12.07.2014

ЙЎЛОВЧИГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАР

қопланиши кафолатланмоқда

Йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки хавфсизлиги учун ташиш хизматини кўрсатаётган корхона-ташкилот жавобгар. Йўловчи манзилига етмасдан хизмат кўрсатувчининг айби ёки эҳтиётсизлиги сабабли зарар кўрса, унинг ўрнини қоплаш хизмат кўрсатувчининг зиммасида бўлади. Бу тартиб адолатли ва ҳуқуқ меъёрларига ҳар томонлама мосдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқаётганда шунга алоҳида эътибор қаратди.

ЎзХДП фракцияси олдинги йиғилишида қонун лойиҳасининг аҳамиятини ҳисобга олиб, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилишини маъқуллаган эди. Депутатлар бу галги йиғилишда қонун лойиҳасининг умумий хусусиятларини муҳокамадан ўтказди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилгани, юк ёки багаж йўқолгани, кам чиққани ва уларга зиён етказилгани (бузилгани) учун ташувчи жавобгар бўлади. Қонун лойиҳаси ана шу тамойил янада тўлиқ амалга ошишини назарда тутади.

Ҳозирда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш кафолати мустаҳкам эмас. Қонун лойиҳаси бу борадаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Яъни, қонун қабул қилинса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар қопланиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланади.

— Бугунги кунда йўловчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар бўйича суғурта ҳимояси «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги қонун билан амалга оширилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Лекин таҳлиллар бу қонун замон талабига жавоб бермаётганини кўрсатмоқда. Бунинг сабаби халқаро тажрибада йўловчининг эмас, ташувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинади.

Фракция аъзоларининг фикрига кўра, қонун лойиҳаси йўловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва ташувчиларнинг масъулиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ЎзХДП дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан мос келади.

Қонун лойиҳасида  йўловчининг, жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланаяпти. Унга кўра, йўловчининг ташувчидан мажбурий суғурта шартномаси шартлари ҳақидаги ҳамда суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни олиш ҳуқуқи кафолатланаяпти. Жабрланган йўловчи, шунингдек, ташувчига ёзма шаклдаги талаб билан мурожаат қилиш, суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлаяпти.

Ташувчининг мажбурий суғурта шартномасини тузиш учун суғурталовчини танлаш, суғурталовчидан мажбурий суғурта шартномасининг шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқлари белгиланаяпти.

Қонун лойиҳасида ташувчининг мажбуриятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Унга мувофиқ, ташувчи мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаши, ҳайдовчиларни мажбурий суғурта шартномаси шартлари билан таништириши, мазкур шартнома бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, ташиш кунида амалда бўлган мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисининг ўзи томонидан тасдиқланган нусхасини фойдаланаётган барча транспорт воситаларига ва ўзининг расмий веб сайтига жойлаштириши мажбурий ҳисобланаяпти.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган меъёрлар янги иш ўринлари яратилишига, суғурта бозори ва транспорт инфратузилмасининг ривожланишига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ошишига имкон беришини алоҳида таъкидлади.

Шуларни ҳисобга олиб, фракция «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.