05.07.2014

ЯГОНАСАН, МУҚАДДАС ВАТАНИМ, СЕВГИ ВА САДОҚАТИМ СЕНГА БАХШИДА, ГЎЗАЛ ЎЗБЕКИСТОНИМ!

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори эълон қилинган шу кунларда юрт­дошларимиз қалбида қувонч, ҳаяжон туйғулари жўш урмоқда. Мустақиллик қадри, тинчлик қадри ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Мустақиллик бизга нима берди? Мустақиллик ҳаётимизда қандай ўрин тутади? Оила аъзоларимиз, яқинларимиз тақдирида қандай из қолдирди, деган саволларга жавоб олиш учун бир гуруҳ ҳамюрт­ларимизга мурожаат қилдик.

Патилахон ЭРГАШЕВА, Ўзбекистон Қаҳрамони, Бувайда туманидаги «Патилахон» фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП фаоли:

— Мустақиллик халқимизга нима берганини ким кўрмоқчи бўлса, Фарғонага келсин. Бу ерда қурилган иморатларни, ободончилик ишлари, бунёдкорликлар ҳар қандай одамнинг ақлини шоширади.

Бугунги Фарғона халқимиз шаҳарсозлик мадания­тининг, юксак меъморчилик салоҳиятининг тимсолига айланди.

Қишлоқларимизни айтмайсизми, янги йўллар, мактаб, коллеж, қишлоқ врачлик пункти, болалар боғчаси, намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар... санаб саноғига етолмайсиз.

Менинг болалигим пахта даласида ўтган. Биз пахта одамдан азиз бўлган оғир даврларни кўрганмиз. Хал­қимиз хўрланган, деҳқон оёқости қилинган кунларга гувоҳ бўлганмиз. Мустақиллик бўлиб, меҳнатларим қадр топди. Елкамга офтоб тегди. 1995 йилда Президентимиз фармонига биноан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қиш­лоқ хўжалиги ходими» унвонига сазовор бўлдим. 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим. 2010 йилда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак шарафга муносиб кўрилдим.

Оддий бир қишлоқ аёлига шунча эътибор, шунча эъзоз. Бу ҳақда ўйласам, тунларни тонгга улаб қилган машаққатли меҳнатларим, чеккан заҳматларим бир зумда унутилади.

Президентимиз ҳар йили Фарғонага келиб бу ердаги ислоҳотлар билан танишади, одамлар билан суҳбатлашади. Яқинда яна учрашдик. Уларнинг гаплари кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қў­шди. У кишининг маслаҳат ва таклифларига амал қилиб ишимиз янада юриш­моқда.

Биринчилар қаторида фер­мер хўжалиги ташкил қилдим. Ер эгаси бўлдим. Собиқ тузум даврида такрорий экин экишга рухсат беришмасди. Бугунги кунда буғдойдан кейин турли полиз экинлари экилмоқда. Ундан олинган даромаддан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам беряпмиз. Хўжалик аъзоларига тарқатяпмиз. Рўзғоримиз бут, оиламиз, юртимиз тинч. Одамларимиз ҳаётдан рози. Кимдир уй қур­япти, бош­қаси тўй қил­япти...

Қўл остимда 25 нафар ходим ишлайди. Ёлланма ишчилар билан қўшиб ҳисоблаганда улар сони 45 нафарга етади. Ҳаммасининг рўзғори обод. Камчилиги йўқ. Зарурат бўлса, қўшимча ёрдам берамиз. Жамоамиз аҳил.

Жорий йил буғдой топшириш режасини 120 ­фоизга бажардик. Режадан таш­қарисини одамларимизга бўлиб бердик. Пахта масаласига келсак, ҳар гектаридан 40 центнердан ҳосил олишни режалаштириб турибмиз.

Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Президентимиз омон бўлсин. Халқимиз аҳил, ҳамжиҳат бўлсин. Мус­тақиллигимиз абадий бўлсин.

Насрулло ШОНАЗАРОВ, Булунғур туманидаги 25-умумий ўрта таълим мактаби директори, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— 34 йилдан бери ўқитувчилик қиламан. Собиқ тузум даврида мактабни таъмирлаш учун идорама-идора сарсон бўлиб юрардик. Янги мактаб ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасдик. Ишонсангиз, ўшанда мактабимизнинг аҳволини кўриб йиғлагим келарди. Бу менинг назаримда ҳал этиб бўлмас муаммо эди.

Мустақиллик йилларида минглаб мактаблар янгидан қурилди, таъмирланди. Ҳаммаси керакли анжомлар билан таъминланди. Нафақат мактаблар, балки касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар бунёд этилди. Олий ўқув юртлари замонавий қиёфа касб этди.

Бизнинг мактаб тоғли ҳудудда жойлашган. Яратилган шароитларни солиштирсак, Тошкентнинг қоқ марказидаги мактаблардан кам жойи йўқ. Якунланган ўқув йилида мактабимизни 48 нафар ўғил-қиз битирмоқда. Улар ўқишларини касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда давом эттиришади.

Илгари болалар компьютер нималиги ҳақида савол беришар эди. 2011 йилда мактабимизда замонавий компьютер хонаси ташкил қилинди.

Бошқа жойларда бўлгани каби бизнинг мактабимизда ҳам инглиз тилини ўргатишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Турли кўр­газмали қуроллар келтирилди. Лингофон синфи ташкил қилинди. Энди ўқувчиларимиз чет тилларини янада яхши ўзлаштиради, деб ўй­лайман.

Янги мактабга кўчиб чиққанимиздан кейин альбом қилдик. Унда эски ва янги мактабимиз тасвирланган суратлар ёнма-ён жойлаштирилган. Ушбу расмларни кўрган болада таққослаш, солиштириш имконияти пайдо бўлади.

Мамлакатимиз ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида қатнашиб, нуфузли ўринларни эгалламоқда. «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларида иштирок этиб, катта спортга илк қадамларини қўймоқдалар. Бир вақт­лар булар биз учун етиб бўлмас орзу эди.

Президентимиз юртимиздаги мактаблар фаолияти билан доимо қизиқиб келган. Ўзининг ҳар бир чиқишида мактабда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратади. «Ўзбе­кис­тон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қа­рорда ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дас­турларини халқимиз ҳаётида, маънавий, маърифий оламида тутган беқиёс ўрнига алоҳида аҳамият берилган.

Илгари ўқитувчилар ўқув қуроллари, техника жиҳозлари етишмаслигидан нолишарди. Ҳозир ҳамма ша­роит муҳайё. Фақат виждонан ишлаш керак. Ўқитувчининг зиммасида жуда катта масъулият бор. У миллат тарбия­чисидир.

Дилафрўз МАМАДАЛИЕВА, Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқитувчиси:

— Мустақиллик бизга ни­ма берди? Мен бу саволга ўз оилам мисолида жавоб бермоқчиман. Укам Беҳзод Абдураимов 2009 йилда Лондонда ўтган халқаро танловда мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Дунёнинг кўплаб давлатларида, яқиндагина эса Японияда ўзининг концерт дастурини намойиш этди. Укам эришган ютуқларни санайман десам анча вақт керак. У бугун бутун дунёда тенгсиз, деб эъти­роф этилмоқда.

Ўғлим Искандар Мамадалиев эндигина 12 ёшга кирган бўлса-да кўплаб халқ­а­ро танловлар ғолиблиги ва Гран-присини қўлга киритди. Дастлаб 2011 йилда Италиянинг Барлетта шаҳрида ёш пианиночиларнинг «Cita di Barletta» халқаро танловида бир йўла учта — «Мутлақ тенгсиз», «Европа мусиқасининг энг зўр ижрочиси», «Томошабин меҳрини қозонган ижрочи» номинациялари бўйича ғолиб, деб топилди. 2012 йил февралда у Американинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган халқаро «Piano and Strings Compettion», «American Protege» интернет танловида 1-ўринга сазовор бўлди.

2012 йилнинг июнида Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилган ёш пианиночиларнинг «Piano Talents» иккинчи халқаро танлови ғолиби бўлди. Шунингдек, у «Мутлақ тенгсиз» дея эътироф этилди.

2013 йилнинг май ойида Италиянинг Перуджа ҳамда Барласина шаҳарларида ўтказилган халқаро танловларда қатнашиб, иккаласида ҳам Гран-прини қўлга киритди. Танлов якун­лангач, ҳайъат аъзолари ­Искандарнинг истеъдодини бриллиантга қиёслашди.

Юртимизда бизга ўхшаган оилалар юзлаб, минглаб топилади. Бу жуда қисқа вақт ичида улкан натижа. Спортчи болаларимиз кўксидаги олтин медаллар шодаси ўзларининг вазнидан ҳам оғир бўлса керак. Ёш мусиқачиларимиз эришган жаҳоний ютуқларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Бир неча йил олдин Президентимиз бизнинг янгидан таъмирланган лицейимизга келиб, ўқувчиларимиз учун яратилган шароитлар билан танишди, болаларимиз билан суҳбатлашди. Уларнинг қизиқишлари ва интилишларини сўради. Бу ишонч мусиқачи ўғил-қизларни янги-янги марралар сари илҳомлантирди.

Мен мусиқа муаллими сифатида шуни айтмоқчиманки, бу ҳали ҳаммаси эмас. Бугун мамлакатимиз мусиқа ва санъат мактабларида ўқиётган мустақиллик фарзандлари эртага халқаро танловларда иштирок этиб, Ўзбекистон номини жаҳонга танитади.

Буларнинг барчаси эътибор ва меҳр мевалари, мус­тақиллик имкониятларидир.

«Ўзбекистон овози»

мухбири Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.