Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
03.07.2014

МУСТАҚИЛ ФИКРЛАЙДИГАН ЁШЛАР

юртнинг ишончи, таянчи ва ҳал қилувчи кучидир

«Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, авваламбор, фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак».

Ҳар бир давлатнинг, халқнинг эртанги куни қандай бўлиши ёшларга боғлиқ. Улар келажакнинг асосий ҳал қилувчи кучидир. Бу ҳамма, керак бўлса, бутун дунё аҳли тан олган ҳақиқат. Чиндан ҳам мамлакатда ўсиб, вояга етаётган йигит-қиз мамлакат тақдири учун масъулиятни бўйнига олиб, ўз халқининг эртаси бугунидан янада яхши бўлиши учун интилса, демак, келажакка қатъий ишонч бор, бунда буюк мақсадларнинг рўёби аниқ.

Истиқлолнинг дастлабки йилларини эслайлик. Давлатимиз раҳбари бежизга биринчи устувор масала сифатида ёшлар сиёсатини давлат ва жамият олдига муҳим масала сифатида қўймади. «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши билан бу борадаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди ва бугунга келиб юртимиз ёшларининг камоли учун барча шарт-шароитлар яратилди. Эндиги вазифа эса ана шу шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, баркамол авлодни тарбиялашдан иборат. Чунки, дунёқараши ҳар томонлама кенг, тушунчаси юқори йигит-қизлар буюк мақсадларни забт эта олади.

Мамлакат миқёсида бу жараёнда муносиб иштирок этиш мақсадида ЎзХДП қатор лойиҳа ва ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, 2008 йилдан буён партия тизимида ўтказиб келинаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. ЎзХДП дастури ва Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёш­ларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини кучайтириш билан боғлиқ масалалар танлов шартларида ўз ифодасини топди. Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловнинг бошланғич ташкилотлардаги босқичлари ҳам ўтказилди. Бу эса танловга ёшларни янада кўпроқ жалб этишга имкон яратди. Қуйи бўғинларда ғолиб бўлган иштирокчилар туман ва шаҳар босқичларида иштирок этди, иккинчи босқичда ўзини кўрсатганлар вилоят босқичида ўз билими ва истеъдодини намойиш этди.

Хўш, «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-танловининг вилоят босқичлари қандай ўтказилди? Ёшлар ўзи истиқомат қилаётган ҳу­дудни ривожлантириш, муайян ижтимоий масалани ҳал қилиш учун қандай ташаббуслар билан чиқмоқда?

Ана шу саволлар билан газетамизнинг вилоят бўйича мухбирлари ва партия фаолларига мурожаат қилдик.

ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши Матбуот хизмати хо­дими Шаҳноза Парманованинг қайд этишича, танловнинг биринчи ва иккинчи бос­қичларида 400 нафардан зиёд ёш иштирок этди. Вилоят босқичида учта шарт бўйича беллашилди.

— Лойиҳа тақдимоти шарти кўпчиликка манзур бўл­ди, — дея сўзини давом эттирди у. — Масалан, Пай­ариқ тумани вакили Исломбек Умиров ўз лойиҳасида жисмоний имконияти чек­ланган ёшларнинг таълим олиши масаласини қамраб олган. Жумладан, «Е-Таълим» лойи­ҳаси асосида жаҳон стан­дартлари даражасида сифатли ва доимий таълимни ташкил этиш мумкин. Кўп­лаб Европа мамлакатлари­да ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, аксарият жисмоний имконияти чекланган ёшларда руҳий тушкунлик, ишончсизлик, умидсизлик, ўзидан кўнгли тўл­маслик кайфияти юқори бў­лади. Шу боис бундай ёш­ларга нафақат маънавий билим, балки руҳий далда бериш керак. Бу лойиҳанинг асосий вазифаларидан биридир. Мазкур лойиҳани кўпчилик ёшлар қўллаб-қувватлади ва уни амалга ошириш бўйича таклифларини беришди.

— Бугунги кунда энергия­ни тежаш борасида ижо­бий натижаларга эришилаяп­ти, — дейди Пахтачи тумани иштирокчиси Санжар Собиржонов. — Танловга узоқ қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолига қуёш энергиясидан самарали фойдаланиб, тежамкор иссиқхоналар қуриш лойиҳасини тақдим этдим. Бунда ҳаво ҳарорати -5 С даражага қадар бўлганда иссиқхонани иситиш учун ҳеч қандай қўшимча энергияни (электр, газ, дизель, кўмир) ишлатишнинг ҳожати қолмайди.

Бундай иссиқхонани қу­риш осон ва арзон. Чунки уни оддий пахсадан, хом-ғиштдан ёки синч қилиб қуриш мумкин. Кун давомида иситиш учун қўшимча ишчи кучи талаб қилинмайди ва у шамолга ҳамда қорга юқори чидамли бўлади.

Кун давомида қуёш туфайли иссиқхонада иссиқлик тўпланади, у кечаси йўқолиб қолмаслиги учун иссиқхона томи махсус термопарда билан ёпилади, таш­қарида ҳаво ҳарорати -5С бўлса ҳам, иссиқхона ичида керакли ҳароратни ушлаб туриш мумкин.

Шунингдек, иштирокчилар бошқа шартлар бўйича ўз сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва нотиқлик бўйича маҳоратларини намойиш қилишди. Кўрик-танлов сўнггида ғолиблар аниқланди. Унга кўра, Пайариқ туманидан Исломбек Умиров биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди.

Қашқадарё вилоятида 300 нафарга яқин ЎзХДП­нинг ёш аъзолари кўрик-танловнинг биринчи ва иккинчи босқичларида фаол иштирок этиб, улардан 14 нафари вилоят босқичидаги қизғин беллашувда қатнашди.

Биринчи шартда қатнашчилар ўз ҳудудидаги бирон-бир ижтимоий масалани ҳал этишга қаратилган янги ғоя­лар асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларини тақдим этишди. Иккинчи шартда Президент асарлари, Конс­титуция, сиёсий партиялар, парламент ва сайлов жа­раёнлари, ёшларга оид қо­нунлар, Оила, Меҳнат кодекслари бўйича саволларга жавоб беришди. Учинчи шартда эса нотиқлик маҳорати бўйича синов бўлди.

Вилоят партия кенгаши раи­си ўринбосари Музаффар Туроповнинг таъкидлашича, кўрик-танловнинг вилоят бос­қичи жуда қизиқарли ўтган. Лойиҳа тақдимоти шартида Косон тумани вакили Лазиза Аллаярованинг «Қишлоқ ва маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани ривожлан­тириш муаммоларини ҳал этиш», Чироқчи ту­манидан Баҳодир Мирзаевнинг «Ёш­ларни ахборот хуружларидан ҳимоялаш» юза­сидан тақ­дим этган лойиҳалари кўп­чиликка манзур бўлди.

Танловда тўпланган балларга кўра, биринчи ўринни Қамаши тумани вакили Абдусалом Сапаров эгал­лади. Муборак туманилик Умида Рўзиқулова иккинчи ўринга лойиқ, деб топилди, китоблик Ферузбек Қобилов учинчи ўринга муносиб кў­рилди.

Газетамизнинг Хоразм вилоят бўйича мухбири Рўзимбой Ҳасаннинг хабар беришича, бу йил ёшлар орасида кўрик-танловга қи­зиқиш жуда юқори бўлди. Танловда иштирок этиш истагини билдирганлар 400 нафардан ошиб кетди. Иштирокчиларнинг ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг аниқ масалалари, қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш орқали янги иш ўринлар яратишни кўзлаган ло­йиҳалари эътиборга лойиқ.

— Очиғи, танловни кузатиб, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, билимидан жуда қувондим, — дейди у. — Масалан, ёшлар тан­лов давомида кўплаб сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар, қонунлар ва меъёрий-ҳуқу­қий ҳужжатлар билан яқиндан танишиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан янада чуқурроқ хабардор бўлишганини исботлашди. Ана шундай фаол ва ташаббускор ёш­ларимиздан бири бўлган Санъатбек Тожимуродов кўрик-танловнинг Хоразм вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди ва республика босқичига йўл олди. Кўрик-танловда, шунингдек, Қўшкўпир транспорт ва қурилиш касб-ҳунар кол­лежи ўқитувчиси Дилфуза Ниёзметова, ТАТУ Урганч филиали талабаси Сарвар Қодировлар фахрли ўринлар эгаси бўлди. Бундан ташқари «Энг иқтидорли иштирокчи», «Фаол тарғиботчи» каби еттита номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, фаол иштирокчиларга партия вилоят кенгаши дипломи ва эсдалик совғалари топширилди.

Кўрик-танлов Сурхондарё­да ҳам кўтаринки руҳда, қизғин ва баҳс-мунозараларга бой ўтди. Газетамизнинг вилоят бўйича мухбири Абдумалик Ҳайдаровнинг бизга юборган хабарига кўра, унда 14 нафар йигит-қиз баҳс олиб борди.

— Анъанавий ўтказиб келинаётган танловда қатнашиш истагини билдирган во­ҳалик йигит-қизлар сони йил­дан-йилга ортаётгани қувонарли, — дейди у. — Бу йилги тадбирларда ҳам БПТ, ша­ҳар ва туман босқичларида 600 дан ортиқ ёш «Мен Ватаним равнақига ҳисса қў­шишни хоҳлайман» ғояси остида ўз билимларини синовдан ўтказди. Улар ора­сида «Зулфия» номидаги давлат мукофоти, Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси, «Юрт келажаги» каби нуфузли танловлар совриндорлари борлиги қувонарли. Шу билан бирга танлов давомида 200 нафардан ортиқ йигит-қиз пар­тиямиз сафига қабул қилинган.

Ёш сиёсатчилар чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томони­дан баҳолаб борилди. Танлов натижаларга кўра, Сардор Алимов биринчи ўринни эгал­лади ҳамда республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Иккинчи ҳамда учинчи ўринлар эса Аббос Тоғаймуродов ва Жамшид Нормуродовга насиб этди.

Кўрик-танловнинг Сирдарё вилоят босқичи қандай ўтказилгани билан қи­зиқиб, вилоят партия кенгашига боғландик. Вилоят партия кенгаши масъул ходими Жанглиш Ҳасанованинг айтишича, танловнинг вилоятда ўтказилган барча босқичларида бу йил 220 нафар йигит-қиз иштирок этди. Улар орасидан 11 нафари вилоят босқичида қатнашди.

— Айтиш жоизки, танловнинг вилоят босқичи бугун ёшларнинг ижтимоий-иқ­тисодий жараёнларга бефарқ эмаслигини яна бир бор яқ­қол кўрсатди, — дейди у. — Очиғи, партиянинг ёш аъзолари сиёсий-ҳуқу­қий билими, маҳорати мени лол қолдирди. Демак, ЎзХДП­­да ана шундай фаол йигит-қизлар қатлами шаклла­наётган экан, партия таянчи бунданда мустаҳкам бў­либ бораверади.

Ҳакамлар ҳайъати хуло­сасига кўра, Мирзаобод тумани вакили Мафтуна Эргашева вилоят босқичи ғолиби деб топилиб, республика босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, Гулистон шаҳридан Азимжон Холов иккинчи, Сирдарё туманидан Азизахон Зуфарова учинчи ўринга муносиб, деб топилди.

— Кўрик-танловнинг Жиззах вилоят босқичида туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган 10 нафар ёш сиёсатчи 3 та шарт бўйича беллашди, — дея хабар беради газетамизнинг Жиззах вилоят бўйича мухбири Иброҳим Жонузоқов. — Кўрик-танловнинг биринчи шартида иштирокчилар ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ишлаб чиқаришга бўл­ган эҳтиёжидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, қишлоқларда замонавий инфратузилмани шакллантириш ка­би устувор масалаларга ур­ғу беришди.

Иштирокчилар вилоят бос­қичида ҳам нотиқлик санъати ва билимдонлик синови шартларини аъло даражада бажариб, сиёсий-ҳу­қуқий билимини яна бир бор намоён этди.

Танлов якунида ғолиб аниқ­ланди. Пахтакор тумани вакили Мадинахон Амрид­динова биринчи ўринга муносиб деб топилиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

«Доривор ўсимликларни қайта ишлаш асосида аҳо­лини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш». Миробод тумани вакили, Тошкент Фармацевтика институти талаба­си Ўктамжон Юнусов «Ёш сиёсатчи — 2014» кўрик-тан­ловининг Тошкент шаҳар босқичида шу лойиҳаси билан иштирок этди.

— Синтез йўли билан олин­ган кимёвий дори воситасини узоқ вақт узлуксиз истеъмол қилиш инсон организмида турли нохуш ўзгаришларни юзага келтиради, — дейди у. — Шу боис тиббиётда доривор ўсимликлар­га ва улардан олинадиган препаратларга бўлган талаб ортиб бораяпти.

Республикамиз табиий флораси 4230 та ўсимлик турини ўз ичига олади, улардан 600 га яқини доривор ҳисобланади. Ҳозирда ушбу доривор ўсимликлардан фақатгина 100 дан ортиқроғи илмий тиббиётда қўлланилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда янги истиқболли доривор ўсимлик­ларни излаб топиш ва тиббиётга татбиқ этиш фармацевтикада долзарб масалалардан биридир.

Мен биргина «ширинмия» ўсимлигини мисол қилиб ол­моқчиман. Амударё ва Сирдарё бўйларида табиий ҳол­да ўсадиган бу кўп йиллик ўсимлик илдизи 4-5 метргача етади ва у ўзида 24 фоизгача глициризин кислота сақлайди. Ундан дорихона ва хонадон шароитида шарбат, чой, кукун тайёрлаш мумкин. Ҳосил бўладиган табиий, сифатли ва арзон дори воситаси аҳоли саломатлиги, оила бюджети учун ҳам фойдали ҳисобланади.

— Сиёсат нима, сиёсатчи ким, унинг фаолияти қандай мезонлар билан ўлчана­ди, бурчи, жамиятда тутган ўр­ни нималардан иборат? Мен кўрик-танловда иштироким давомида ана шу саволларга янада батафсил жавоб олдим, — дейди Олмазор туманидан Жаҳонгир Мухторов. — Танлов шартларига тайёргарлик кўриш, унда қатнашиш жараёнида ўзимни худди депутат, пар­тия етакчиларидек ҳис қилдим. Шуни англаб етдимки, интилишдан тўхтамасам, келажакда яхши сиёсатчи бў­либ етишишим мумкин экан.

Йиғилган балларга асосан биринчи ўринни Сергели туманидан Бекзод Солихов, иккинчи ўринни Учтепа туманидан Хуршид Ботиров, учинчи ўринни Юнусобод туманидан Аъзамжон Ҳо­жибоев эгаллади. Қолган иштирокчилар турли номинациялар билан тақдирланди. ўолибларга диплом ҳам­да эсдалик совғалари топширилди. «Ёш сиёсатчи» танловининг вилоят босқичи янги иқтидор эгалари, келажакда сиёсатчи, депутат ва партия етакчиси бўлиш истагидаги йигит-қизларни кашф этди. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллик кўрсатишга интилувчан ёшлар сафи янада кенгайди. Ватан равнақига ҳисса қўшишни ўз бурчи деб биладиган ёшлар эндиликда республика босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу йил Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида ўз­лигини, ўз қадр-қимматини, Ватани олдидаги ўз бурчини чуқур англаган, ўз олдига баланд марралар қўйиб, дунё­даги барча тенгдошлари билан беллашувга тайёр фарзандларимиз бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз, деб юксак қадрлагани бугунги навқирон авлодни янада руҳлантирмоқда, уларга катта ишонч бермоқда. Бунинг тасдиғи «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.