17.07.2014

ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ

Одатда сиёсий партиянинг кучи, мавқеи, нуфузи аъзоларининг салоҳияти, билими, шу партия ғояларига садоқати, фидойилиги билан ўлчанади. Буни изоҳлаб, исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Шу маънода ЎзХДП сафларида ҳам партия ғоялари, дастурий мақсадлари учун астойдил курашувчи, эътиқоди мустаҳкам, ҳар жиҳатдан бошқаларга ўрнак бўладиган партиядошларимизнинг кўплиги кишини қувонтиради. Ана шундай фаоллар сирасига Мирзачўл туманилик Ҳаким Намозовни ҳам киритса бўлади.

Ҳаким ака умрининг асосий қисмини Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан узвий равишда боғлаганлардан. Партияни ташкил этиш, оёққа тур­ғизиш, унинг сафларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этган. Узоқ йиллардан бери партия Мирзачўл туман кенгашига етакчилик қилиб келмоқда. Шунингдек, у туман кенгаши депутати, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

— Ҳаким ака партиямиз ғояларига эътиқодли, изланишдан, меҳнат қилишдан тўхтамайдиган етакчиларимиздан, — дейди ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси Мўътабар Каримова. — Партиявий-ташкилий, маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларимизнинг барчасида у кишини бошқаларга намуна қилиб кўрсатишга ўрганиб қолганмиз. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, партиямиз гуруҳлари, туман Кенгашлари раислари Ҳаким акани бот-бот сўраб, излаб туришлари ҳам бежиз эмас. Чунки унинг иш фаолиятида ўрганишга, ҳавас қилишга, қўллашга арзийдиган жиҳатлар ҳамиша топилади.  

Бугун халқ депутатлари туман Кенгашида фаолият кўрсатаётган 22 нафар депутатнинг 13 нафарини ЎзХДП аъзолари ташкил этади. Мавжуд 6 та доимий комиссиянинг 4 тасига партиямиздан сайланган депутатлар раҳбарлик қилаяпти. ЎзХДП депутатлари ташаббуси ва таклифи билан ҳар йили камида битта масала туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилмоқда ва электорат манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилинишига эришилаяпти. Сессиялар муҳокамасига масалаларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш, уларнинг ижросини таъминлашда ҳам Ҳаким ака асосий ташаббускор.

— ЎзХДП туман кенгаши ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳи тумандаги 6 та қишлоқ врачлик пунктида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқаяпти, — дейди Ҳаким Намозов. — Мониторинг натижаларини аввал партия гуруҳимизда, сўнг тегишли доимий комиссияда кўриб чиқиб, учинчи чоракда туман Кенгаши сессияси муҳокамасига қўймоқчимиз. Ўйлаймизки, бу ишимиз «Соғлом бола йили»да тиббий хизмат сифатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этишга хизмат қилади.

Яқинда тумандаги бир гуруҳ ёшлар ЎзХДП аъзолигига қабул қилинди. Улар орасида «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танловининг туман босқичи ғолибаси, Мирзачўл агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ойгул Бурхонова ҳам бор. У аъзолик гувоҳномасини қўлига олар экан, партияга киришдан мақсад-муддаосини, дилидаги ниятини шундай ифодалади:

— Ҳаким ака, сиз ва сиз каби ЎзХДП аъзоларига ҳавас қиламан. Шу ҳавас мени ЎзХДП сафига ўтишга ундади. Сизлардек фидойи, партия ишига содиқ аъзо бўлсам, юрт равнақи, халқ фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшсам эзгу ниятларимга етган бўламан.

Дарвоқе, бугун тумандаги 21 та бошланғич ташкилот сафида 880 нафар ЎзХДП аъзоси бор. Улар жойларда партия ғоя ва мақсадларини тарғиб этиш, сиёсий куч сифатида унинг обрўси, мавқеини ошириш учун астойдил ҳаракат қилаяпти.

— Ҳаёт ҳақида ҳар кимнинг ўз фикри бор, албатта. Аммо қандай умр кечириш одамнинг ўзига боғлиқ, — дейди Ҳаким ака. — Мен партиямиз сафида бўлиб, одамларга озгина бўлсада фойдам тегаётганидан хурсандман.

Ҳаким ака Намозовнинг партиямиз олдидаги кўп йиллик ҳалол, фидойи хизматлари инобатга олиниб, у кишининг номи ЎзХДПнинг «Эҳтиром китоби»га ёзилди.Чиндан ҳам у ҳурматга, эҳтиромга муносиб.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.