17.07.2014

МАДАНИЯТ ВА ДАМ ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ

халқимиз турмуш фаровонлигига хизмат қилади

Юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга ўзгариб, тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Қишлоқ жойларда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, мазмунли дам олишини ташкил этиш ҳамда ҳамюртларимизга юқори савияда маданий хизмат кўрсатиш мақсадида дам олиш масканлари, маданият марказлари, истироҳат боғлари, спорт иншоотлари қад ростламоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июнда қабул қилинган «2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2013-2018 йиллар давомида мамлакатимиздаги маданият уйи ва клублар негизида 894 маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиб, уларнинг моддий-техник базаси тўлиқ янгиланади ва замонавий қиёфа касб этади, хизмат турлари кўпаяди.

Шунингдек, янги ташкил этилаётган марказларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тар­ғиб қилиш мақсадида мунтазам равишда фото ва амалий санъат кўргазмалари, танловлар, халқ ижодиёти ва томоша санъати фестиваллари ўтказилади.

Шундай марказлардан навбатдагиси куни кеча Кегайли ва Беруний туманларида очилди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда Мустақиллигимизнинг 23 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида «Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним» шиори остида ташкил этилган мазкур маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг тантанали очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтди.

Таъкидлаш жоизки, Кегейли тумани замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказида 5 тўгарак ташкил этилган. Дуторчилар, рақс, драма, бичиш-тикиш, вокал инструментал ансамбль тўгараклари, «Жайҳун» вокал инс­трументал халқ ансамбли, «Жилва» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Халқ» театрига жами 220 нафар иштирокчи жалб қилинган. 34 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган мазкур марказ  қурилишига қарийб 571 млн. сўм маблағ сарф­ланди.

Беруний туманидаги Махтумқули номли замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказида рубоб, доира, бичиш-тикиш, драма тўгараклари, тасвирий санъат студияси, дуторчи қизлар ансамбли, ашула ва рақс ансамбли жамоалари фаолият кўрсатади.

Янги марказлар, аҳолининг тобора ўсиб бораётган маданий эҳтиёжларини қондиришга, ёшларнинг иқтидори, лаёқати ва қизиқишларини тўғри йўналтиришга, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.