19.07.2014

САЙЛОВЧИ ИШОНЧИ — КАТТА МАСЪУЛИЯТ

Биз яшайдиган 22-уй таъмирталаб бўлиб қолганди, — дейди Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Насиба Ризаева. — Ёғин-сочин мавсумида бино томидан чакки ўтарди. Юқори қаватда яшовчиларнинг аҳволи танг эди. Бунинг устига ертўладан зах ҳиди кўтарилиб, атрофни тутиб кетарди. Бизга «Сифат-коммуналчи» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатар эди. Уйнинг аҳволидан бир неча марта ширкат раҳбарини хабардор этдик. У турли важлар кўрсатиб, шикоятимизни эътиборсиз қолдирди. Сўнг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддас Раҳматуллаевага мурожаат этдик. Унинг депутатлик сўрови асосида мутасадди ташкилотлар томонидан тўрт қаватли уй ертўласининг ҳолати яхшиланди.

Бино томини тузатиш ишлари ширкатга юклатилди. Ҳозирда у таъмирдан чиқарилган. Бинонинг санитар аҳволини доимо назорат қилиб туриш мақсадида туман давлат санитария эпидемиология назорати маркази билан шартнома тузилди.

47-Гулобод сайлов округидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси Муқаддас Раҳматуллаева шу каби кўплаб ҳолатлар юзасидан давлат идоралари ва масъул ташкилотларга мурожаат билан чиқиб, муаммоларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб келмоқда.

Ўтган йили у масъул ташкилот ва давлат идораларига 13 та депутатлик сўрови юбориб, одамларни ўйлантираётган муаммолар бартараф этилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса 27 нафар фуқаро мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилишига амалий ёрдам кўрсатди.

— Сайловда аҳоли бизга катта ишонч билдириб, қўллаб-қувватлаган, — дейди Муқаддас ­Раҳматуллаева. — Демак, улар биздан ёрдам, амалий иш кутади. Биз бу ишончни оқлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳаёти фаровон бўлишига кўмаклашишга масъулмиз.

Шу мақсадда ҳар ҳафта фуқаролар билан учрашаман, муаммолари ва таклифларини эшитаман.

Яқинда «Новза» маҳалласи фуқароларидан шикоят хати тушди. Унда қайд этилишича, Самар­қанд дарвоза кўчасида автомобилларнинг тартибсиз ҳаракати оқибатида пиёдалар, айниқса, 54-мактаб ҳамда Тошкент меҳмонхона ва сервис коллежи ўқувчилари учун ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муаммолар туғилаётган экан. Йўл ёқасида болалар майдончасининг борлигини ҳисобга олсак, масалани ҳал этиш янада долзарб аҳамиятга эгалиги маълум бўлади. Бу ердаги вазиятни чуқур ўрганиб чиқиб, шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига қилган мурожаа­тим эътиборсиз қолмади. Самарқанд дарвоза кўчасида ҳаракатни тартибга солиш мақсадида йўл чироқлари ва белгилар ўрнатилди. Шунингдек, бу йўлларда доимий рейд ўтказиб туриладиган бўлди.

ЎзХДП дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис мазкур масала ҳам депутатнинг доимий назоратида туради. Яқинда депутат 7 нафар ёш тиббиёт мутахассиси ишга жойлашишига ёрдам кўрсатди.

— Тиббиёт коллежини тамомлагач, иш топишда қатор муаммоларга дуч келдим, — дейди ­Дилафруз Зайниддинова. — Қўни-қўшниларимнинг тавсияси билан депутат Муқаддас Раҳматуллаевага мурожаат этдим. Унинг ёрдами билан турар жойимга яқин ҳудудда жойлашган поликлиникага умумий амалиёт ҳамшираси бўлиб ишга кирдим.

— Депутатлик фаолияти кишидан тиниб-тинчимасликни, ўзига нисбатан ўта талабчанликни тақозо этади, — дейди Муқаддас Раҳматуллаева. — Ҳали қилишимиз лозим бўлган ишлар талайгина. Айрим бошланғич партия ташкилотлари билан алоқамиз етарли даражада мустаҳкамланмаган. Бошланғич партия ташкилотларида сиёсий ўқувлар, ранг-баранг тадбирлар ўтказиш, жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш навбатдаги вазифаларимиздан ҳисобланади. Депутат одамлар орасида бўлиши, уларнинг манфаати учун елиб-югуриши керак. Шунда муваффақиятга эришади, обрў-эътибор қозонади.

Наргиза ҲУСАНОВА



DB query error.
Please try later.