08.07.2014

ҲАР БИР МУРОЖААТ

унда кўтарилган муаммо ёки таклиф бўйича алоҳида тартибда ишлашни тақозо этади

Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, шу асосда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига долзарб ҳаётий масалаларни олиб чиқишда партиямиз Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Жамоатчилик қабулхонаси ишини янада жонлантириш ва такомиллаштириш учун, аввало, уларни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бойитиш, қабулхоналарни аҳоли учун қулай бўлган вақт ва жойларда ташкил этиш лозим.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ўтказилган семинарда ана шу масала муҳокама этилди. «Партия электоратини безовта қилаётган ижтимоий масалаларни ҳал қилишда жамоатчилик қабулхоналарининг ўрни» мавзусида ташкил этилган семинарда партия фаоллари, депутатлар ва тумандаги Бешрабод ҚФЙ, «Янгиобод», «Келачи», «Юқори Бешрабод» маҳаллалари фуқаролари, тумандаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

— Партиямиз маҳаллий кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар турли масалаларда бўлмоқда, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Фахриддин Йўлдошев. — Шунинг учун ҳам ҳуқуқшунослар билан кўпроқ ҳамкорлик қилиш керак. Мурожаатларнинг ҳар бирига жиддий эътибор қаратиб, аввало, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва комплекс ҳал этиш керак бўлади. Бу жараёнда қабулхона ходимлари ва партия гуруҳлари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, намунали қа­булхоналар иш тажрибасини оммалаштириш, кўчма Жамоатчилик қабулхонасини кўпроқ ташкил этиш керак, деб ўйлайман.

— Таҳлиллар кўрсатишича, аҳолидан тушган  мурожаатларнинг асосий қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, бандлик, маҳаллий ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш каби масалалар ҳақида бўлмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Бу масалаларни ҳал этиш бевосита партиямиз электорати манфаатига хизмат қилади. Шу боис ҳар бир мурожаат, унда кўтарилган муаммо ёки таклиф бўйича алоҳида тартибда ишлаш керак. Бунда депутатлик сўрови ҳамда ижтимоий шерикчилик асосидаги муносабатлардан унумли фойдаланиш қўл келади, деб ўйлайман. Мурожаатларда кўтарилган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилса, бу ҳам депутатга, ҳам партияга обрў келтиради.

— Айни кунда Навоий вилоятида партиямизнинг 11 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритаяпти, — деди вилоят партия кенгаши раиси Шерали ­Умаров. — Ўтган йили қабулхоналарга 300 дан ортиқ мурожаат тушган бўлса, уларнинг аксарияти давлат идоралари ва тегишли ташкилотлар ёрдамида  ижобий ҳал этилди, қолганларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу йилнинг май ойига қадар эса 143 нафар аҳоли турли масалаларда мурожаат этди. Биз уларнинг ҳар бирига жиддий эътибор билан қараяпмиз. Баъзида шундай мурожаатлар бўладики, масалани ўрганиш ва уни ечиш учун ишчи гуруҳи тузилади. Бунда гуруҳ таркибига малакали ҳуқуқшунос ва турли соҳа мутахассисларини ҳам жалб қиламиз. Муаммони бартараф этиш давомида фаоллар жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганади. Бу тажриба фаолиятимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Семинар сўнггида фуқаролар ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича партия фаоллари ва депутатларга мурожаат қилишди. Саволларга жавоб берилди, айримлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари назоратига олинди.

Турли масалалардаги оғзаки ва ёзма 50 дан ортиқ мурожаат депутатларга тақдим этилди. 

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.