03.07.2014

ПАРТИЯ ГУРУҲЛАРИ

депутатлик назоратини кучайтириши лозим

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда семинар-тренинг ўтказди.

Унда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга масъул бўлган партия гуруҳлари ишини янада кучайтириш, жойларда пар­тиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтириш масаласи муҳокама этилди.

Алоҳида қайд этилдики, демократлаштириш жараёнининг бугунги босқичида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ўрни катта. Шу боис жойларда қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг ижроси устидан депутатлик назоратини изчил амалга ошириш, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини амалий ташаббусларда акс эттириш, электорат манфаатини қатъий ҳимоя қилиш депутатдан катта масъулият ва шунга яраша ҳаракатни талаб этади. Бунинг учун ҳар бир депутат ўз ваколатидан унумли фойдаланиши, кўпроқ сай­ловчилар ҳузурида бўлиши керак.

— Электорат манфаатла­рини ҳимоя қилиш, жойлар­да­ги муаммолар ечимини топиш қатъият билан ишлаш­ни талаб этади, — деди ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари Диёр МУРОДОВ. — Айниқса, ҳаё­тимиз ва фаолиятимизга демократик тамойиллар тобора чуқурроқ жорий этилаётган ҳозирги шароитда зиммамиздаги масъулият янада ошмоқда. Қонунчилигимизда ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамлангани халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ишини ҳар қачонгидан ҳам фаоллаштириш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, партиямиз гуруҳлари вакиллик ҳокимиятининг ҳу­дудий ривожланишга, ижтимоий масалалар жойларнинг ўзида ҳал этилишига таъсирини янада кучайтириши лозим. Электоратимиз манфаати билан боғлиқ ҳар бир масала юзасидан тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш масалаларини сессиялар кун тартибига киритиш ўз самарасини беради, деб ўй­лайман.

— Партия гуруҳлари ўз иши­ни қанча кучайтирса, давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ва аҳоли ўртасида кўприк шунча мустаҳкамланади, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи раҳбари Акрам ИНОМОВ, — Бироқ, таҳлиллар шуни кўр­сатмоқдаки, маҳаллий Кенгашлардаги айрим пар­тия гуруҳларининг фаолияти бугун замон олдимизга қўяётган талабларга жавоб бермайди. Ваҳоланки, ҳудудларда электоратимизни ўйлантираётган муаммолар бор.

Юқорида жуда тўғри таъкидланди. Қонунлар қандай ижро этилаётгани, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан назорат механизмини такомиллаштириш, шунингдек, ижро ҳокимияти органлари, мутасадди ташкилотлар вакилларининг ишга муносабатини, масъулиятини ошириш орқали электоратимиз манфаатларини янада дадил ҳимоя қиламиз.

Семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида партия гуруҳлари маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқадиган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Диёр ҲАСАНОВ,

ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш сектори мудири.



DB query error.
Please try later.