08.07.2014

СИРДАРЁДА СОҒЛОМ БОЛАЛАР УЛҒАЙМОҚДА

Президентимиз 2014 йилни мамлакатимизда «Соғлом бола йили» деб эълон қилганида, соғлом болани вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни ва таъсири, шу билан бирга, масъулияти катта эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Бугунги кунда юртимизда оналар ва болалар саломатлигини асрашга хизмат қиладиган тиббиёт муассасалари, скрининг ва перинатал марказлар, аёллар тиббий консультациялари, туғуруқхона комплекслари, гинекология ва патронаж хизматлари, қишлоқ врачлик пунктлари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий асбоб-ускуналар ва малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари долзарб аҳамият касб этмоқда. Мухбиримиз Сирдарё вилояти мисолида ушбу мавзуга мурожаат қилди.     

1984 йил. Сирдарё вилоят болалар шифохонаси Гулистон шаҳридан 15 километр олисда, Мирзаобод туманидаги мослаштирилган бинода фаолият кўрсатарди. Мазкур шифохонада тиббий технологиялар етишмасди. Соҳа мутахассисларининг узоқ ҳаракатларидан сўнг ушбу муассасада реанимация бўлими очилади.

Ўшанда вилоят маркази бўлган ­Гулистон шаҳрида болалар шифохонаси йўқ эди...

2014 йил. Гулистон шаҳрида жойлашган Сирдарё вилоят кўп тармоқли болалар маркази 2012 йилда тубдан қайта таъмирланди, бир неча бўлимлар янгидан қурилди ва энг замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Айни пайтда 9 бўлимдан иборат мазкур даволаш муассасасида бир вақтнинг ўзида 155 нафар болани стационар даволаш имконияти мавжуд.

Бу ерда 300 нафарга яқин тиббиёт ходими болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Соғлом бола йилида марказнинг жарроҳлик бўлими учун 50 ўринли янги бино қуриб битказилди. Бугунги кунда ушбу марказ Германиянинг умумий қиймати 680 минг евро бўлган KFW банки кредити ҳисобидан замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида ишга тушиши мўлжалланаётган иншоот сирдарёлик болалар сиҳат-саломатлиги йўлида ташланган яна бир муҳим қадам бўлади.

Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши «Саломатлик-2» лойиҳаси бўлиб, у Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Унинг доирасида Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатаётган 11 акушерлик комплексларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Улар замонавий ультратовуш аппарати, чақалоқлар учун реанимация, хирургик жиҳозлар, совутгичлар, наркоз воситалари билан таъминланди. Шунингдек, туғуруқ мажмуалари жорий таъмирдан чиқарилди.

 СОҒЛОМ ОНА — СОҒЛОМ БОЛА КОНЦЕПЦИЯСИ: Скрининг ва перинатал марказлар аҳамияти

Мамлакатимиз бош майдонида фарзандини бағрига босиб турган она ҳайкали бор. Бу шунчаки ҳайкал эмас, балки унинг тимсолида она эъзозланган, бола улуғланган. Мана шу мақсад ва ғоя бугун бутун Ўзбекистон бўйлаб умумхалқ ҳаракатига айланди. Она ва бола саломатлиги давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Юртимизда бу борада амалга оширилаётган улкан ишлар жаҳон миқёсида ҳам тан олинмоқда.

Халқимиз инсон қадри топталган, сиҳат-саломатлиги ҳеч кимни қизиқтирмаган оғир даврларни бошидан кечирди. Бу, айниқса, табиий шароити оғир бўлган чўл ҳудудларда аниқ кўзга ташланарди. Мустабид тузум одамларни экс­плуатация қилар, уларнинг турмуш шароити, соғлиғи эса мутлақо аҳамиятсиз, қадрсиз эди.

Бугунги кунда Сирдарё вилояти аҳолисининг 213 800 нафарини туғуруқ ёшидаги аёл, 266 400 нафарини 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларга туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларидаги акушерлик комплекслари ва болалар бўлимлари ҳамда вилоят Перинатал маркази, кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда «Она ва бола» скрининг марказлари томонидан малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Ногирон болалар туғилишининг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида скрининг-оммавий текширув тадбирлари амалга оширилмоқда.

Антенатал скрининг дастурига асосан 2013 йил давомида 12837 нафар ҳомиладор аёл УЗД скрининги кузатувидан ўтказилди.

2014 йилнинг биринчи чорагида 5663 нафар ҳомиладор аёл ультратовуш текширувига жалб қилинди.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 13875 туғуруқ қайд этилиб, чақалоқларнинг 13186 нафари туғма фенилкетонурия ва гипотиреоз касаллиги бўйича текширилди.

Соғлом бола йилида Сирдарё, Сайхун­обод, Ховос, Сардоба туманлари  ва Гулистон шаҳрида «Фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳафталиги» ташкил этилди. Унда мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, республика ва вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи мутахассислари иштирок этди. Ҳафталик давомида вилоятнинг 5636 нафар аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

— Сирдарё вилоят «Она ва бола» скрининг маркази 2008 йилда ташкил этилган. Бу ерда асосан ҳомиладор аёлларда кузатилиши мумкин бўлган касалликлар текширилади, — дейди «Она ва бола» скрининг маркази бош шифокори Турсуной Холбоева. — Бу ишлар ногирон болалар туғилишини олдини олиш, турли ирсий ва наслий касалликлар билан туғилиш хавфини бартараф этишга қаратилган. Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида марказда 2695 нафар ҳомиладор аёл УТТдан ўтказилди. Бугунги кунда ҳар бир туғилаётган чақалоқдан ФКУ ва ТГ касалликларига қон таҳлиллари олинади. Агар мазкур таҳлиллар натижаси ижобий бўлмаса, бола қайта текширувга ва даволашга юборилади...

Шунингдек, генетик маслаҳат марказнинг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Бу борада мурожаат этганлар билан ишланади, тар­ғибот-тушунтириш ишлари олиб борилади.

Бундан ташқари, туғма ва ирсий касалликларни бирламчи профилактикасини такомиллаштириш мақсадида аҳоли ўртасида «Скрининг текширув нима беради?», «Ҳомила нуқсонларининг келиб чиқиш сабаблари» каби мавзуларда семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Ёшларга эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти, туғуруқлар орасидаги энг мақбул муддатга риоя этиш билан боғлиқ масалаларда тушунча берилмоқда.

Соғлом она — соғлом бола концепциясида муҳим ўрин тутадиган тизимлардан яна бири бу — Перинатал марказлардир. Сирдарё вилоят перинатал марказида бугунги кунда 150 даволаш ўрнига мўлжалланган. Ўтган йили марказда чақалоқлар реанимацияси бўлими ташкил этилиб, хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тиббий техника воситалари билан таъминланди.

Перинатал марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ҳамда ЮНИСЕФ ҳамкорлигида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таклиф қилган замонавий перинатал технологиялар — самарали перинатал ёрдам, шошилинч акушерлик ёрдами, болалар касалликларини даволашда интеграциялашган усулларни қўллаш, кўкрак сути билан боқиш ва чақалоқларга бирламчи реанимация ёрдами кўрсатиш бўйича ўқув семинарлари ташкил этилди.

— Давлатимиз томонидан соғ­лиқни сақлаш соҳасига, айниқса, оналар ва болалар саломатлигига жуда катта эътибор қаратилаётган бугунги кунда бирорта онанинг касал бўлишга ҳақи йўқ деб ўйлайман, — дейди Сирдарё вилоят перинатал маркази директори Ҳанифа Содиқова. — Бир пайтлар бу шароитлар эртак, афсона эди. Бугун оила қурилишидан бошлаб тиббиёт ёрдамга келади. Бу никоҳдан олдинги тиббий кўрикдир. Оила барпо бўлиб, аёл ҳомиладор бўлиши билан ўзи яшаётган ҳудуддаги поликлиника ёки ҚВП томонидан ҳисобга олинади. Қишлоқ аёллари поливитаминлар билан бепул таъминланади. Барча тиббий хизматлар улар учун бепул. УТТ қилинади, барча таҳлиллар олинади. Ҳудудга бириктирилган акушер-гинеколог доимий кузатув олиб боради. Зарур бўлса вилоят, республика даражасида мутахассислар кўригидан ўтказилади. Тўғрисини айтсам, соғлом бола туғилиши учун ота-онадан кўра давлатимиз кўпроқ қайғуради. Бунга озмунча маблағ ажратиладими? Қанча тиббиёт ходимлари масъулиятни ўз зиммасига олади. Шу ўринда яна бир гап, ота-она ҳам масъулиятни ҳис этиши керак. Белгиланган тиббий муолажа ўз вақтида олиниши зарур. Шунда ногирон болалар уйлари бўлмайди. Ҳамма болалар соғлом туғилади.

— Перинатал марказда яратилган шароитлардан кўнглим тўлди, — дейди гулистонлик Наргиза ­Раҳимжонова. — Фарзандим соғ­лом туғилди. Шифокорларга миннатдорлик билдираман.

ЯНГИЕР ТИББИЁТИ ЗАМОНАВИЙЛАШМОҚДА

Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига кириб келган киши ўзини республика даражасидаги муассасага келиб қолгандай ҳис қилади. Бу ерда бугун жуда катта ҳажмда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси бўйича ишлаб чиқилган режаларда асосий эътибор аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган.

— Соғлом турмуш тарзига амал қилган инсон касал бўлмайди, — дейди Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мамат­ғани Войдуллаев. — Бу эса, энг аввало, унинг ўзи учун, оиласи учун, керак бўлса, жамият учун жуда катта бойликдир. Соғлом одам соғ­лом фикр юритади. Бутун куч-қудрати билан ишлайди. Бу соғлом ва унумли меҳнат деганидир. Бемор бор оилада руҳий тушкунлик, зўриқиш кузатилади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда Инсон саломатлигидан оила саломатлигига, оила саломатлигидан жамият саломатлигига ғояси илгари сурилмоқда.

2014 йил март ойида шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 2-сон поликлиникасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник мутахассислари иштирокида 800 нафарга яқин аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Унинг натижалари асосида беморларга тегишли тавсиялар, даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Бундан ташқари, бемор болаларни клиникаларда, ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида ҳамда хорижий давлатлар клиникаларида даволанишини амалга ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Соғлом она — соғлом бола концепциясидан келиб чиқиб, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 40 ўринли туғуруқ мажмуаси биносини таъмирлаш ишлари бошланган. Мус­тақиллик байрами арафасида мазкур бўлим ишга туширилади.

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК  ПУНКТИДАН  БОШЛАНАДИ

Собиқ тузум даврида республикамиз қишлоқларида ФАП, КВА, КУШ деган тизим йўлга қўйилган эди. Каталакдай битта хонада фонендоскоп ушлаган фельдшер ва шприц қайнатаётган ҳамширага кўзингиз тушар эди. Улар беморларга туман марказида жойлашган кўп тармоқли поликлиникага бориб учрашишни маслаҳат берарди. Амалда қишлоқда малакали медицина хизматидан фойдаланишнинг мутлақо иложиси йўқ эди. Одамлар 20-30, баъзи чекка қишлоқлар аҳолиси 100 километр йўл босиб, туман марказига боришга мажбур бўларди. Айримларнинг эса касали оғир бўлиб, то етиб боргунча ҳаётдан кўз юмарди.

Ҳа, қишлоқ бор эди. Унда одамлар яшарди. Собиқ шўролар давлатига пахта етиштириб берарди. Ғалла етиштириб берарди. Мол, қўй боқиб, гўшт топширарди. Энг ачинарлиси, уларнинг соғ­лиғи ҳеч кимни қизиқтирмасди. Фақат режалар, тонналар, миллионлар ортидан қувиларди. Дардига даво излаган бечора одамлар эса сарсон-саргардон эди.

Мустақиллик йилларида биргина Сирдарё вилоятида 142 қишлоқ врачлик пункти ташкил этилди. Ўтган йиллар ичида уларнинг моддий-техник базаси тўла маънода мус­таҳкамланди.

2011-2013 йиллар давомида қишлоқ врачлик пунктларида 89 дорихона шохобчалари ва элликка яқин фитобарлар фаолият кўрсата бошлади. 2014 йилда яна 41 дорихона ва фитобарлар ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 11 ҚВПга қуёш батареялари ўрнатилди.

Мирзаобод туманида жойлашган «Наврўз» қишлоқ врачлик пункти Сирдарё вилоятидаги энг намунали шифо масканларидан бири ҳисобланади. Ушбу қишлоқ врачлик пункти ҳудуддаги 4 маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган 3654 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ушбу тиббиёт муассасаси 2011 йилда «Энг намунали ҚВП» кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди. Республикада эса фахрли ўринга лойиқ кўрилди.

— Муассасамизда 10 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилади, — дейди «Наврўз» қишлоқ врачлик пункти бош шифокори Феруза Қосимова. — Ҳудудимиздаги аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, оналар ва болалар саломатлигини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Яқинда 462 нафар бола 8 тор ихтисосликдаги мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Муассасамизда замонавий лаборатория мавжуд бўлиб, у 5 йўналишда таҳлил натижаларини кўрсата олиш имкониятига эга.

Ҳозирда қишлоқ врачлик пунктимиз биохимик анализатор, электро­кардиограмма, микроскоп, центрифуга, УЗТ, электрофорез, қуритиш шкафи, амплипульс каби замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Бу эса касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва ташхис қўйишда муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ҚВПларни собиқ тузум давридаги ФАПлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди. ҚВП — тиббиётимизни бош бўғини ҳисобланади. Бемор тўғри келиб истаган таҳлилдан ўтиши, юрагини кардио­грамма қилдириши, шу ернинг ўзида дастлабки ёрдамни олиши, керак бўлса, стационар даволаниш имконияти бор.

Масаланинг яна бир муҳим томони, бу ерда бемор тўғридан-тўғри олий маълумотли умумамалиёт шифокори кўригидан ўтади. ҚВП жойлашган ҳудуддаги барча аҳоли сиҳат-саломатлиги тўлиқ назорат қилинади.

Мазкур тизим қишлоқ аҳолиси тиббий маданиятини ошириш борасида ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

 

БУ ЮТУҚЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ҲАМ КАТТА ҲИССАСИ БОР

Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, оналар ва болалар саломатлигини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

— Партия ташкилотларимиз ва депутатларимиз томонидан аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда, — дейди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов. — Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз орасида тиббиёт соҳасида фидокорона хизмат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Бахт шаҳар шифохонаси бош шифокори Роза Кулиева, Оқолтин туман Кенгаши депутати, туман марказий дорихонаси раҳбари Бахтиёр Ҳамроев, Янгиер шаҳар Кенгаши депутати, вилоят эндокринология шифохонаси бош шифокори ­Шоҳида Қаршиевалар бу борада алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар доимий комиссия ва сессияларида партия гуруҳларимиз ташаббуси билан соҳага доир қатор масалалар кўриб чиқилмоқда.

Халқ депутатлари Мирзаобод туман Кенгашидаги партия гуруҳимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисидаги масала сессия муҳокамасига киритилди.

Шунингдек, халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилишида 2009-2013 йилларда аҳолини репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилишини, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарор ижроси кўриб чиқилди. Мутасадди ташкилотлар зиммасига вазифалар юклатилди. Ҳозирда қарор ижроси партия гуруҳи назоратига олинган.

Партия гуруҳлари томонидан «Соғ­лом бола йили» Давлат дастури ижроси юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги шифохоналарда ва қишлоқ врачлик пунктларида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тўғрисидаги масала Сардоба ва Ховос туманлари мисолида ўрганилиши режалаштирилган...

Президентимиз айтганидек, фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур.

Фаррух ҲАМРОЕВ



DB query error.
Please try later.