15.07.2014

ИСТЕЪМОЛЧИ МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

фуқаролардан ҳуқуқий саводхонликни, мутасадди идоралардан эса ўз фаолиятини масъулият билан бажаришни талаб қилади

Истеъмолчилар ҳуқуқларининг қонун ҳимоясига олиниши бозор муносабатларини тартибга солиш, товар ва хизматлар сифати устидан жамоатчилик назоратини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида», «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида», «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида», «Товар белгилари, хизмат белгилари ва товарни келиб чиқиш жойи, номи тўғрисида», «Стандартлаштириш тўғрисида» ва «Метрология тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бир қатор меъёрий ҳужжатлар истеъмолчи ҳимоясининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

 Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси эса бевосита истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамоат ташкилотидир. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси борасидаги қонун-қоидаларнинг тарғибот-ташвиқоти Федерация ва унинг ҳудудий ташкилотлари доимий эътиборида. Дарҳақиқат, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш кўплаб муаммоларни ечиш ва олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. 

Давра суҳбати, ўқув-семинарлар ва ОАВ орқали чиқишлар билан бир қаторда бундай тарғибот ишларини корхона, ташкилот, маҳалла ва муассасаларда, энг гавжум масканлардан бири — бозорларда ҳам олиб бориш йўлга қўйилди. Хусусан, туман ва  шаҳар марказларида жойлашган деҳқон бозорлари радиоузеллари орқали харидор учун кўрсатилаётган хизмат турлари ва нархлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар узатилаяпти. «Истеъмолчиларни ҳушёрликка чорлаймиз», «Сизга қандай савдо хизмати кўрсатилмоқда?», «Истеъмолчи, ҳуқуқингизни билинг!» мавзусидаги маърузалар харидор билан сотувчи ўртасидаги муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.     

2014 йилнинг ўтган даврида Федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига истеъмолчилардан 2 мингга яқин шикоят ва аризалар келиб тушди. Мурожаатларнинг 91,4 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 650 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.  Мурожаатларнинг аксарияти табиий газ ва электр таъминоти соҳасига, савдо, коммунал хизмат кўрсатиш, алоқа, транспорт, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга тааллуқлидир.

Коммунал хизмат турларидан бўлаётган эътирозларда ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, иссиқлик етказиб бериш, демонтаж масаласи, газ учун нореал қарздорликлар, қаттиқ чиқинди ва канализация масаласи (ўз вақтида олиб чиқилмаслик, графикка риоя қилмаслик), кўрсатилмаган хизмат учун электр-энергияга ҳақ олиш, электр ҳисоблагичларни мажбуран таш­қарига олиб чиқиш, ташқарида турган ҳисоблагичларда там­ғаларнинг йўқлиги учун жарималар қўллаш, совуқ сув етказиб бериш (босим пастлиги, ҳисоблагичлар муаммоси)да ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудки, ушбу ҳолатларга чек қўйиш борасида ваколатли органлар билан ҳамкорликда тегишли амалий ишлар олиб борилаяпти.

Федерациянинг интерактив www.istemol.uz ва www.potreb.uz  веб-сайтларининг ишга туширилганлиги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича самарали жамоат тизимини барпо қилишга кўмаклашиш, аҳолининг истеъмолчилик саводхонлиги ва иш маданиятини оширишга қаратилган.

Федерация билан бир қатор вазирликлар, қўмиталар, жамоат ташкилотлари, жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик шарт­номаси имзоланган. ЎзХДП билан ҳамкорликдаги фаолият, энг аввало, фуқаролик жамияти қуришга муносиб ҳисса қўшиш, жамият ҳаётининг барча жаб­ҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш, аҳолининг кам таъминланган эҳтиёжманд қатламлари учун зарур ижтимоий муҳофазани таъминлаш масалаларига хизмат қилади. Бу борада партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан қонун ижодкорлиги фаолиятида яқиндан ҳамкорлик қилаяпмиз. Хусусан, фракциянинг қонунлар муҳокамаси юзасидан бўладиган мажлисида федерация вакиллари иштирок этиб, қонун лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб келмоқдалар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг туб моҳияти фуқароларга муносиб турмуш шароити яратиш ва уларнинг фаровонлигини таъминлашдан иборат. Истеъмолчи манфаатини ҳимоялаш ҳам унинг ажралмас қисмидир.

Олимжон ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси вазифасини бажарувчиси.



DB query error.
Please try later.