12.07.2014

ТАРҒИБОТ — БУ ДАЪВАТКОР СЎЗ

юксак ғоявий таъсир кўрсатиш воситаси

Кўз олдингизга келтиринг, залда одам тўла. Йиғилиш бошланди. Маърузачи минбарга чиқиб, қоғозига қараб узундан-узоқ маърузани ўқий бошлади. Тингловчилар дастлаб уни бироз эшитди, сўнгра қуруқ факт ва рақамлардан иборат маъруза уларни зериктирди. Ким мудради, ким кетаётган қимматли вақтига ачиниб соатига кўз ташлади, бошқа биров ўз хаёллари билан банд бўлди...

Тарғиботнинг бу усули аллақачон эскирган. Бугун одамлар даврнинг шиддатли нафаси, сиёсий жараёнлар, фуқаролик жамиятида кечаётган ислоҳотлар моҳиятини аллақачон тафаккур қилмоқда, идрок этмоқда. Бу янгиланишлар одамлар турмуш тарзини ўзгариши, ҳаёт фаровонлиги, жамиятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилаётганини ҳар бир фуқаро ўз тақдири мисолида тушуниб етаяпти.

Шу боис аҳоли, электорат ўртасида ташкил этилаётган сиёсий, маънавий-маърифий тадбир, давра суҳбати, семинар ҳамда учрашувларнинг таъсирчанлигини янада ошириш талаб этилади. Бунинг учун партиямиз тизимида кўпроқ амалий ишларга урғу беришимиз зарур. Ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудуд, сайлов округида аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш, электоратимиздан тушаётган мурожаатларнинг ечимини топишга хизмат қиладиган сиёсий тадбирни аҳоли билан жонли мулоқотга айлантириш лозим.

Бугунги кунда ЎзХДП маҳаллий кенгашлари, бошланғич ташкилотлар, партия гуруҳларининг фаолиятини, қилаётган ишлари мазмун-моҳиятини одамларга кенг тушунтириш, тарғиб қилишда мунтазамликка эътибор бераяпмиз.

Шунингдек, тадбирлар мавзусини танлашда мамлакатимиз ва дунёда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ҳисобга олинмоқда. Айниқса, тарихий бунёдкорликлар, демократик ислоҳотлар, инсон манфаатларини, хусусан, электоратни ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари моҳияти тарғиботига кенг ўрин ажратилмоқда.

Бугунги кунга келиб эса сайловларга тайёргарлик масаласи ҳам муҳим мавзуга айланди. Сайловга тайёргарликни фаол, уюшқоқлик билан ташкил этиш ҳам тарғибот ишларимиз таъсирчанлигига боғлиқ. Ҳозир партиянинг туман ва шаҳар кенгашларида ўтказилаётган ҳисобот сайлов конференцияларида партия ташкилотларининг аҳоли орасида олиб бораётган мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишларининг ғоявий савияси, партиядан сайланган депутатларнинг ўз сайлов округида олиб бораётган ишларига баҳо берилмоқда. Шунингдек, партия кенгашларининг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги фаолияти таҳлил этилади.

Ушбу сиёсий тадбирлар, семинарларнинг долзарблигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларининг таъсирчанлигини оширишда депутатлар зиммасига катта масъулият юкланади. Халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашларидаги 320 нафар депутатдан 145 нафари партия гуруҳларимиз аъзолари ҳисобланади.

Депутатларнинг ўтган беш йил мобайнида ўз сайлов округларида, сайловчилар орасида олиб борган ибратли ишлари бўлажак сайловларда янада кўпроқ депутатлик ўринларини қўлга киритишимизга замин яратади. Ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги билан сайловчиларининг ишончини оқлаётган, партиямиз дастурий мақсадларини, қонунларнинг моҳиятини электоратимиз орасида кенг тарғиб этаётган депутатлар кўпчиликни ташкил этади.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан вилоят партия кенгаши томонидан «Соғлом оила — саодат бешиги» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа асосида маҳаллаларда ўтказаётган тадбирларимиз аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Уни амалга оширишда ЎзХДП Сирдарё вилоят Кенгашидаги тарғибот гуруҳи бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари — хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирлар Гулистон шаҳри, Мирзаобод, Гулистон, Сардоба туманларининг бир қатор маҳаллаларида ўтказилди. Яқинда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Гулистон шаҳри ва Гулистон туманида 10+1 лойиҳаси доирасида ўтказилган «Соғлом болани вояга етказишга барчамиз масъулмиз» мавзусидаги тадбирлар электорат вакилларининг эътирофига сазовор бўлди.

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгашининг тарғибот гуруҳи иш режасига киритилган ҳар бир сиёсий тадбир партия ташкилотларининг аниқ амалий ишлари билан ҳамоҳанг олиб борилмоқда. Тарғибот гуруҳи ишида сиёсатшунос олимлар, журналистлар, жамоат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, руҳшунослар, ҳуқуқшунослар фаол иштирок этмоқда.

Тарғибот — бу даъваткор сўз, юксак ғоявий таъсир кўрсатиш воситаси. Лекин сўзнинг қудрати, салмоғи кундалик амалий ишларимизда ўз ифодасини топмоғи лозим. Шунда у янада таъсирчан ва фойдали бўлади.

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА,

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.



DB query error.
Please try later.