Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
03.07.2014

МИЛЛАТ ДАРДИГА ДАРМОН БЎЛМОҚ

юксак вазифа, шарафли вазифа

Ҳар бир киши, у қайси соҳада ишламасин, меҳнати эътироф этилса, хурсанд бўлади, мукофотланса, янада суюнади. Бу табиий ҳол, инсонга хос туйғу.

Матбуот ва оммавий ахбо­рот воситалари ходимлари байрами мамлакатимизда ҳар йили кенг нишонланади, ҳамкасбларимиз «Йил­­нинг энг фаол журналисти» сифатида тақдирланади, вазирлик ва ташкилотларнинг махсус совғаларини олишади.

Бироқ барча журналистлар, ноширлар, матбаачилар учун асосий мукофот бу — Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўл­лаган табригидир. Очиғини айтиш керак, биз бу табрикни ҳар гал ҳаяжон билан кутамиз, диққат билан эшитамиз, қайта-қайта ўқиб чиқамиз. Чунки унда бизнинг меҳнатимиз эътироф этилиши баробарида келгуси, долзарб вазифалар ҳам белгилаб берилади.

Табрикда таъкидланган қуйидаги сўзларга эътибор қаратайлик: «...бугунги кунда, айни шу мураккаб қалтис замонда дунёда, ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни чуқур идрок этиш, уларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун аввало одамларда мустақил фикрлаш ва яна бир бор мус­тақил фикрлашни шакллантириш талаб қилинади».

Мамлакатимиз раҳбари бу масалага нега бунчалик жиддий эътибор қаратмоқда? Нега қайта-қайта бизни доим огоҳ бўлишга, оқни қорадан ажратиб олишга даъват этмоқда? Бу бежиз эмаслигини дунёда бўлаётган бугунги воқеалар кўр­сатиб турибди. Турли кучларнинг манфаатлари тўқ­нашаётган ҳудудларда ҳаёт издан чиқмоқда, қон тўкилмоқда. Бу фожиалар бирданига рўй бераётгани йўқ, албатта. Буни амалга ошириш учун кенг кўламли ахборот хуружлари олиб борилмоқда, ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда, миллатларни бир-бирига қар­ши қў­йишга, одамларда ҳаётдан норозилик кайфиятини уй­ғотишга қаратилган бузғунчи ғоялар илгари сурилмоқда.

Кимки огоҳ бўлмаса, ­уйига бузғунчи кучлар кириб келаётганини ҳатто сезмай ҳам қолмоқда. Бу лоқайдлик жуда қимматга тушмоқда, оғир оқибатларга олиб келмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳушёрлик йўқотилса, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарво қаралса, ўз вақтида тегишли хулоса чиқариб олинмаса, ғаразли кучлар бундан дарҳол фойдаланишга киришади. Аниқроқ айтганда, мудроқ босган, мустақил фикри йўқ одамни ҳар кўйга солиш мумкин. Дунёдан огоҳ, ҳар бир масалада ўз қарашига эга бўлган кишини ҳеч ким йўлдан уролмайди. Уйғоқ, ҳушёр одамнинг уйига ўғри кирмайди.

Ахборот коммуникация воситалари тез ривожланиб бораётган ҳозирги шароитда ёлғон ахборот, маълумот тарқатиш, айниқса, мус­тақил фикрига эга бўлмаган, иродаси мўртроқ ёшларни йўлдан уришнинг янги-янги усуллари пайдо бўлмоқда. Бир қарашда жуда беозор туюлган бадиий фильмлар, китоблар, қўшиқлар, суратлар ортида ғаразли мақсадлар яширинган бўлади, беҳаёлик, зўравонлик, ваҳшийлик ва бебаҳо миллий қадриятларимизга зид бўлган бошқа ғоялар тар­ғиб этилади. Баъзан эса ҳукуматга қар­ши очиқчасига даъватлар қилинади. Улар ҳаётдаги айрим камчиликларни дастак қилиб, одамларда норозилик кайфиятини уйғотишга, миллатларни бир-бирига қайраб, низо келтириб чиқаришга уринишади. Кейинги пайтларда четда қочиб юрган аламзада кимсаларнинг бошдан-оёқ туҳмат ва сохта маълумотлардан иборат «маъруза»лари ёзилган дискларни тар­қатиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Дунёда нималар бўлаётгани ва мамлакатимизда қандай ислоҳотлар олиб борилаётгани, бу ислоҳотларнинг туб моҳиятидан етарли хабардор бўл­маган кишилар, айниқса, ёшлар бузғунчи ташвиқотлар таъсирига тушиб қолиши мумкин.

Бундай ёт ғоялар, иғволар, қўпорувчилик ҳаракатларига қарши қандай йўл билан ­курашмоқ кераклигини ­Президентимиз аниқ кўрсатиб берган: ғояга қарши ғоя билан курашмоқ керак. Бу курашда миллий ғоя, миллий мафкура бизнинг асосий таянчимиз ҳисобланади. Лекин кўп нарса журналист билими ва маҳоратига боғлиқ. Бу ҳақда турли нуқтаи назарни билдириб, узоқ баҳслашиш мумкин. Аммо бир нарса аниқ: у ёки бу масалада жамоатчилик фикрини уйғотишда, одамларда мустақил фикр­лашни шакл­лантиришда ­омма­вий ахборот воситалари катта куч, қудратли куч.

Бугунги нотинч дунёда, турли ғоялар ва манфаатлар тўқнашуви тобора авж олаётган бир шароитда сўзимиз асосли, таъсирчан, нишонга аниқ тегадиган бўлиши, мамлакатимиз, хал­қимиз манфаатини фидойи бўлиб ҳимоя этиш талаб қилинмоқда. Президентимизнинг «...бу вазифаларни жамиятнинг олдинги сафларида бўлиб келаётган сиз матбуот аҳли яхши тушунасиз, англайсиз, деб биламан», деган сўзлари ҳар биримизга катта масъулият юклайди.

Жамиятнинг олдинги сафида бўлиш учун мамлакатда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлардан, дунёвий воқеа-ҳодисалардан доимо огоҳ бўлиш, уларнинг сабаб ва мақсадларини аниқ билиш ҳамда хулосалар чиқариб олиш талаб этилади. Бунга эса, ўз навбатида, доим ўрганиш, изланиш орқали эришилади. Бугун журналист нафақат хабар тарқатади, балки жамиятни огоҳлантиради, ҳи­моя  этади.

Президентимизнинг яна бир фикри ҳаммамизнинг дил-дилимиздан ўрин олди: «...Соҳибқирон Амир ­Темур бобомизнинг «Адо­­­­­­­лат ва озодлик дастурингиз ва раҳбарингиз бўл­син. Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ вазифангиздир», деб айтган чуқур маъноли даъвати халқимизнинг фидойи фарзандларига, авваламбор, ҳамиша эл-юрт ташвиши ва манфаати билан ёниб яшайдиган сиз матбуот аҳлига қаратилган...»

Бу бизнинг касбимизга берилган жуда юксак баҳо, албатта. Шунингдек, бу эътироф биз учун улуғ шараф ва масъулият ҳамдир. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи кишига куч бағишлайди, ғайрат беради. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ учун эса, аввало, юрак ёнмоғи керак, деб ўйлаймиз. Юрак ёнмаса, кўз ёнмайди, сўз ҳам ёнмайди. Бугун одамлар носамимий гапни дарров илғайди, дабдабали умумий гапларни эшитгиси келмайди. Юрак ёниши, сўз ёниши учун эса мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишлардан «бу ютуқлар меники», дея чинакамига қувониш керак бўлади. Одамлар дардини юрагидан ўтказиб, ўз дардидай билиб, қайғурган журналистнинг сўзи ёниқ ва таъсирчан бўлади. Эл-юрт шаънига отилган тошга кўксини тутадиган жасоратли журналист миллат дардига дармон бўла олади.             

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


DB query error.
Please try later.