19.07.2014

ТУРКИЯ ПАРЛАМЕНТИ: ҲАЁТ ҲАҚИҚАТИГА АСОСЛАНГАН ҒОЯЛАР

ҳар доим қўллаб-қувватланади

Туркия парламенти — Буюк Миллат Мажлисида тўрт йил муддатга сайланадиган 550 депутат фаолият юритади. Бир палатали парламентга сўнгги сайловларда 27 партия ўзаро кураш олиб борди. Сайловлар 85 округда бўлиб ўтди. Парламентга кириш учун сиёсий партия сайловчилар умумий овозининг 10 фоизидан кўпроғини қўлга киритиши лозим.

Туркияда ҳар бир сиёсий партия мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш бўйича ўзининг аниқ дастурий йўналишларига эга. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, қўшимча иш ўринлари яратиш, ёшларга алоҳида эътибор қаратиш ғояларини илгари сурувчи Республика Халқ партияси мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

Республика Халқ партиясининг илдизи ўтган асрнинг
20-йилларига бориб тақалади. ­Мустафо Камол Отатурк бу партиянинг асосчиси ҳисобланади. Партия 1923 йилнинг
9 сентябрида расман ташкил этилади. Партия ташаббуси билан ўша йилнинг 29 октябри­да Туркияга Республика мақоми берилади. 1924 йилдан ташкилот Республика Халқ партияси номи билан атала бошланади ҳамда 1950 йилга қадар Туркиядаги ягона сиёсий партия бўлиб қолди.

Республика Халқ партияси дастурида инсон ҳуқуқлари ҳимояси бош масала сифатида қайд этилган. Унда келтирилишича, қашшоқлик ва очликка йўл қўйилмайди ва кишилар бандлиги, албатта, таъминланади. Одамлар ўртасида ижтимоий хайрихоҳлик шакл­лантирилади. Ёрдамга муҳтож кишиларнинг муаммолари ўрганилади ва ижобий ҳал этилади.

Республика Халқ партияси Туркияда демократиянинг қарор топиши, таъбир жоиз бўлса, секин-аста ўсиб-унишида, миллий давлатчилик асослари мустаҳкамланишида тарихий ҳисса қўшди. Мутахассислар фикрича, бу партия ўзида социал, яъни ижтимоий демократиянинг барча принципларини мужассамлаштирган. Партия Халқаро социал-демократик нодавлат ташкилотининг аъзоси ҳисобланади.

Туркия парламентига 2011 йилда бўлиб ўтган охирги сайловда Республика Халқ партия­си 11 миллиондан ортиқ сайловчи овозини (25,91 фоиз) тўплаб, 550 ўриндан 135 тасини забт этди. Гарчи партия Адолат ва Тараққиёт партиясидан кейинги ўринни қўлга киритган бўлса-да, бу кўрсаткич олдинги сайловга қараганда 23 ўринга кўп бўлди. Айрим кузатувчи ва таҳлилчиларнинг хулосасига кўра, Туркияда социал демократия ғоялари тарафдорлари борган сари ортмоқда.

Консерватив ғоялар тарафдори бўлмиш Адолат ва Тараққиёт партияси парламент сайловида 326 ўрин билан етакчилик қилган бўлсада, бу натижа ўтган галги сайлов натижаларидан 15 ўринга камайган. Нега шундай бўлди, деган саволга маҳаллий экспертлар фуқаролар ўртасида Республика Халқ партиясига ишонч кучайиб бораётганини кўрсатишмоқда.

Партиянинг Дастури мамлакатдаги ислоҳотларни пухта ўйлаб, босқичма-босқич юритишга, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олишга қаратилган. Социал демократия ғоялари жозибадорлигининг асоси ана шунда кўринмоқда. Сўнгги пайтларда пар­тиянинг нафақа ва пенсия ислоҳотларини чуқурлаштириш юзасидан олға сураётган масалалари қўллаб-қувватланиб, юқори эътирофга сазовор бўлаётир.

Асосан икки сиёсий партия ҳақида тўхталаётганимизнинг боиси бу партиялар Туркия ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Сиё­сий рақобат кўпроқ ана шу партиялар ўртасида кечмоқда. Эътиборли томони шундаки, партиялараро мунозаралар нафақат сайловолди жараёнларида, балки мунтазам равишда давом этади. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ долзарб масалалардаги хилма-хил ёндашувлар партиялар етакчилари томонидан ўртага ташланади. Бу жараён оммавий ахборот воситаларида мунтазам акс этади.

Шуни таъкидлаш керакки, сўнгги вақтда сиёсий партиялар етакчилари алоҳида мавзуга айланиб бормоқда. Хулосаларга кўра, партия дастури, ғоялари қанчалик жозибадор бўлмасин, одамлар овоз беришда кўпроқ етакчининг бошчилик қобилиятини, халқнинг кўнгли ва кайфиятини қай даражада тушуна олишини, билими ва зеҳн-заковатини ҳисобга олар экан. Туркияда партиялар ўз етакчиларини сайлашда ҳамма нарсадан олдин ана шу мезонларга эътибор қаратаётир.

Партияларнинг етакчилари асосли хулосалар билан мухолифларини мамлакат келажаги, халқ тақдирига дахлдор масалаларда амалий ишларга чақириб келади. Республика Халқ партиясининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, бу партия ҳукуматни халқ шикоятларини ўрганишга, берилган ваъдалар устидан чиқишга ундаб келади.

Охирги парламент сайловида, шунингдек, Халқ ҳаракати, Халқ овози, Демократия ва Тинчлик, Буюк бирлик партиялари ҳам бошқа партияларга нисбатан юқори кўрсаткичларни қўлга киритган.

Бу мамлакат парламентида тарози палласи гоҳ у, гоҳ бош­қа партия ёки яна бир сиёсий иттифоқ томонга оғиб туради. Лекин бу ҳолат демократиянинг умумий характери ва мувозанатига асло салбий таъсир ўтказмайди. Чунки ҳар бир партия ўз ғоясини илгари сурар экан, аввало, мамлакат тараққиётини, халқ фаровонлигини ўйлайди.

Сарвар РАҲИМОВ



DB query error.
Please try later.