17.07.2014

САЙЛОВ ВА САЙЛАНИШ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАНАДИ

Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини кафолатлаш демократиянинг асосий шарти ҳисобланади. Бусиз демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриб бўлмайди. Чунки одамлар сайлаш ва сайланишни устувор ҳуқуқ сифатида чуқур идрок этмоқда. Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва жипслиги кўп жиҳатдан сайлов жараёнларининг одилона ташкил қилинишига боғлиқ бўлиб қолаётир.

ЎзХДП фракциясининг нав­батдаги йиғилишида «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир неча депутатлари ишлаб чиқиб, муҳокамага тақдим этди.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси Марказий сайлов комис­сия­сини ташкил этиш ва фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ конституциявий кафолатларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Қонун лойиҳасида учта асосий қоида назарда тутилаяпти. Улар  Марказий сайлов комиссияси ваколатларини янада кенгайтириш, унинг фаолиятини молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этишдан иборат.

Бу борада «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунга, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаяпти.

Абдуманноб Раҳимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сайлов тўғ­рисидаги қонун ҳужжатлари изчил ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилмоқда. Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари хорижий тажрибаларни ҳам инобатга олган ҳолда такомиллаштириб борилаяпти.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғоялар сайлов қонунчилигини ривожлантиришда муҳим асос бўлди.

Марказий сайлов комис­сия­си мустақил иш юритади. Унинг фаолиятига давлат ҳокимияти бошқа органларининг аралашувига йўл қўйилмайди. Марказий сайлов комиссияси ишига, сайлов жараёнларига аралашиш қонунни бузиш ҳисобланади. Жорий этилаётган янги тартибга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси мустақил молиявий асосга эга бўлади. Унинг фаолияти учун давлат бюджетидан кафолатли маблағ ажратиб қўйилади. Буларнинг барчаси сайловлар адолатли ўтишига шароит яратади.

Аҳад Аҳмедов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

 Марказий сайлов комиссияси ваколатларини янада кенгайтириш, унинг мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлаш учун «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунга бир неча ўзгартиш ва қўшимчалар таклиф этилаяпти.

Марказий сайлов комис­сия­си фаолиятининг асосий принциплари (мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик) ва уларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда. Хусусан, мустақиллик принципига асосан Марказий сайлов комиссияси ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ёки мансабдор шахслардан мустақил равишда фаолият юритади. Унинг фао­лия­тига аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Ошкоралик принципига асосан Марказий сайлов комиссияси маж­лислари очиқ тарзда ўтказилади, яъни уларда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бош­қа давлатлардан, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирок этиши мумкин бўлади.

Депутатлар қонун лойиҳасининг ҳар бир моддасида назарда тутилаётган меъёрларни муҳим, деб ҳисоблашди.

ЎзХДП фракцияси сайлов жараёнларини демократлаштиришга хизмат қилишини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози»

мухбири.



DB query error.
Please try later.