12.07.2014

ЯНГИ КОМПРЕССОР СТАНЦИЯСИ ИШГА ТУШДИ

50 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди

Сўнгги йилларда юртимиз кўчаларида миллий автомобилларимиз сони тобора ортиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, олдимизга автомобиль ёқилғи ресурсларидан унумли фойдаланиш, экологик мусаффоликни асраш ҳамда тежамкор ёқилғи турларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш масалаларини кўндаланг қўяди.

Шу маънода, мамлакатимизда ҳам альтернатив автотранспорт ёқилғиси сифатида табиий газдан фойдаланиш бўйича кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Ҳукуматимизнинг «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида саноатни ривожлантириш дастури»да автотранспорт воситаларини газ баллон ускуналарига ўтказиш бўйича 5 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 2016 йилга қадар Ўзбекистонда 400 га яқин янги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ташкил қилинади ва газ ёқилғисидан фойдаланаётган автомобиллар салмоғи жами автомобиллар паркининг

30 фоизини ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2013-2017 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳаракат дастури доирасида жами миқдори 89,3 миллиард сўм, 1,63 миллиард АҚШ доллари ва 57,6 миллион евро бўлган 68 та лойиҳани молиялаштириш назарда тутилиб, уларни амалга оширилиши юртимизда атроф-муҳитга ва атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилиши кескин камайишига олиб келади.

Ўтган йиллар мобайнида республикамизда 150 дан ортиқ автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ташкил қилинди. Бунинг натижасида, метан газини ички истеъмоли кўрсаткичи 4 баробарга, шунингдек, суюлтирилган газ ички истеъмоли 3 баробарга ортган. Биргина 2008-2012 йиллар мобайнида ҳаракатланувчи манбалардан ҳаво қатламига чиқарилаётган зарарли моддаларни камайтириш мақсадида 200 мингга яқин автотранспорт воситалари газ ёқилғисидан фойдаланишга ўтказилган.

Юртимизда яратилган кенг имкониятлар туфайли ушбу соҳага «UNG-Dong Ho Gascom», «UB Energy», «Blitix Co», «Intermobilgaz» каби чет эл сармоядорлари иштирокида ташкил қилинган корхоналар мамлакатимизда газ ёқилғиси ускуна ва жиҳозларини ишлаб чиқариш ва автомобиль эгаларига етказиб бериш билан шуғулланмоқдалар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 10 февралдаги «Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станциялари шохобчаларини ривожлантириш ҳамда автотранспорт воситаларини суюлтирилган ва сиқилган газга босқичма-босқич ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 30-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида яқинда пойтахтимизнинг Ҳамза тумани, Оҳангарон шоҳ кўчасида замонавий, жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси фаолиятини бошлади.

Хорижий ҳамкор — дунёдаги етакчи компаниялардан ҳисобланган Италиянинг «M.T.M. BRC Gas Compressors» мутахассислари билан биргаликда лойиҳалаштирилган ушбу мажмуа «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг молиявий ёрдами билан амалга оширилди. Айни пайтда, компаниянинг Массимилиано Фиссоре, Пьер Луиджи Стаппинно, Николо Раноулду, Андрея Боа, Ахмед Зензун ва Жаванни Берназзалилардан иборат мутахассислар гуруҳи ушбу компрессор станциянинг инновацион муҳандислик жиҳозлари ва ускуналарининг сифатли ишлашини мониторинг қилиб турибди. Шунингдек, улар ёш маҳаллий мутахассисларга ўз билим ва тажрибалари билан ҳам кўмаклашмоқда.

— Италиянинг Чераско шаҳрида жойлашган «M.T.M. BRC Gas Compressors» компаниясида «компрессор станцияси оператори» мутахассислиги бўйича малакамни ошириб келдим, — дейди корхона мутахассиси, Тошкент ахборот технологиялари ва компьютерлаш коллежининг битирувчиси Жавоҳир Мирюсупов. — У ерда мен «Лойиҳалаш», «Ишлаб чиқариш», «Йиғиш», «Тест ва синов», «Логистика», «Ташқи иқтисодий алоқалар ва молия» департаментларида ҳам бўлиб, мазкур компаниянинг кенг қамровли фаолияти билан имкон қадар тўлиқроқ танишдим. Эндиликда ўз тажрибаларимни бу ерда ишга соляпман, тенгдошларимга ҳам ўргатмоқдаман.

Компрессор станциясининг фаолият кўрсатиши натижасида «компрессор станцияси оператори», «инновацион техника бошқаруви менеджери» каби янги, замонавий касб турлари пайдо бўлди, 50 нафарга яқин маҳаллий ёш иш билан таъминланди.

Бирон бир янгилик ёки янги лойиҳа тўғрисида фикр юритилганда, унинг истеъмолчи, жамият, қолаверса, давлат учун қанчалик фойдали эканлиги ҳисобга олинади. Истеъмолчилар орасида олиб борилган сўровномаларга кўра, метан газ ёқилғиси ҳар жиҳатдан, яъни қулайлиги, афзаллиги, тежамкорлиги билан ажралиб туриши яна бир бор ўз исботини топди. Авваламбор, нархи арзон. Қолаверса, компрессион метан газ ёқилғисининг бошқа ёқилғи турларидан қатор афзалликлари мавжуд бўлиб, булар: атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли моддаларнинг камлиги; тўлиқ ёниш натижасида табиий газда ҳаракатланаётган автомобиль воситалари зарарли газлар ва қўрғошин моддалари бирикмалари бўлган ҳаёт учун хатарли моддаларни, ис газларини чиқармаслиги; азот оксидлари табиий газ таркибида бўлмаганлиги сабабли ис ва кислотали ёмғирлар пайдо бўлмаслиги кабилардир. Шунингдек, табиий газ (метан) ёқилғиси ишлатилганда углеводород чиқиндиларини ҳавога чиқарилиши икки бараварга камаяди. Шовқин даражаси паст бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мана шундай қулайлик, тежамкорлик, янгиликка асосланган лойиҳалар, у хоҳ ишлаб чиқариш соҳаси бўлсин, хоҳ хизмат кўрсатиш йўналиши бўлсин, жамият, эл-юрт равнақига, миллий иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилади.

 

Муртазо СУЛТОНОВ,

«Intermobilgaz» компанияси директорлар Кенгаши раиси.



DB query error.
Please try later.