Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
15.07.2014

СОҒЛОМ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШ

кўп жиҳатдан мактабгача таълим муассасаларига боғлиқ

Аввал хабар қилинганидек, ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нав­батдаги парламент эшитуви бўлди. Унда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати ва истиқболлари бўйича Халқ таълими вазирининг ахбороти тингланди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда республикамизда жами 4950 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 52205 нафар педагог ходим 582 минг нафарга яқин болага таълим-тарбия бермоқда.

Боғчаларнинг 4654 таси, яъни 94 фоизи умумий (оммавий) типдаги мактабгача таълим муассасаси ҳисобланади. Жисмоний ва психик ривожланишида турли нуқсонлари мавжуд болалар учун мўлжалланган боғчалар 195, Санатория (заиф, турли юқумли касалликларни бошидан кечирган болалар учун) типдаги боғчалар эса 101 тани ташкил этади. Мактабгача таълим муассасаларининг 3604 таси замонавий, 1346 таси мослаштирилган биноларда фаолият юритмоқда. Ҳозирда 75 та хусусийлаштирилган боғча ишлаб турибди.

Парламент эшитувида мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг муҳим жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини замон талаблари даражасида тубдан ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракат депутатлик гуруҳи кун тартибидаги масала бўйича ўз нуқтаи-назарлари ва позицияларини билдирди.

Хусусан, ЎзХДП фракцияси мустақиллик йилларида мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълимга янгича мазмун ва педагогик-инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Абдуғаффор Қирғизбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар партиямиз дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларига мос келади. Фракциямиз парламентда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати ва истиқболларининг кўриб чиқилиши бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишнинг кенгайиши, аввало, фарзандларимизни болалигидан мустақиллик ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, тизимда янги иш ўринлари яратилиши, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш имконият­ларини кенгай­тиради. Булар ЎзХДП­­­­­нинг диққат мар­­кази­даги масалалардир.

Бир неча йилдан буён мамлакатимизда Давлат бюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани, бунинг таркибида таълим тизимига сарфланаётган маблағнинг юқори экани таълим масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланганидан далолат беради. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий-меъёрий асослари такомиллашмоқда, нодавлат боғчалар тармоғи кенгайтирилиб, молия институтлари иштирокида ушбу йўналишда қатор инвес­тиция­вий лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида ҳам мактабгача таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қилинаётган ишларни эътироф этган ҳолда, соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича ўз таклифларини маълум қилди.

Фракциямиз 2015-2020 йилларда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилиши мўлжалланган давлат дастурида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ички салоҳиятидан кенг фойдаланиш лозим, деб ҳисоблайди. Дастур доирасида қишлоқ жойларида, айниқса, боғчалар мавжуд бўлмаган қишлоқларда замонавий мактабгача таълим муассасаларини қуришни режалаштириш зарур. Шунингдек, қиш­лоқ жойларида қурилаётган намунавий уй-жойлар атрофидаги ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш жараёнида боғчаларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиш лозим.

Гулноза Эрназарова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси:

Фракциямиз фикрича, мактабгача таълим муассасаларини  кадрлар билан етарли даражада таъминлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириб бориш бугунги кун талабидир. Мактабгача таълим муассасаларида қатор мутахассисларга катта эҳтиёж бор. Жумладан, болаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш,  интеллектуал, шахсий ва жисмоний ривожланишини таъминлаш, логопед, дефектолог, қолаверса, жисмоний тарбия бўйича мутахассисларнинг етишмаслиги кўзга ташланмоқда.

Махсус мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганиш натижалари кўрсатмоқдаки, улар учун индивидуал махсус дастурларни қайта кўриб чиқиш ва қабул қилиш зарур. Нодавлат (хусусий) мактабгача таълим тизими бўйича ҳу­қуқий асосни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, боғчаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашнинг содда ва самарали механизмини жорий этиш тавсия этилади.

Мактабгача таълим муассасалари таъминотига қаратилаётган бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш ниҳоятда муҳимдир. Шунинг учун фракциямиз ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари, партиямизнинг ҳудудий ташкилотлари мазкур масалани, умуман, баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ вазифаларни устувор йўналишлардан, деб ҳисоблайди.

Парламент эшитувида ЎзХДП фракцияси Халқ таълими вазирининг болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати ва истиқболлари ҳақидаги ахборотини қўллаб-қувватлади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тўлқин ТЎРАХОНОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.