10.07.2014

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТЛАРИ

ишончли ҳимоя қилинмоқда

Ўзи, оиласи, яқинлари ва жамият учун меҳнат қилаётганини ҳис этиб яшаётган одам катта ишларга қодир бўлади. Бундай киши ён-атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор билан қарайди, яхши ишларга бош қўшишга интилади...

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари (23 нафар), халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари (жами 163 нафар депутат) жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни доимий ўрганиб, уларнинг ечими бўйича таклиф ва ташаббуслар билан чиқаётир. Зеро, депутатлик одамлар ишончини оқлаш, ўзи сайланган ҳудуднинг баланд-пасти, аҳолининг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиш демакдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни изчил амалга ошириш, қонунлар ижроси бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари масъулиятини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни назарда тутадиган давлат дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

— Ўтган давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси вакиллик ор­ганларига ЎзХДПдан сайланган депутатлар ушбу масалаларда қатор ибратли ишларни амалга ошир­ди, — дейди ЎзХДП Қорақалпоғистон Респуб­лика кенгаши раиси Қуватбай Қурбанбаев. — Хусусан, 2013 йилда 20 та масала партия гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилган бўлса, 2 та масала доимий комиссиялар йиғилишларида, 9 та масала сессияларда муҳокама этилган. Масалан, халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгашининг 23-сессиясида «Микрокредитлаш ҳисобига ишбилармонлик муҳитини яхшилаш орқали янги иш ўринлари ташкил этиш тўғрисида»ги, халқ депутатлари Кегайли туман Кенгашининг 17-сессиясида «Аҳоли манфаатларини ўрганиш, қишлоқ жойларида сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда депутатларнинг иштирокини таъминлаш тўғрисида»ги, халқ депутатлари Беруний ва Тахтакўпир туман Кенгашлари сессияларида «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар ижроси тўғрисида»ги масалалар киритилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган. Ана шу қарорлар жойларда партиямиз электорати манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун дунёда бандлик, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласи ўткир ижтимоий муаммога айланмоқда. Юртимизда бу борада изчил сиёсат олиб борилаяпти. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури парламент даражасида қабул қилинаяпти. Ушбу муҳим дастурнинг ижросини таъминлашда партия гуруҳлари ва ташкилотларининг ўрни, ҳиссаси катта бўлиши керак. Чунки ЎзХДП турмуш фаровонлигини, энг аввало, аҳолининг иш билан таъминланганлигида кўради.

Бу борада жойлардаги иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан 2013 йил давомида давлат ҳокимия­ти ва бош­қаруви органлари, корхона-ташкилотлар раҳбарларига 250 га яқин депутатлик сўрови юборилган. Сўровларнинг аксариятида кўтарилган масалалар ўз ечимини топган. 

Маълумки, аҳоли билан доимий алоқа ўрнатиш, одамлар дуч келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда Ўзбекистон ХДП ўзига хос тажриба ҳамда имкониятга, яъни Жамоатчилик қабулхоналарига эга.  Ҳозирги кунда ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси ташкилотлари тизимида 17 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритмоқда. Уларга 2013 йил давомида фуқаролардан 350 га яқин мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг қарийб 90 фоизи ижобий ечим топган. Қолганлари бўйича тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Ўзбекистон ХДП маҳаллий кенгашлари ҳузуридаги «Жамоатчилик қабулхоналари»га тушган мурожаатлар таҳлилий ўрганилиб, шулар асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партия гуруҳлари томонидан тегишли масалалар киритилаяпти.

Бир сўз билан айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон ХДП электоратини безовта қилаётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни чуқур ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу борада муайян натижаларга эришилаяпти.                                                        

Мнажатдин ҚУТЛИМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.