15.07.2014

ФАОЛЛИК ВА ТАШАББУСКОРЛИК

туфайли электорат манфаати самарали ҳимоя этилмоқда

Мирзачўл. Бир вақтлар бу саҳрода шаҳар барпо этиш саробга ўхшар эди. Бугун эса бу ерда жадаллик билан ривожланаётган Янгиер шаҳри ўз кўркини кўз-кўз қилиб турибди. Айни пайтда шаҳарни янада тараққий эттириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича катта ишлар бажарилмоқда. Бу жараёнда ЎзХДП ташкилотлари иштироки қандай бўлаяпти?

Сирдарё вилояти, Янгиер шаҳар партия кенгашининг ҳисобот-сайлов конференциясида ЎзХДП Янгиер шаҳар кенгаши ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳининг 2009-2014 йиллардаги фаолияти таҳлил этилганда ана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Унда Янгиер шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини бажариш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини таъминлашда партия ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар ва олдинда турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

— Аввало шуни айтиш керакки, ҳисобот даврида партия ташкилотларимиз томонидан мафкуравий, ташкилий, тарғибот-ташвиқот йўналишларида муҳим ишлар қилинди, — деди ЎзХДП Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Исматилла Исоқов. — Бугунги кунда 20 бошланғич ташкилотимиз фаолият кўрсатмоқда. Уларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари юқори савияда ўтказилди. Ўтган давр мобайнида 450 нафарга яқин фуқаро партиямизга қабул қилинди.

Шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электоратни ўйлантираётган масалалар партия ташкилотларимиз томонидан доимий равишда таҳлил этиб борилмоқда. Хусусан, Банд­ликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан ҳамкорликда касб-ҳунар таълими ­муассасалари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича корхоналарда амалиёт ўташи, мазкур корхоналарда ишга жойлашиши, тегишли идоралар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ўтказиш, ёшларни оилавий тадбиркорликка жалб қилиш каби йўналишларда иш олиб борилди.

Партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича тизимли равишда ўқувлар ташкил этилди. Шунингдек, Жамоатчилик қабулхонасига ҳисобот даврида 300 га яқин мурожаат бўлди. Шундан 250 дан ортиғи ижобий ҳал қилинган, 24 таси назоратга олинди. Мурожаатларнинг асосий қисми бандлик, кредит олиш, коммунал соҳа билан боғлиқ масалалар бўлиб, улар тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида бартараф этилди.

Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасида қатор ташаббуслар билан чиқди. Жумладан, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлашни янада яхшилаш, сифатли тиббий хизматни ташкил этиш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини кучайтириш, уй-жой коммунал хизмат соҳасидаги масалаларни ҳал этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида кўплаб амалий ишлар бажарилди.

Партия гуруҳимиз аъзолари томонидан ҳисобот даврида турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда 120 депутатлик сўрови юборилган. Улар 200 дан ортиқ сайловчи билан учрашувлар, 100 га яқин оммавий сиёсий тадбирларда фаол иштирок этдилар.      

Сўзга чиққанлар шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. Бу жараёнда ЎзХДП ташкилотлари ҳамда депутатлари фаол иштирок этмоқда. Бу эса партиянинг аҳоли орасига чуқур кириб бориши, уларни ўйлантираётган масалаларни ижобий ҳал этиш имконини кенгайтиради.

— Бугунги кунда «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари жамиятимизнинг энг фаол йигит-қизлари ҳисобланади, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Янгиер шаҳар бўлими етакчиси Озода Ирисқулова. — Биз партиямиз ғояларини тарғиб этиш билан бирга Президентимизнинг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қарори ижросини таъминлаш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, ёшлар ҳуқуқ ва эркинликлари, эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари, «оммавий маданият»га қарши кураш каби мавзуларда тадбирлар ўтказиб келаяпмиз.

— Тарғибот-ташвиқот ишларини замонавий ахборот технологиялари ёрдамида, жонли мулоқот тарзида олиб бормоқдамиз, — дейди ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Янгиер шаҳар бўлими етакчиси Муқаддас Ўринбоева. — Жумладан, ўтган йил мобайнида 10 дан зиёд учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. «Соғлом оила — жамият таянчи», «Оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари» каби мавзуларда ўтказилган тадбирларимиз бола тарбияси билан машғул аёллар, балоғат ёшидаги қизларнинг маънавий ва тиббий маданиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу йўналишдаги ишларимизни Соғлом бола йилида янада кучайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Конференцияда ЎзХДП Янгиер шаҳар кенгаши тафтиш комиссиясининг ҳисоботи ҳам тингланди. Шунингдек, ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.