01.07.2014

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ПАЙТИДА

ижтимоий мажбуриятлар ҳисобга олинади

Фуқаро қонунда ҳамма масала содда ва тушунарли бўлишини истайди. Қонун матнини бир ўқиган одам унинг асосий маъно-моҳиятини тушунмаса, ўзининг ҳуқуқ ва манфаатларини, янгилик ва имкониятларни илға­маса, фаоллик кўрсатмайди.

Қонун матни нафақат мутахассис учун, балки энг аввал оддий одамлар учун тушунарли бўлиши зарур.

Маълум қонун фақат муайян идоранинг фаолиятини мувофиқлаштириш учунгина эмас, давлат ва жамият, халқ манфаатини кўзлаб қабул қилинади. Буни асло унутмаслик керак.

ЎзХДП фракцияси йиғилишида «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётганда шу масалага алоҳида эътибор қа­ратилди.

Депутатлар қонун лойиҳасида белгиланаётган меъёрларни аниқ ва янада тушунарли тарзда ифода этиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдиришди.

Гап шундаки, мустақилликка эришганимиздан буён хусусийлаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида соҳага оид бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонунчилик ташаббусига асосан юртимизда хусусийлаштириш билан боғлиқ муносабатлар тобора та­комиллашиб бормоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилиб, парламентда муҳокама этилаётган «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иқтисодиётимизни илғор мезонлар асосида тубдан ислоҳ қилишда муҳим ҳужжат бўлиши кутиляпти. Шунинг учун жамоатчилик, фуқаролар мазкур қонун лойиҳасининг парламент­даги муҳокама ва таҳлилларига диққат билан қа­раяпти.

Давлат мулки бўлган хусу­сийлаштириш объектларига нималар киради? Хусусийлаштирилмайдиган объектларгачи? Давлат мул­ки бўлган объектларни хусу­сийлаштириш учун таклифлар ва буюртмалар қандай шакллантирилади? Хусусийлаштириш дастури ло­йи­ҳасини тайёрлашда юридик ва жисмоний шахс­ларнинг буюртмалари ҳи­собга олинадими-йўқми? Олинса, унинг тартиби қандай бўлади? Бугун бу каби саволлар кўпчиликни бефарқ қол­дираётгани йўқ.

«Хусусийлаштириш тўғ­рисида»ги қонун лойиҳа­сида хусусий сектор улу­шини кенгайтириш ва кў­пайтириш, хусусийлаштириш битимларининг очиқ­лиги ва ошкоралигини таъминлаш, инвесторларнинг барча тоифаларига бир хил қулайликлар яратиш, бу борада замонавий стратегия ишлаб чиқиш ҳамда амалдаги хусусийлаштириш амалиётини тартибга солиш масалалари кўзда тутилган.

— Қонун лойиҳасида асосий тушунчаларга таъриф берилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик па­латасидаги ЎзХДП фрак­цияси аъзоси Абдуқаҳҳор Юсупов. — Хусусан, «инвес­тициявий мажбуриятлар» ва «ижтимоий мажбуриятлар» каби тушунчаларга таърифлар келтирилаётгани, шунга мувофиқ равишда тегишли меъёрлар кўзда тутилаётгани хусусийлаштириш жараёнларини ҳар томонлама такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

ЎзХДП фракцияси хусусийлаштириш масаласига партия Дастурида белгиланган вазифалар нуқтаи назаридан ёндашиб келяпти. Фракция аъзоларининг қайд этишича, хусусийлаштириш жараёнларининг самарали йўлга қўйилиши иш ўринлари ташкил этиш, сақлаш, барқарорлигини таъминлаш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан бойитиш, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ижобий таъсир этиши билан аҳамиятли.

ЎзХДП фракцияси хусусийлаштириш масаласида шошма-шошарлик мақсад­га мувофиқ эмаслигини айтиб, бир қатор таклифларни масъул қўмитага тақдим этган эди. Фракция аъзоларининг таъкидлашича, давлат мулки бўлган объектларнинг хусусийлаштирилиши маълум ҳолларда мазкур объект билан боғлиқ меҳнат жамоа­лари манфаатлари, қонуний ҳақ-ҳуқуқларига узвий алоқа­дордир.

Хусусийлаштиришнинг мақ­сади давлат мулкини имкон қадар тез муддатда бошқа шахсга сотиш бўлмаслиги ке­рак. Аксинча, муайян объект ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни ривожлантириш кафолатлари таъминланган ҳолда хусусийлаштирилиши лозим. Қонун лойиҳаси билан яратилаётган ҳуқуқий тизим, аввало, шунга хизмат қилиши талаб этилади.

Масъул қўмита ЎзХДП фрак­циясининг бу борадаги таклифлари қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ҳисобга олинганини, ижтимоий ва инвестициявий мажбуриятлар, хусусийлаштириш натижасида ташкил этилган юридик шахс ходимларининг ижтимоий кафолатлари, деб номла­наётган моддаларга тегишли ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.

Қонун лойиҳасига кўра, хусусийлаштириш тегишли объектни танловларда, ким­ошди, биржа савдоларида, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш ва бошқа усулларда бўлиши белгиланаяпти. Мана шу жараёнлар билан боғлиқ ахборотлар очиқ бўлиши ва эълон қи­линиши муҳимдир. Қонун лойиҳасида бу масала алоҳида инобатга олинган.

Унга мувофиқ, давлат мулки бўлган объектларни хусусийлаштириш ҳақидаги ахборотлар ваколатли давлат органи томонидан омма­вий ахборот воситаларида, шу жумладан, ваколатли органнинг расмий веб-сайтида савдоларга қўйилишидан камида ўттиз кун аввал эълон қилиниши кўзда тутилмоқда. Бундай ахборот давлат мулки бўл­ган объект­ни хусусийлаштириш тўғ­рисидаги қарорда кўрсатилган бар­ча маълумотларни, сотувчи, савдоларнинг вақти, жойи ва шакли, уларни ўт­казиш пред­мети ва тартиби билан боғлиқ маълумотларни, шунинг­дек, савдоларда иштирок этишни расмийлаштириш, бошланғич нарх ҳа­қидаги маъ­лумотларни ўз ичига олиши лозим. Савдоларнинг натижалари тўғрисидаги ахборот ваколатли орган томонидан ўша объект ҳа­қида ахборот эълон берилган оммавий ахборот воситаларида (битим тузилган санадан бошлаб ўттиз кун мобайнида) эълон қилиниши белгила­няпти.

Давлат мулки бўлган ­объ­ектларни хусусийлаштириш ҳақидаги ахборотларни эълон қилиш масаласи қо­нун лойиҳасида атрофлича қамраб олингани бежиз эмас, албатта.

ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини ҳар томонлама кўриб чиқиш жараёнида ­хусусийлаштириш билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик назорати кафолатини яратиш, маҳаллий вакиллик органларининг ўр­нини белгилаш масалаларида таклифлар берди. Депутатлар бу борадаги таклифлар яқин­­да Конститу­циямизга киритилган ўзгартириш ва қў­шимчалар мазмун-моҳияти­га мувофиқ келишини таъкидлашди.

Фикр-мулоҳазалардан сўнг фракция қонун лойиҳасини маъқуллаб, қарор қабул қилди.

Масъул қўмита қонун ло­йиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси муҳокама­сига тайёрлаш чоғида берилган таклифларни ҳисобга олади, охир-оқибат қо­нун мукаммал тарзда қабул қилинади, деб ўйлаймиз.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.