08.07.2014

АМАЛИЙ ИШЛАР ҚАНЧА КЎП БЎЛСА,

хайрихоҳларимиз сафи шунча ошиб бораверади

Яқинда ЎзХДП Иштихон туман кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партия кенгаши ва тафтиш комиссиясининг 5 йиллик фаолияти, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг ишлари таҳлил қилиниб, бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.

— Ҳисобот даврида партия ташкилотимиз анча ривожланди, электорат манфаати ҳимояси йўлида қатор амалий ишлар қилинди, — деди туман партия кенгаши раиси Лола Булакова. — Ҳисобот даврида туман партия кенгашининг 10 та пленуми, ижроқўмнинг 45 та йиғилиши ўтказилди. ЎзХДП туман кенгашида 29 та БПТ бўлиб, ҳисобот даврида 265  киши партия сафига қабул килинди, шундан 94 нафари хотин-қизлар, 12 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Халқ депутатлари туман Кенгашида фаолият кўрсатаётган 7 та доимий комиссиянинг 3 тасига ЎзХДПдан сайланган депутатлар раислик қилмоқда.

Депутатларимиз фао­лия­ти ҳар қачонгидан кучайди. Халқ депутатлари туман Кенгашида 30 нафар депутат бўлиб, уларнинг 13 нафарини ЎзХДП вакиллари ташкил этади. Ҳисобот даврида халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларига 3 та масала киритилиб, шу асосда тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Депутатлар электоратимиз манфаатларига дахлдор қатор масалалар бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб боришди. Хусусан, ўтган йили  партиямиз гуруҳининг иш режасига асосан «Туманда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг бандлигини таъминлаш» Дастури, Вазирлар Маҳкамасининг «Кам таъминланган оилаларни ҳисобга олиш, уларга моддий ёрдам та­йинлаш ва тўлаш  тартиби тўғрисида», «16 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар та­йинлаш ва тўлаш тўғрисида» ва «Ишламаётган оналарга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар парвариш қилиш бўйича ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги» қарорларининг Иштихон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Чордора ҚФЙ ҳудудидаги маҳаллаларидаги ижроси ўрганиб чиқилди. Шунингдек, вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг давоматини  яхшилаш, амалиёт ўташи самарадорлигини ошириш ҳамда уларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича ҳам назорат-таҳлил ишларини олиб бордик.

Конференцияда алоҳида қайд этилдики, жойларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини янада кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётир. Ҳудудий ривожланиш дастурлари юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини эшитиш амалиётини кенг йўлга қўйиш зарур. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар  ижроси бўйича барча бирдек масъул экани, айниқса, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида ҳамда манзилли кўрсатиш борасида жамоат тузилмалари билан ҳамкорликда назоратни янада кучайтириш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, доимий комиссиялар ва сессиялар қарорлари ижроси устидан изчил назорат олиб бориш, партия кенгашлари, депутатлар ва бошланғич ташкилотлар ҳамкорлигини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди. Ҳар ойнинг охирги шанба куни ўтказиладиган «Бошлан­ғич партия ташкилотлари куни»да қуйи бўғин етакчилари учун тизимли равишда долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

— Қуйи бўғин фаолиятини кучайтириш орқали сиёсий партия ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш йўлида самарали натижаларга эришади, — деди «Метан» пахта тозалаш заводидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси Эркин Останов. — Шу боис туман партия кенгаши қуйи ташкилотлар фаолиятини замон талабларига мос равишда ташкил этиш чораларини мунтазам кўриб келмоқда. Бу эса бошланғич ташкилотлар ишини кучайтиришга хизмат қилаяпти. Жорий йилнинг шу даврига қадар бошланғич ташкилотимизда 10 га яқин тадбир, хусусан, сиёсий-фуқаролик маърифати тизимида ўқувлар, давра суҳбати ва семинар-тренинглар ташкил этилди. Уларга ҳуқуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа мутахассисларни кўпроқ жалб этишга аҳамият бердик. Қуйи бўғиндаги тадбирлар доирасида электорат вакиллари билан муҳим мавзуларда фикр алмашилди.

Айтишим керакки, БПТ фаоллиги кўп жиҳатдан етакчининг салоҳиятига боғлиқ. Юқори партия ташкилотлари етакчилар учун семинар-тренинглар, маҳорат дарслари ва тажриба алмашиш бўйича тадбирлар ташкил этиши керак. Чунки жорий йилда олдимизда катта синов турибди. Сайловлар йилида хайрихоҳларимиз сафини янада кўпайтиришимиз учун, аввало, БПТлар фаолиятини кучайтиришимиз керак.

Конференцияда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳининг ҳисоботи эшитилиб, ахборот учун қабул қилинди. Шунингдек, ЎзХДП Иштихон туман кенгаши тафтиш комиссиясининг ҳисобот даврида олиб борган ишлари ҳақида маълумот берилди. Ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ташаббусларини кўпайтириш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таклифлар, хулосалар умумлаштирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Конференцияда ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳисобот сайлов конференциялари партиянинг Каттақўрғон шаҳар, Нарпай, Каттақўрғон, Пастдарғом туман кенгашларида ҳам ўтказилди.

Шаҳноза ПАРМАНОВА,

ЎзХДП Самарқанд вилоят Кенгаши масъул ходими.



DB query error.
Please try later.