15.07.2014

ПАРТИЯНИНГ КУЧИ ВА МАВҚЕИ

амалий ишлари билан мустаҳкамланади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ижроия қўмита аъзолари билан бирга, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Қорақалпоғистон республика, вилоят ҳамда туман партия кенгашлари раислари қатнашди.

Дастлаб йиғилишда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорда белгиланган вазифалар, истиқлол байрамини муносиб нишонлаш, бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

ЎзХДП мамлакатимизда йигирма уч йиллик мустaқил тaрaққиёт йўлида эришилган тарихий ютуқларни юксак қадрлаши, юртимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани, шу орқали халқимиз фаровонлигининг кафолати таъминланаётгани таъкидланди. Ҳар бир тадбирни кўтаринки кайфиятда, очиқ ва самимий руҳда, одамлар билан фикр алмашиш тарзида ўтказиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг жорий йил ўтган давридаги фаолияти якунлари ҳамда кун тартибидаги бошқа масалалар танқидий ёндашув билан кўриб чиқилди.

2014 йилга мўлжалланган партия Ҳаракат дастури ижроси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан доимий комиссия ҳамда сессияларда кўрилган масалалар ва уларнинг натижалари таҳлил қилинди. Йил бошидан бери халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари йиғилишларида Ҳаракат дастурида белгиланган, шунингдек, электорат манфаатларига қаратилган 180 га яқин масала муҳокама этилган. Шундан 89 масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги тегишли доимий комиссияларга, 38 масала сессияларга олиб чиқилган.

Маълумки, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, жойлардаги ижтимоий масалаларга тез ва самарали ечим топишда депутатлик сўрови институти муҳим ўрин тутади. ЎзХДП гуруҳлари ўз фаолиятида бунга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари аъзолари аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди идора-ташкилотларга 400 га яқин депутатлик сўрови юборишган. Аксарият сўровларга жавоблар олинган, тегишли ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати яхшиланишига эришилган.

Йиғилишда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш, масалаларни сидқидилдан ўрганиб, доимий комиссия, сессияларга кўтариш, пухта ўйланган таклифлар ишлаб чиқиш бўйича фаол ва ташаббускор партия гуруҳлари фаолияти мисолида тавсиялар берилди.

Ижроия қўмита аъзолари, шунингдек, тарғибот-ташвиқот ишларини янги технологиялар асосида олиб бориш зарурлигига эътибор қаратишди. Бу борада Андижон вилоят партия кенгаши иш тажрибасини ўрганиш тавсия этилди.

Йиғилишда «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорнинг бажарилишида ЎзХДП гуруҳларининг иштироки (Жиззах вилояти мисолида), «Ёш сиёсатчи-2014» кўрик танловининг дастлабки босқичлари якунлари ҳам жиддий муҳокамадан ўтказилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат ­Абдуллаева, Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиё­сат масалалари бўлими мудири Боймурод Юсупов, Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Гулшан Асатова, «Истиқбол» ёшлар қаноти маркази катта референти Умрбек Бектемиров ва бош­қалар таҳлилий ўрганиш натижалари, чиқарилган хулосалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда партия фаолияти билан боғлиқ бош­қа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ҳар бир масала бўйича ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз



DB query error.
Please try later.