар Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Депутатларимиз томонидан унинг бажарилиши назоратга  олинган.

Шаҳарда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш борасида ҳам муаммолар вужудга келган эди. Бу масалани ҳам ўргандик. Маълум бўлишича жами 24 уюшма тузилган бўлиб, аҳолига 40 йўналиш бўйича 1014 та транспорт воситаси хизмат кўрсатмоқда. Шундан 65 таси «ISUZU» русумли автобуслар. Аммо автобуслар қатновида камчиликлар борлиги аниқланиб, уларни тузатиш бўйича сессия қарори қабул қилиниб, ижроси бўйича тегишли ташкилотлар масъулияти оширилмоқда.

Сессияда кўтарилган масалалардан яна бири «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида «Имконияти чекланган болаларни ўқитиш ва уларга яратилган шароитларнинг аҳволи тўғрисида» эди. Кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя тарафдори бўлган партиямиз дастурий мақсадларини  рўёбга чиқаришда бу ташаббус муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, партия гуруҳи томонидан Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан мониторинг ўтказиб борилмоқда. Масалан, 2013 йилда шаҳарда жами 8709 иш ўрни яратилган. Касб-ҳунар коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда. Шаҳарда 7 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Партия етакчилари, депутатларимиз бу тадбирларда фаол иштирок этиш баробарида, тузилган уч томонлама шарт­номалар ижросини ҳам назорат қилиб боришмоқда.

Рашид Муртазаев партия ҳисобот-сайлов конференциясидаги маърузасида партия ҳаётидаги бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, ўтган даврда 5 пленум, 20 ижроия қўмита йиғилиши ўтказилиб, уларда 100дан ортиқ масала кў­риб чиқилган. Ўтган ҳисобот-сайловларда 39 бошланғич ташкилотга янги етакчи сайланган. Айни пайтда 150 бошланғич ташкилотга 3000­дан зиёд партия аъзоси бирлашган. Бўстон, Чақар, Рогузар, Самарқанд маҳаллаларидаги ҳудудий бошланғич партия ташкилотлари фаолияти кундан-кунга фаоллашиб бормоқда.

Шунингдек, конференцияда шаҳардаги 21-мактаб директори, партия фаоли Ораста Тошева сўзга чиқиб, «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш борасидаги вазифалар ҳақида тўхталаркан, айниқса, ёшларда мустақил фикрни шакллантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди.

Музокарада қатнашган вилоят кардиология диспансери бош шифокори Шоира Сафарова, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вилоятдаги вакили Муродулло Нормуродов, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Шукурова ва бошқалар кун тартибидаги масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Яшин РАСУЛОВ, меҳнат фахрийси:

— Мен бирор бир сиёсий партияга аъзо эмасман. Аммо ҳамиша ЎзХДП ғоялари, ишларини қўллаб-қувватлаб келаман. Партия ташкилотининг конференциясида яна бир бор амин бўлдимки, унинг хайрли ишлари жуда кўп. Партия жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар манфаати учун курашиб келмоқда. Бу жуда савобли иш, бозор иқтисодиёти шароитида жуда муҳим иш.

Дилмурод  НУРМАТОВ, Кунчиқар маҳалла  фуқаролар йиғини раиси:

— Шаҳар партия ташкилоти ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бирор бир масала ечимида қийинчилик туғилса маслаҳатга борамиз, биргаликда тадбирлар, аҳоли билан учрашувлар ўтказамиз. Бу ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлади. Аҳиллик, ҳамжиҳатлик, кенгашиб ишлаш бугуннинг талаби эканлигини ушбу конференцияда яна бир бор англадик...

Ҳисобот-сайлов конферен­ция­си ана шу тарзда қизғин ўтди. Унинг ишида барча туман партия кенгашлари раислари, партия гуруҳлари раҳбарлари иштирок этди.

Кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференцияда Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, ­Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Фахритдин ­Ражабов қатнашди ва фракция билан партия гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиради.

Йирик вилоят маркази бўл­ган Қарши шаҳар партия ташкилоти раҳбари қандай бўлиши керак? Умуман, партия етакчиси бугун қандай ишлаши лозим? Бу саволларга конференцияда атрофлича жавоб берилди.

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.