28.06.2014

МУЛОҲАЗА. МУҲОКАМА. МУНОЗАРА: СИЁСИЙ ПАРТИЯ ГАЗЕТАСИ

Дилдора КАТТАЕВА, «Навоий ёшлари» газетаси масъул котиби, «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови совриндори:

— Бугун Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёт йўли дунё мамлакатларининг кўпчилигида намуна сифатида кўрсатилаяпти. Бу — тўғри танланган стратегия самарасидир. Республикамиздаги сиёсий нашрлар фаолиятига назар ташлайдиган бўл­сак, уларда ана шу жараён имкон қа­дар кенг ёритилаётганига гувоҳ бўламиз. Бироқ баъзи бир камчиликлар ҳам йўқ эмас.

Сиёсий партия нашри, энг аввало, инсонларнинг ижтимоий-сиёсий онгига таъсир кўрсатадиган қудратга эга бўлиши лозим. Хориждаги кўпгина сиёсий партиялар газеталарини кузатсангиз, уларда депутатлар газетхонларнинг турли соҳаларга оид саволларига жавоб беради, одамларни ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш юза­сидан ўз мулоҳазаларини билдиради, шунингдек, партия етакчилари дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдиради, партия позициясидан келиб чиқиб шарҳлаб боради. Бу тажрибани биздаги партия нашрлари ҳам кўпроқ қўлласа ўқувчилар сафи янада кенгаяди, одамлар орасидаги нуфузи юксалади.

Бундан ташқари, сиёсий партия нашрининг аҳоли ўртасида оммалашувида фотолавҳаларнинг ҳам ўрни катта. Баъзан тўрт-беш бетли мақоладан кўра, битта жонли, таъсирчан сурат ва унга ёзилган шарҳ жамоатчилик фикрини шакллантиришда самаралироқ восита бўлиши мумкин. Шу маънода ижтимоий-сиёсий нашрлар мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор беришлари керак, деб ҳисоблайман.

Ҳамкасблардан партиялар томонидан ташкил этилаётган тадбирлар баъзан зерикарли ўтиши ҳақида эшитиб қоламан. Шундан бўлса керак, улар газетада ҳам қизиқарли ёритилмайди. Узундан-узун қўшма гаплар, шарҳсиз берилган мураккаб сиёсий терминлар туфайли материаллар газетхонни ўзига жалб этмайди. Бироқ «Ўзбекистон овози» газетасида сўнгги вақтларда ташкил этилган «Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилинг», «Биз Ўзбекистон Халқ демократик партиясига хайрихоҳмиз» рукнларига кўпчилик томонидан қизиқиш билдирилмоқда.

Анвар ЮСУПОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси битирувчиси:

— XXI асрда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётнинг барча соҳаларига, хусусан, журналистикага шиддат билан кириб келаётганига қарамай, босма нашрлар ўзининг эстетик имкониятлари ва аҳоли орасидаги нуфузи жиҳатидан давлат ахборот сиёсатининг энг асосий воситаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Аслида газеталар бошқа оммавий ахборот воситалари каби ахборотни тўплаш, қайта ишлаш, таҳлил этиш ҳамда тарқатиш билан шуғулланади. Аммо партия нашрлари фақатгина мазкур функцияларни бажариш билан чекланмай, халқнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий дунёқарашини шакллантириш масаласига ҳам катта эътибор қаратиши керак. Бугун дунёнинг турли бурчакларида демократия ниқоби остида ҳар хил мафкуравий-ахборот хуружлари авж олаётган бир пайтда партия нашрлари давлатнинг мустаҳкам сиёсий ва ғоявий қалқони, халқнинг, айниқса, ёш авлоднинг бу борадаги ишончли ҳимоячиси бўлиши талаб этилади.

Таъкидлаш лозимки, тармоқ нашрлари асосан маълум бир соҳадаги ислоҳотларни ёритиш ва тарғиб қилиш, маҳаллий нашрлар фақат муайян ҳудудлардаги аҳолига хизмат кўрсатиш, кўнгилочар газеталар эса, ўз номи билан ўқувчиларнинг бўш вақтини самарали ўтказишга қаратилган бўлади. Бироқ сиёсий партия нашри улардан фарқли равишда, аҳолининг барча қатламини қамраб олиши, ҳамма хонадонга кириб бориши, бир сўз билан айтганда, халқ билан ҳамдам-у ҳамдард бўлиши керак.

Менимча, партия газеталари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўзининг бошқалардан ажралиб турадиган, мустаҳкам позициясига эга бўлиши лозим. Лекин бу баъзи ўарб давлатлари сиёсий партиялари газеталарида учраб турадиган — бошқа партиялар билан асоссиз зиддиятлар, даҳанаки баҳслар ҳамда бачкана тортишувлар минбарига айланиши керак, дегани эмас. Аксинча, халқимизга хос зукколик билан одамларга ўз позициясини намоён этиши, бу борада бошқа сиёсий партиялар қарашларини асосли танқид қилиши керак. Яъни, матбуотда пар­тиялар ўртасидаги ғоя ва фикрлар хилма-хиллигининг акс этиши, халқнинг бирлашишига хизмат қилиши зарур.

Наргис ҲАСАНОВА, журналист:

— Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлишида сиёсий партия нашрларининг ўрни беқиёс.

Партия газетаси, энг аввало, эркин ва ўз овозига эга бўлиши, ислоҳотлар жараёнига партия нуқтаи-назаридан келиб чиқиб муносабат билдириши лозим. Шунингдек, аниқ мақсад вазифаларга эга сиёсий нашрлар фақатгина шакл-шамо­йилга эмас, мазмунга кўпроқ эътибор қаратиши, мавжуд муаммо ва камчиликларни дадил, ҳаққоний ва холис ёритиши керак. Кўпроқ таҳлилий-танқидий материаллар газетанинг нуфузи ва қадрини оширади. Бу газетхон учун жуда муҳим.

Фикримча, бугун юртимиздаги сиёсий партия газеталарида мавзулар ранг-баранглиги етишмаётгандек. Масалан, уларда одамларни сиёсий партия ғоя ва қарашларига эргаштириш, уларни ўзи мансуб бўлган сиёсий кучга ишончини оширишга масъул бўлган депутатлар, айниқса, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг чиқишларини етарли деб бўлмайди. Аслида, партия нашри депутатлар ва сайловчилар учун минбарга айланиши керак. Умуман, ўқувчи газетани варақлаганда ўзи учун фойдали ахборот ва маълумотлар олиши лозим.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Дилшод НАРЗУЛЛАЕВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.