05.07.2014

ТАКЛИФЛАР ҲИСОБГА ОЛИНЯПТИ

қонун ижодкорлиги жараёни такомиллашиб боряпти

Шу кунларда Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасида «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича бўлиб ўтаётган муҳокамалар жамоатчиликда катта қизиқиш уй­ғотмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси иқтисодиётимизни илғор мезонлар асосида тубдан ислоҳ қилиш, хусусийлаштириш битимларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, инвесторларга бир хил қулайликлар яратиш, бу борада замонавий стратегия ишлаб чиқишда муҳим ҳужжат бўлиши кутилаяпти. Куни-кеча ушбу қонун лойиҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қуйи палатанинг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот хизмати ташкил этган тадбирда қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича олиб борилган ишлар ҳа­қида атрофлича маълумот берилди. Таъкидландики, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракция­лари, қўмиталар қонун ло­йиҳасини мутахассислар, давлат ва хусусий корхоналар вакиллари, жамоатчилик иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказган. Шу жараёнларда хусусийлаштириш масалаларини аниқ ва равшан акс эттиришга қаратилган, мавжуд ама­лиётдан келиб чиқадиган фикр-мулоҳазалар берилган. Матбуот ан­жуманида депутатлар, мутасадди идоралар вакиллари инобатга олинган таклифлар­нинг аҳа­мияти, қонун лойиҳасида ифодасини топмаган жиҳатлар ва уларнинг сабабларига тўхталиб ўтди.

Журналистлар қонун лойи­ҳаси бўйича фракцияларнинг позициялари, улар бер­ган таклифларнинг ҳи­собга олиниши ёки олинмаслиги масалалари билан ҳам қи­зиқди. Бу борадаги саволларга депутатлар томонидан муфассал жавоблар қай­тарилди.

Кези келганда айтиб ўтиш керак, ЎзХДП фракцияси хусусийлаштириш масаласида шошма-шошарлик мақсадга мувофиқ эмаслиги­ни, мақсад давлат мулкини имкон қадар тез муддатда бошқа шахсга сотиб бўл­маслиги кераклигини айтиб, масъул қўмитага бир қатор таклифларини тақдим этган эди. Матбуот анжуманида ЎзХДП фракциясининг бу борадаги таклифлари қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ҳисобга олингани, ижтимоий ва инвестициявий мажбуриятлар, ходимларнинг ижтимоий кафолатлари билан боғлиқ моддаларга тегишли ўзгартиришлар киритилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, фрак­ция­лараро ўтказилган дебатлар қонун лойиҳасини аҳо­лининг турли қатламлари манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама этиш, мус­тақиллик йилларида мамлакатимизда хусусийлаштириш масалалари бўйича қа­бул қилинган қонуности ҳужжатларини таҳлилий кў­риб чиқиш, муайян хулосалар чиқариш имконини берган.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Бойқуловнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси, унинг мазмун-моҳияти ОАВда кенг ёритилган. Сайловчилар билан учрашувларда ҳам бу масала кун тартибида турган. Журна­листларнинг ушбу жараёнлардан доимий хабардорлиги муҳокамалар натижасида киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни одамларга тушунтиришда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистонда хусусийлаштириш билан боғлиқ қо­нун 1991 йилда қабул қи­лин­ган. Орадан анча вақт ўт­ди, хусусийлаштириш жа­раёнларида янги тажриба ва мезонлар юзага келди, бу масалага ёндашув ўзига хос юқори босқичга кўтарил­ди. Ҳозир мамлакатимизда хусусийлаштириш масалалари 80 дан ортиқ меъёрий-ҳуқу­қий ҳужжатлар билан тартибга солинаяпти. Хусусийлаштириш тўғрисидаги қо­нун уларни ягона тизимга бирлаштиришга асос бў­лиши кутилаяпти. Қонун билан янгича тартиб ва қои­далар жорий қилинади. Бир сўз билан айтганда, хусу­сий­лаштириш жараёнидаги ҳуқуқий муносабатлар тубдан такомиллашади. Унинг мазмун-моҳиятидан жамоат­­чилик кенг хабардор бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда қонун лойиҳалари бўйича парламентда бўлиб ўтаётган қизғин муҳо­камалар жараёнини омма­вий ахборот воситаларида ёри­тиб бориш долзарблигини яна бир бор таъкидлаб ўт­моқчимиз. Мутахассислар шундай хулосага келган: одам қонунни ўқишдан кўра, унинг қабул қилиниш жараёнларини кузатиб борса, ҳуқуқий масалаларни яхшироқ англайди, мустақил таҳлил қилади.

Қонун ижодкорлигига мат­буот ва ОАВ, улар тимсоли­да жамоатчилик эътибори кучайишининг яна бир томони шундаки, қонунлар ло­йиҳаларига ҳар жиҳатдан ўйлаб, чуқур таҳлил билан ёндашиш масъулияти ошади. Тан олиш керак, айрим ҳолларда «мен фикр билдирсам ҳам, билдирмасам ҳам қонун лойиҳасининг муҳокамаси тўхтаб қолмайди, уни қанча депутат, нечта му­тахассис кўради», деб ўй­лайдиганлар йўқ эмас. Лекин қонун лойиҳасида ҳеч ким эътибор қилмаган, илғамаган бир нарсани топиш, кич­кина таҳририй тузатиш айтиш, шу орқали келажакда одамлар дуч келиши мумкин бўлган англашилмовчилик ёки оворагарчиликнинг олдини олиш мумкин.

Қонун лойиҳаси муҳокамалари бўйича матбуот анжуманидан асосий хулоса шуки, бу каби тадбирларда парламентдаги қонун ижодкорлиги билан боғлиқ жараёнлар тўғрисида яхлит таассурот олиш, вазиятга чуқурроқ кириб бориш имкони бўлади. Бу парламент ҳаётини бутун тафсилотлари билан жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.

Парламентда давлат ва жамиятнинг бугуни, келажаги, қўйингки, халқ тақдирига дахлдор масалалар кўриб чиқилади, фикр алмашилади, таҳлиллар ва уларнинг натижалари ўртага ташланади. Мазкур жараёнларнинг ОАВ, фуқаролар учун очиқлиги ривожланган давлатларда бўл­гани каби юртимизда ҳам юксак демократияни қарор топтиришда муҳим аҳа­мият касб этади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.