08.07.2014

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК

аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиради. Буни ҳаётнинг ўзи исботлаб бермоқда.

Ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини самарали амалга ошириш, аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ижтимоий шериклик муносабатлари муҳим аҳамиятга эга.  Айниқса, демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, ҳаётимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли янада кучайиб бораётган бир пайтда ижтимоий шерикликни қарор топтиришга бўлган эҳтиёж ҳам ошиб боряпти. Шу боис Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамия­тини ривожлантириш Концепцияси ғоялари асосида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳасида ижтимоий шериклик тушунчаси, ҳуқуқий субъектлари, принциплари ва асосий соҳалари борасида аниқ таъриф берилган. Шунингдек, давлат органларининг нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтлари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий процессуал меха­низм­лари, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, вазирликлар, идораларнинг йўналишлари кесимида тармоқ дас­турлари, жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳудудий дастурларни, шу билан бир қаторда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда ҳамкорлик қилиш белгиланган. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда демократик тамойилларга мос ҳолда инсон ҳуқуқларининг тўла рўёбга чиқиши, қонуний ҳимоя қилинишининг яна бир ҳуқуқий кўринишидир.

Қонуннинг қабул қилиниши нодавлат, нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жа­мия­ти бошқа институтларининг ролини кучайтириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини таъминлашга, аҳамиятга молик ижтимоий-иқтисодий дас­турлар ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳоли кенг қатламларининг манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олинишига кўмак беради.

— Ушбу қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг мақсадли ижтимоий ҳимояси, ижтимоий ёрдам ва ижтимоий таъминот билан боғлиқ ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, ЎзХДПнинг дастурий мақсадлари, электорат манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Қонун лойиҳаси Президентимиз Концепцияда илгари сурилган ғоя асосида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида фракциямиз томонидан бир нечта моддаларга электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар берилди. Жумладан, ижтимоий шериклик субъектларини аниқ белгилаб олиш таклифи берилмоқда. Шу асосида ижтимоий шериклик субъектларига давлат органлари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бош­қа инс­титутлари киритилди.

Шу билан бирга, ижтимоий шерикликнинг аниқ шакл­ларини ифодалаш, кейинчалик уни ҳаётда ижро этилиши, муносабатларнинг шакл­ла­ни­шида бу муҳим ўрин тутиши тўғрисидаги таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топди. Қонун лойиҳаси келгусида фуқаролик жамияти ривожи, мамлакатимизда давлат ва фуқаролик жамия­ти институтлари ўртасида ҳамкорликнинг турли шаклларини ривожлантириш муносабатларини тартибга солишига, шунинг­дек, электоратимиз манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга муносиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз электорати манфаатидан келиб чиқиб, бир қатор ташкилотлар билан ижтимоий шериклик кўламини кенгайтирмоқда. Айниқса, жойларда Марказий банкнинг вилоят бош­қармалари билан ҳамкорликда ўтказилган иқтисодий форумлар, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳасини амалга ошириш жараёнида бу муносабатлар яққол намоён бўлаяпти. Хусусан, иқтисодий форумларда ЎзХДП электорати вакилларидан 128 нафар киши ўз бизнесини бошлаш учун банкларнинг имтиёзли кредитларини олишга муваффақ бўлди.

Бир сўз билан айтганда, ижтимоий шериклик муносабатларини қарор топтириш ва мустаҳкамлаш орқали партия­нинг электорати манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўлами кенгайиб бормоқда. ЎзХДП дастурида бу борада муҳим вазифалар белгиланганини инобатга олсак, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни кучайтириш олдимизда турган долзарб масала экани маълум бўлади.

Муҳими, мазкур йўналишдаги ишларни кучайтириш фуқаролар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жойларда учраётган ижтимоий масалаларни ҳал этиш, давлат дас­турлари ижросини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда яхши самара беради, деб ўйлайман.

Анвар ШЕРОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.