Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
19.07.2014

МАҲАЛЛИЙ ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ:

ваколат кенгайиб, масъулият ошмоқда

Дунё мамлакатлари тарихи, тажрибасидан маълумки, давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бу — ўзига хос мураккаб жараён. Айниқса, вакиллик органлари демократия тамойиллари асосида фаолият юритишига эришиш тизимли ислоҳотларни тақозо этади.

Мустақиллик йилларида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг самарали фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий асос яратилди. Уларнинг конституциявий ҳуқуқлари Асосий қонунимизнинг «Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари» номли йигирма биринчи бобида мустаҳкамлаб қўйилди. Шунинг­дек, Ўзбекистон Республикасининг бир неча қонун ва қонун­ости ҳужжатларида бу борада зарур нормалар белгиланди. Хусусан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасида вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунинг­дек, шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан таш­қари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир, деб белгиланган.

Таъкидлаш керак, айни пайт­да  Олий Мажлис Сенати комиссия ва қўмиталари халқ де­путатлари маҳаллий Кенгашлари, уларнинг доимий комис­сия­лари ишини янада яхшилаш мақсадида фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, ­Сенатда Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия тузилган. Унинг асосий вазифалари минтақаларни ижтимоий-иқ­тисодий ривожлантиришда Сенатнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш механизмини такомиллаштириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссия­лари ваколатларини рўёбга чиқаришда уларга амалий ва услубий ёрдам бериш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, доимий комис­сия­лар раҳбарларининг фаолияти самарали ташкил этилиши учун масъу­лиятини ошириш ҳи­соб­ла­нади.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарори билан «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти» ва «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси тўғрисидаги намунавий низом» тасдиқланган.

Бугунги кунда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг  фаолиятини янада жонлантириш муҳим аҳа­мият касб этади.

Президентимиз «Мамлакатимизни модернизация қи­лиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш — устувор мақсадимиздир» номли маърузасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига партияларнинг таъсирини ошириш даркорлигини таъкидлаган. Дарҳақиқат, сессия муҳокамасига киритилаётган муҳим аҳамиятга эга масалаларни тайёрлашда сиёсий партияларнинг гуруҳлари фаоллигини янада ошириш зарур.

«Маҳаллий давлат ҳокимия­ти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, халқ депутатлари Кенгашининг асосий иш шакли сессиядир. Ўтказиладиган сессияларда маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг у ёки бу масала юзасидан ҳисоботларини, ахборотларини муҳокама қилиб бориш амалиётидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиш лозим.

Маълумки, халқ депутатлари Кенгаши сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун ўз ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида фаолиятни амалга оширувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши мумкин. Доимий комиссиялар тегишли Кенгаш қарорларини ва қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, ваколатлари доирасида назорат ўрнатиш ҳуқуқига эга. Қайд этиш керак, доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади ва уларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ойда камида бир марта ўтказилади. Доимий комиссиялар йиллик иш режаларини ишлаб чиқишда мажлисларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши масаласини ҳисобга олишлари керак.

Шунингдек, доимий комиссиялар ўз ҳужжатларини расмийлаштиришда, иш режаларини шакллантиришда ва ишлаб чиқишда «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий Низом» талабларига риоя қилишлари муҳим ҳисобланади. Чунки ушбу Низомда доимий комиссияларни шакллантириш ва ишини ташкил қи­лиш тартиби, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатлари белгиланган. Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашлари сессияларига киритилаётган масалалар даст­лабки тарзда доимий комиссиялар томонидан ҳар томонлама кўриб чиқилишига эътибор қаратиш ва доимий комиссиялар томонидан ўз қарорларини ижро этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти янада самарали бўлишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, доимий комиссияларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги қарорларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп этиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органи ҳисобланган халқ депутатлари Кенгаши депутати ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши маҳаллий ҳокимият вакиллик органи иш ­фаолиятининг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунининг 5-моддасида депутатнинг ҳуқуқларидан бири сифатида депутат сўрови билан мурожаат этиш ҳуқуқи белгиланган. Депутат сўрови тушунчасига эътибор қаратадиган бўлсак, депутат сўрови — бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларининг мансабдор шахс­ларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби кўрсатилган мурожаати ҳисобланади. Албатта, энг муҳим ва долзарб масалаларни ҳал этишда депутатлик сўрови юбориш институтидан кенг фойдаланиш муаммолар ва уларнинг сабабларини чуқур ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг оммавий ахборот воситаларида доимий равишда чиқиши долзарб масаладир. Фикримизча, аҳолини Кенгашлар фаолияти, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида хабардор қилиш, улар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида ахборот хизматлари ташкил қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугунги кунда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан ҳар соҳада кенг фойдаланилмоқда. Демак, Кенгашларнинг интернет тармоғидаги веб-саҳифаларини янада жонлантириш, мавжуд бўлмаганларини эса ташкил қилиш давр талабидир.

Мухтасар қилиб айтганда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида маҳаллий ижро ҳокимияти ҳисоботларини, ахборотларини муҳокама қилиб бориш, доимий комиссиялар фаолия­тини ҳар томонлама кучайтириш маҳаллий вакиллик органларининг жамият ҳаётига таъсирини оширишга хизмат қилади.

 Давронбек ОЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими.



DB query error.
Please try later.