12.07.2014

СЕССИЯЛАР ҚАРОРЛАРИ ИЖРО ЭТИЛИШИ ШАРТ

— Бугун тарбиячи опангдан нимани ўргандинг? Қанақа ўйинларни ўйнадинг? Қандай овқат единг?..

Фарзандини боғчадан олиб қайтаётган ҳар бир ота-она унга шу каби саволлар беради. Бола кун бўйи банд бўлган машғулотлари ҳақида бийрон тили билан тўлиб-тошиб гапиради. У хурсанд, сизнинг ҳам кўнглингиз хотиржам. Эртаси куни фарзандингиз яна қадрдон маскани — боғчага ошиқади...

Бугун мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб улғайиши, ўқиб-ўрганишга қизиқишини ўстириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, боғча кўрган бола билан боғчага бормаган боланинг фарқи катта бўлади. Шунинг учун мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, замонавий мезонлар асосида ривожлантириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш, шароитини яхшилаш, зарур воситалар билан таъминлаш масалаларига давлат бюджетидан керакли маблағ ажратилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Мактабгача таълим эртага фарзандимизнинг ким бўлиб улғайишида муҳим аҳамиятга эга.

Бугун мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати қандай? Болаларнинг мактабгача таълим-тарбиясини самарали йўлга қўйиш, боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича жойларда қандай ишлар олиб борилмоқда?

«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, яқинда халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб борди.

Бухоро шаҳрида бугунги кунда 78 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 9866 нафар бола тарбияланмоқда. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоларининг айтишича, ўтган йили Бухоро шаҳридаги 45 та мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш учун 1977,1 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу маблағ эвазига 16 та мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш ишлари олиб борилган. 21 та боғчанинг иссиқлик тизими, совуқ сув қувурлари ва канализация тармоқлари таъмирланган.

Жорий йилда бу маблағ 2 миллиард сўмдан ошиши режалаштирилган. Вилоят ҳокимлиги дастури асосида шаҳардаги 28, 58, 65, 69 ва 72-мактабгача таълим муассасаларининг биноларини таъмирлаш учун 306 миллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Умуман, болалар боғчаларининг шароитини янада яхшилаш масаласи ҳар доим кун тартибида.

Робия Казимова, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

—«Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, мактабгача таълим муассасаси бола шахсини соғлом  ва  етук,  мактабда ўқишга тайёрланган тарзда шакллантириши керак.

Партиямиз гуруҳи назорат-таҳлил пайтида бу каби қонуний меъёрларнинг бажарилишига жиддий эътибор қаратди. Мактабгача таълим муассасаларида овқатланиш санитария меъёрларида белгиланган бўлиши керак. Лекин шаҳримиздаги 29, 7, 71, 51, 87–мактабгача таълим муассасаларида таомнома белгиланган тартибда тузилмагани, маҳсулотлар сифати талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган. Мисол учун, 7-мактабгача таълим муассасасида айрим зарур маҳсулотлар вақтида олинмаган.

Қаҳрамон Каримов, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Боғчада болаларнинг соғлиғига мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, унга бириктирилган тиббиёт ходимлари масъулдир. Бироқ фаолияти ўрганилган мактабгача таълим муассасаларининг айримларида ҳамширалар ўз ишига масъулиятсизлик билан қараётгани маълум бўлди. Масалан, шаҳардаги 7-мактабгача таълим муассасасига бириктирилган ҳамшира ўз вазифасини юзаки бажариб келаётгани аниқланган.

Ўрганиш вақтида, шунингдек, айрим боғчаларда кадрлар қўнимсизлиги, мудираларнинг масъулиятсизлиги, молия ва хўжалик ишларининг тартибсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилган эди. 

Депутатлар ўрганиш, натижаларини дастлаб партия гуруҳи йиғилишида атрофлича муҳокама этишди. Мактабгача таълим муассасаларининг фаолияти, юзага келган хато ва камчиликларни бартараф этиш масалалари  бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

ЎзХДП гуруҳи шундан сўнг масалани халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссиясига киритишга қарор қилди. Доимий комиссия йиғилишида ҳам мавжуд вазият атрофлича кўрилгач, бу масала халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши сессиясига олиб чиқилди.

Сессияда мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ факт ва рақамлар чуқур таҳлил қилинди. Депутатлар, мутасадди идоралар раҳбарларининг хулоса ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Шу асосда сессия тегишли қарор қабул қилди. Унда хато ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган вазифалар белгиланди.

Эътиборли томони, ўтган йили мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан боғлиқ масала халқ депутатлари Жондор, Шофиркон ва Пешку туман Кенгашлари сессияларида ҳам муҳокама қилинган эди. Уларда қабул қилинган қарорлар ижроси жорий йилнинг март-апрель ойларида ЎзХДП гуруҳлари ташаббуси билан яна бир бор тегишли сессияларда кўриб чиқилди. Депутатларнинг таъкидлашича, мутасадди идоралар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари қарорларида кўрсатиб ўтилган масалаларга жиддий масъулият билан қарамаган. Натижада айрим муаммолар очиқ қолиб кетаверган. 

Бунинг сабабларини аниқлаш, вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятида кузатилаётган камчиликларни тизимли ҳал қилиш чорасини кўриш мақсадида ниҳоят масала халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилди.

— Бугунги кунда вилоятда 345 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритаяпти, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги гуруҳи раҳбари Саида Жўраева. — Бу муассасаларда тарбияланаётган болалар учун зарур шароит яратиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича муҳим ишлар олиб борилаяпти. Аммо, афсуски, айрим боғчаларда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Бу масала аввал ҳам халқ депутатлари вилоят Кенгашида икки марта муҳокама қилинган эди. Қабул қилинган қарорлар вилоят Халқ таълими бошқармасига юборилган бўлсада, уларнинг ижросига етарли эътибор қаратилмаган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида ана шу камчиликлар муҳокама этилди. Мутасадди ташкилотларга муҳим вазифалар юклатилди. Ҳозирда уларни бажариш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаяпти. Қарор ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.

Шу ўринда айтиш керакки, мазкур масалани ўрганиш, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиб муҳокама қилишдан мақсад кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш эмас, балки муаммога тегишли идоралар эътиборини қаратиш ва уни ҳал этиш йўлларини излашдан иборат. Бирон ҳудудда маълум соҳада муаммо юзага келса, бундан одамлар зиён кўрса, бунинг масъулияти биринчилардан бўлиб ўша ҳудуд аҳолиси ишонч билдирган депутатлар зиммасига тушади. Шундай экан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларининг тавсиялари, чиқарган хулосалари билан ҳисоблашиш лозим. Яқинда Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам шуни тақозо қилади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.