03.07.2014

ЙЎЛОВЧИ ЭМАС

ташувчининг жавобгарлиги ошадиган бўляпти

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига янги қонун лойиҳаси киритилди. «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги мазкур қонун лойиҳаси йўловчилар ҳуқуқи ҳимоясига қаратилгани билан аҳамиятга молик.

ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш масаласи муҳокама этилди.

Гап шундаки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига мувофиқ йўловчининг ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилгани, юк ёки багаж йўқолгани, кам чиққани ва уларга шикаст етказилгани (бузилгани) учун ташувчи жавобгар бўлади. Бир сўз билан таъриф берсак, қонун лойиҳаси ана шу тамойил янада тўлиқроқ амалга ошишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишидан мақсад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида транспорт воситаларининг барча турларида ташишни амалга оширишда йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар қопланишини кафолатлашдан иборат.

Савол туғилиши табиий: шу вақтга қадар бу борада юзага келган масалалар қандай ҳужжатларга асосан ҳал қи­линган?

Бугунги кунда йўловчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар бўйича суғурта ҳимояси «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги қонун билан амалга оширилмоқда. Лекин таҳлиллар мазкур қонуннинг айрим меъёрлари замон талабига жавоб бермаётганини кўр­сатмоқда.

Жумладан, амалдаги тизим йўловчиларга етказилган зарар ўрнини қоплашни тўлиқ кафолатламаяпти. Энг муҳим масала эса йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртаси ўрнига ташувчининг йўловчилар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқдир.

Сиз автобусга ўтириб йўл­га чиқсангизу, ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги ёки бир бош­қа сабаб билан манзилингизга етмасдан соғлиғингизга ёхуд юкингизга зарар ет­са, ким жавобгар бўлади? Бу ҳолатда жавобгарлик ташувчининг зиммасида бўлиши тўғри ва адолатли, албатта. Чунки сиз ҳақ тўлаб хизматдан фойдаланувчисиз. Автобусни сиз ҳайдамагансиз, унинг техник ҳолатига ҳам жавобгар эмассиз. Манзилга етказиб қўювчи эҳтиёт ва хавфсизлик чораларини ҳам кўриши керак. Шунинг учун халқаро тажрибада йўловчининг эмас, ташувчининг жавобгарлигини суғурта қилиш амалиёти кенг ёйилган.

Депутатларнинг фикрига кўра, ҳозирда мамлакатимизда ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишни тартибга солувчи норматив-ҳу­қуқий ҳужжат мавжуд эмас. Бир қатор ривожланган давлатларда бу борада тегишли қонунлар қабул қилинган. Асосийси — ўша давлатларда ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қи­лиш тизими муваффақиятли ишлаб келмоқда. Бу тажриба йўловчилар ҳуқуқини ҳи­моя қилишда, зарар ўрнини тез ва тўлиқ қоплашда сама­рали экани қайд этилмоқда.

— Қонун лойиҳаси маълум қоидаларни ўз ичига олган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комил Очилов. — Улар ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини жорий этишга, ушбу жараёнда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга асос бўлади. Бу партиямиз дастурий мақсадларига ҳар жиҳатдан мос келади.

Шу ўринда ташувчи ўзи ким, деган саволга ҳам ойдинлик киритиб кетиш керак. Қонун лойиҳасига кўра, шаҳар, темир йўл, ҳаво, автомобиль, дарё транспорти ва бошқа транспорт воситаларида тижорат асосида йў­ловчилар ва уларнинг мулкларини ташиш хизматини кўрсатадиган, бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган шахс ташувчи, деб бел­гиланяпти.

Муҳокамалардан сўнг ЎзХДП фракцияси «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қи­лиш тўғ­рисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик па­латасида кўриб чиқилишини маъқуллади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.