12.07.2014

НИДЕРЛАНДИЯ: СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

мамлакат ва халқ манфаатлари учун курашади

Жамиятда ҳар бир сиёсий партия ўз ғоялари учун кураш олиб боради. Аммо бу саъй-ҳаракатлар замирида — мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар мужассам бўлиши зарур. Буни Нидерландиядаги сиёсий партиялар фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бугунги кунда мазкур мамлакатда 10 дан ортиқ сиёсий партия бўлиб, сўнгги йилларда асосан уларнинг 6 таси парламентда кўпроқ ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Охирги сайловлар Нидерландия сиёсий майдонида либерал ва социал ғоялар ўртасидаги кураш қизғин кечаётганини кўрсатиб берди.

Ушбу давлатда парламент икки палатадан иборат. Юқори палата, яъни сенатда 75, қуйи палатада эса 150 депутатлик ўрни мавжуд. Депутатлар умумий овоз бериш йўли билан 4 йил муддатга сайланади.

Қуйи палата қонун лойиҳасини бир кундан бир ҳафтагача кўриб чиқиши мумкин. Шундан сўнг қонун лойиҳаси юқори палатага ўтказилади. Ҳал қилувчи қарорни иккинчи палата чиқаради. Парламент томонидан қабул қилинган қонунлар монарх томонидан тасдиқланади.

Бинненхофдаги Рицарлар залида сентябрь ойининг учинчи сешанба куни икки палатанинг қўшма мажлиси бўлиши белгиланган. Бундай йиғилишлар асосан фавқулодда вазиятларда ўтказилади.

Парламентдаги коалицион ҳукуматнинг тарқоқлиги натижасида муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига тўғри келди. Унинг натижасида ҳукмрон Христиан демократик партияси мағлубиятга учради. Озодлик ва демократия учун халқ партияси, Ишчи партияси ҳамда Озодлик партияси энг кўп овоз тўплашга муваффақ бўлди.

Социал-демократик ғоялар учун курашаётган Ишчи партияси сайлов натижасига кўра, иккинчи палатада 38 ўринни қўлга киритди. Ушбу партия 1946 йилдан буён Нидерландия парламентида депутатлик ўринларини эгаллаб келмоқда.

Бугунги кунда партия ғояларида кўпроқ умуммамлакат манфаатлари юқори ўринга қўйилмоқда. Асосан партия дастурларида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни энг юқори кўрсаткичига эришиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, бу борадаги нархларни минималлаштириш, шунингдек, эмигрантлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга жиддий эътибор қаратилган.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 2005 йилда ўтказилган съезд партиянинг кейинги фаолиятини белгилаб олишда муҳим ўрин тутди. Мазкур съездда партиянинг янги манифести қабул қилинди. Унга кўра, 1977 йилдаги манифестда белгиланган эски ғоялардан воз кечилди. Янги манифестда аҳоли учун ишончли ва тартибли, барча ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган ҳаётни таъминлаш бош масала сифатида қўйилди.

Ишчи партияси ташкилий тизимига эътибор қаратадиган бўлсак, ўзига хос хусусиятларни учратамиз. Мисол учун, партия тизимида махсус илмий тадқиқот муассасаси мавжуд. У ерда партия фаолиятига дахлдор турли илмий тадқиқотлар олиб борилади. Шунингдек, хотин-қизлар билан ишлаш бўлими ҳамда ёш сиёсатчиларни ўзида бирлаштирган «Ёш социалистлар» бўлимлари ташкил этилган.

Бундан ташқари, халқаро алоқалар билан ишлаш ҳам йўлга қўйилган. Партиянинг журнали чоп этилади.

Европарламентдаги Европа социалистлари партияси фракциясида уларнинг 7 нафар депутати иш олиб боради. Қайд этиш керакки, партия Европадаги деярли барча социал ғояларни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий кучлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Мамлакатдаги бу йўналишдаги сиёсий партиялардан яна бири Нидерландия социал партияси ҳисобланади. Унинг 1999 йилда қабул қилинган дастурида «ҳамма нарса инсон учун» деган тамойил асосий ўринга чиқарилган. Партия жамиятда ижтимоий адолат қарор топтириш, инсон қадр-қиммати, тенглиги ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлигига эришиш энг муҳим масала, деб ҳисоблайди.

Либерал ғоялар тарафдори бўлган Озодлик ва демократия учун халқ партияси сайловларда 41 та мандатни қўлга  киритган бўлса-да, бугунгача сайловчиларга берган ваъдаларини тўлиқ бажаряпти, деб бўлмайди. Уларнинг дастурларида иқтисодий инқирозни бартараф этиш, давлат харажатларини қисқартириш, эмигрантларга нисбатан қаттиқ чора кўриш билан боғлиқ масалалар ўрин олган.

Умуман олганда, бугун Нидерландия мураккаб ижтимоий-иқтисодий аҳволни бошидан кечирмоқда. Бу вазиятни имкон қадар тезроқ бартараф этиш, иқтисодий тангликни енгиб ўтиш учун ҳар бир сиёсий партия ўзи танлаган йўлдан бормоқда.

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.